• Ср. Мар 26th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон ва Франция икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтарди. Асосийлар


12 март куни Париж шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэль Макрон Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилди. Ўзбекистон ТИВ ва Елисей саройи ҳужжат матнини ўзбек ва француз тилларида эълон қилди.

Ҳужжат томонларнинг сиёсий, иқтисодий ва гуманитар мулоқотни чуқурлаштириш истагини тасдиқлайди.

Томонлар ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқлилик ва суверенитетга ҳурмат асосидаги икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ва диверсификация қилишга келишиб олди. Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдириб, минтақа давлатлари раҳбарларининг учрашувлари муҳимлигини таъкидлади. Томонлар, шунингдек, БМТ ва ЕХҲТ тамойилларига содиқликларини тасдиқлади.

Франция Ўзбекистон-2030 стратегиясини амалга оширишга ҳисса қўшишга ва Ўзбекистонда демократия ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда давом этишга тайёр.

Иккала томон ҳам гендер тенглиги соҳасидаги узоқ муддатли ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва аёлларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига қарши курашишга содиқлигини тасдиқлайди.

Декларацияда икки давлатнинг ЮНЕСКО доирасидаги, жумладан, маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлиги қайд этилган. Маданий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилади.

Франция ва Ўзбекистон мудофаа, жумладан, мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ниятини маълум қилди. Мудофаа ва хавфсизлик масалалари, жумладан, сиёсий, ҳарбий ва мудофаа саноати соҳаларида мунтазам стратегик мулоқотлар ўтказиш кўзда тутилган.

Маслаҳатлашувлар глобал стратегик муҳит, минтақавий муаммолар, терроризмга қарши кураш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, қурол назорати, энергия хавфсизлиги, фуқаро мудофааси, гибрид таҳдидлар, дезинформация, илғор технологиялар ва сунъий интеллектни қамраб олади.

Франция ва Ўзбекистон малакали мутахассислар ва ишчиларнинг қонуний ва уюшган миграциясини тартибга солиш, шунингдек, ноқонуний миграцияга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш ниятида. Шу нуқтаи назардан, давлат раҳбарлари мутахассислар ва талабалар ҳаракатчанлиги, шунингдек, қайта қабул қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувларни имзолаш муҳимлигини таъкидламоқда.

Президентлар жиноятчиликка қарши курашда ахборот алмашинувини кучайтириш ва икки давлат хавфсизлик тузилмалари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ниятида.

Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш истагини тасдиқлаб, қуйидаги соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим ролини таъкидлади:

  • аэрокосмик, энергетика (энергия ишлаб чиқариш, энергия балансини оптималлаштириш, энергия алмашинуви, электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш, энергия самарадорлиги) ва саноат;
  • геологик қидирув ва фойдали қазилмалар;
  • коммунал хизматлар (шу жумладан, иссиқлик, сув таъминоти, канализация, чиқиндиларни бошқариш ва бошқалар);
  • сув ресурсларини бошқариш; транспорт инфратузилмаси ва ускуналари; логистика;
  • туризм, маданий меросни асраш ва тоғли ҳудудларни ривожлантириш;
  • молиявий хизматлар.

Томонлар, шунингдек, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, ишлаб чиқариш (жумладан, тўқимачилик), шаҳарсозлик ва қурилиш (шу жумладан, «Янги Тошкент» лойиҳаси), маданий ва креатив саноат, инновацион ва илғор технологиялар каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро алоқаларни ривожлантириш ниятида.

стратегик шериклик, франция, шавкат мирзиёев, эммануэль макрон

Муҳим фойдали қазилмалар соҳасида шерикликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистонни ЖСТга аъзо бўлиш йўлида қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари ўзаро инвестицияларни кўпайтириш ва бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш ғоясини қўллаб-қувватлади. Декларация, шунингдек, транспорт алоқаларини кенгайтириш, жумладан, ЕИнинг «Глобал дарвоза» стратегияси доирасидаги келишувни ҳам белгилайди.

Томонлар Париж келишуви доирасида иқлим сиёсати масалалари бўйича ҳамкорлик қилишга, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурсларини бошқариш масалаларига эътибор қаратишга тайёр эканини тасдиқлади.

Шунингдек, Ўзбекистон президентининг Францияга давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон аъзо бўлган одамлар ва сайёралар учун Париж пакти (4P) доирасида иқлим ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни мувофиқлаштиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Франция тараққиёт агентлиги Ўзбекистонда экология, энергия тежамкорлик ва сув таъминотини яхшилаш, жумладан, Орол денгизи экотизимини тиклаш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда давом этади.

Таълим ва фан икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бирига айланди. Декларация Франция-Ўзбекистон университетининг очилишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, талабалар ҳаракатчанлиги дастурларини кенгайтиришни ўз ичига олади. Ўзбекистон мактаб ва олий ўқув юртларида француз тилини ўқитишни янада ривожлантириш тарафдори эканини билдирди.

2022−2023 йилларда Лувр ва Араб дунёси институтида тақдим этилган икки кўргазма муваффақиятидан келиб чиқиб, иккала томон ҳам маданий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш ниятини эълон қилади. Улар Тошкентда француз-ўзбек маданият марказини ташкил этиш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади.

Томонлар, шунингдек, маданий соҳадаги ҳамкорликни, жумладан, қўшма археология ва музей лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, реставрация соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, кино ишлаб чиқаришга кўмаклашиш ва ОАВ соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ниятида.

стратегик шериклик, франция, шавкат мирзиёев, эммануэль макрон

Дезинформацияга қарши кураш ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Мамлакатлар медиатаълим соҳасида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқади, мустақил журналистлар ва ОАВ малакасини оширишни қўллаб-қувватлайди.

2024 йилда Парижда Олимпия ўйинларининг муваффақиятли ўтказилгани контекстида, айниқса, спорт соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим йўналиш сифатида эътироф этилди.

Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларациядан ташқари, Ўзбекистон ва Франция ўртасида мутахассислар ва талабалар ҳаракатчанлиги, Ўзбекистон-Франция университетини ташкил этиш, Тошкент ва Париж ўртасида шериклик ўрнатиш тўғрисидаги шартномалар ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланди. Рўйхат.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *