• Сб. Мар 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Биз рози, фақат нюанcлар бор». Путин — Украина билан вақтинча сулҳ ҳақида


Россия президенти Владимир Путин АҚШнинг Украина билан 30 кунлик сулҳ жорий этиш ҳақидаги таклифига изоҳ берди. 11 март куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган музокараларда Украина томони РФ ҳам қабул қилиши ва амалга ошириши шарти билан вақтинчалик сулҳга рози бўлганди.

«Биз жанговар ҳаракатларни тўхтатиш бўйича таклифларга қўшиламиз, бироқ у узоқ муддатли тинчликка олиб келадиган ва инқирознинг дастлабки сабабларини бартараф қиладиган тўхтатиш бўлиши керак», — деди Путин 13 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

У Украина Курск вилоятидаги «ривожланаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда» жанговар ҳаракатларни тугатиш учун «америкаликлардан ёрдам сўраган бўлиши» кераклигига ишонч билдирди. Путиннинг сўзларига кўра, агар яқин кунларда у ерда «жисмоний блокада» содир бўлса, Украина армиясида «фақат иккита йўл қолади: таслим бўлиш ёки ўлиш». «Мана шундай шароитда, назаримда, Украина томони учун камида 30 кунлик сулҳга эришиш жуда яхши бўларди. Биз бунга розимиз, фақат нюанслар бор», — деди Путин.

«Курск вилоятидаги бу ҳудудни нима қиламиз? Агар биз 30 кун давомида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатсак, бу нимани англатади? У ердагиларнинг ҳаммаси жангсиз чиқиб кетадими?.. Ёки Украина раҳбарияти уларга қуролни ташлаб, шунчаки таслим бўлиш ҳақида буйруқ берадими?» — савол қўйди Путин.

У, шунингдек, унинг сўзларига кўра, узунлиги қарийб 2000 км бўлган алоқа линияси бўйлаб ўт очишни тўхтатиш режимига риоя этилишини назорат қилиш масаласини ҳам кўтарди.

Путиннинг айтишича, Россия Украина ўт очишни тўхтатиш режимидан сафарбарлик, қўшинларни тайёрлаш ва қурол-яроғ олишда давом этиш учун фойдаланмаслигига кафолат хоҳлайди. «Бундай нарса содир бўлмаслигига қандай кафолат олишимиз мумкин? Назорат қандай ташкил қилинади?» — деди у.

«Демакки, ғоянинг ўзи тўғри ва биз уни сўзсиз қўллаб-қувватлаймиз, аммо муҳокама қилишимиз керак бўлган масалалар бор. Менимча, биз бу ҳақда америкалик ҳамкасбларимиз ва ҳамкорларимиз билан гаплашишимиз, балки президент Трампга қўнғироқ қилиб, у билан муҳокама қилишимиз керак. Аммо бу можарога тинч йўл билан барҳам бериш ғоясининг ўзи биз томондан қўллаб-қувватланмоқда», — дея хулоса қилди Путин.

АҚШ президенти Дональд Трамп Путиннинг баёнотини «умидли… лекин тўлиқ эмас» деб атади.

«У жуда умидли баёнот берди, лекин тўлиқ эмас, — деди Трамп НАТО бош котиби Марк Рютте билан матбуот анжуманида. — Мен улар билан учрашишдан ёки у билан гаплашишдан хурсанд бўлардим, лекин биз буни тезроқ ҳал қилишимиз керак».

«Якуний келишувнинг кўплаб тафсилотлари, аслида, муҳокама қилиниб бўлди. Энди биз Россия уларга розими ёки йўқлигини кўриб чиқамиз, агар бўлмаса, бу бутун дунё учун жуда нохуш вазият бўлади», — дея қўшимча қилди Америка президенти.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *