Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда Наманган ва Нукус шаҳри жамоат транспорти тизими такомиллаштирилади, деб хабар берди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
Унда айтилишича, мамлакатдаги шаҳар ва туманларни экологик тоза жамоат транспорти билан тўлиқ таъминлаш, хусусан, Наманган ҳамда Нукус шаҳри жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш ва аҳолига қулай йўловчи ташиш хизматларини яратиш мақсадида ЕТТБ билан ҳамкорликда йирик лойиҳага бошланмоқда.
ЕТТБ молиялаштираётган лойиҳа жамоат транспорт тизимини халқаро талабларга мос равишда модернизация қилишни назарда тутади. Лойиҳа доирасида замонавий ҳаракат таркибларини харид қилиш ва электробус парки (депо) ташкил этиш кўзда тутилган. Буюк Британиянинг Atkins компанияси лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқади.
Банкнинг Осиё минтақасидаги вакили Надежда Ключникова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманган шаҳри ҳокими Анваржон Отаходжаев билан учрашувда лойиҳанинг амалий қадамларини муҳокама этди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Ўзбекистон яна ЕТТБнинг Марказий Осиёда молиялаштириш бўйича етакчи давлатига айланди; банк йил давомида мамлакат иқтисодиётига 938 млн евро сармоя киритди. Маблағларнинг ярмидан кўпи яшил иқтисодиёт лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.