Венгрия уч нафар россияликни санкциялар остидан чиқаришга эришди. Улар орасида тадбиркор Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова ҳам бор, деб ёзмоқда Meduza.

Қайд этилишича, Венгрия Европа Иттифоқининг икки мингдан ортиқ россияликка нисбатан санкцияларни олти ойга узайтириш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлашга рози бўлган.

Ўз навбатида, мамлакат санкциялар рўйхатидан саккиз нафар россияликни, жумладан, тадбиркорлар Михаил Фридман ва Алишер Усмоновни чиқаришни талаб қилиб, санкцияларнинг амал қилиш муддатини узайтирмаслик ҳақида огоҳлантирган. 2024 йил февралда Европа суди миллиардер Алишер Усмоновнинг ўзига Россиянинг Украинага босқини сабабли ЕИ томонидан қўйилган санкцияларни бекор қилиш ҳақидаги апелляциясини рад этганди.

Bloomberg маълумотларига кўра, бу жараёнда Венгрия уч нафар россияликни санкциялар таъсиридан чиқаришга муваффақ бўлган. Агентлик россияликларнинг исмларини очиқламади, бироқ улар орасида Фридман йўқлигини қайд этган.

«Система» тадқиқот лойиҳасининг Европа Иттифоқи дипломатик доираларидаги манбаларига таяниб хабар беришича, қуйидагилар санкциялар рўйхатидан чиқарилиши мумкин:

  • Гулбаҳор Исмоилова — Алишер Усмоновнинг синглиси, унинг хориждаги активларининг бир қисмига эгалик қилади. 2022 йил 8 апрелда Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган (13 апрелда Буюк Британия ҳам унга санкция қўллаган).
  • Михаил Дегтярев — Россия спорт вазири, Давлат думасининг собиқ депутати.
  • Вячеслав Моше Кантор — тадбиркор, Европа яҳудийлари конгрессининг собиқ раҳбари.

Европа Иттифоқининг бу ва бошқа шахсларга қарши санкциялари Россиянинг Украинага қарши босқинчилик урушига жавобан жорий этилган. Тез орада расмий қарор қабул қилиниши кутилмоқда, деб қўшимча қилди лойиҳа.

Венгрия расмийлари бир неча бор Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларини узайтиришга вето қўйиш билан таҳдид қилиб, Брюсселдан ён беришга эришган. Натижада ҳар сафар Венгрия ҳукумати санкция чораларини узайтиришни қўллаб-қувватлаб келади.