• Ср. Апр 23rd, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

таклиф ўсиши секинлашди, талаб пасайди – Ўзбекистон янгиликлари – Dunyouzbeklari.Com



Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2024 йил учун уй-жой бозори шарҳини эълон қилди.

Унга кўра, йил давомида мамлакатда 100 мингдан ортиқ хонадонга эга кўп қаватли уй-жой қурилган бўлиб, бу 2023 йилга нисбатан (200 мингта) икки баравар кам. Шунингдек, йил давомида рўйхатдан ўтган уй-жой олди-сотди битимлари сони ўтган йилга нисбатан 5,8 фоизга пасайган, ипотека кредитларининг ўсиш суръати эса секинлашган.

Уй-жой таклифи

2017 йилдан бошлаб мамлакатда уй-жой қурилиш суръати кескин ошиб, уй-жой таклифи кўпайиб келаётганди. Хусусан, 2010−2016 йилларда квартиралар сони 400 минг донага кўпайган бўлса, ўтган 7 йилда бу кўрсаткич 1,65 миллионтага кўпайди.

Хусусан, 2024 йилда 100 мингдан ортиқ хонадонга эга бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, уйлар сони 7,6 миллионтага етган. Лекин 2024 йилда уй-жойлар сони кўпайиши суръати пасайди, 2022 ва 2023 йилларда уйлар сони йилига 200 мингтадан кўпайган эди.

Шунингдек, 2012−2017 йилларда йилига ўртача 11 млн квадрат метр турар-жой фойдаланишга топширилган бўлса, 2018−2023 йилларда бу кўрсаткич 14 миллион квадрат метрга етганди.

Натижада аҳолининг уй-жой билан таъминланганлик даражаси 2017 йилдаги 15,7 квадрат метрдан 2024 йилда 19 квадрат метрга етди. Мазкур кўрсаткич Озарбайжонда 21 квадрат метрни, Қозоғистонда 23,9 квадрат метрни, Россияда 28,8 квадрат метрни, Қирғизистонда эса 12,7 квадрат метрни ташкил этади.

Уй-жойга бўлган талаб

Ўзбекистонда уй-жой таклифи билан бирга унга бўлган талаб ҳам ўтган йилларда ошиб борди. 2019−2021 йилларда уй-жой бозорида фаоллик кескин ошиши кузатилган бўлса, 2022 йилдан бошлаб фаоллик барқарорлашиш фазасига ўта бошлаган. Хусусан, 2019−2021 йилларда шартномалар сони йилига 10 фоиздан юқорироқ ўсиб келган бўлса, 2022 йилда ўсиш 3,8 фоиз ва 2023 йилда 5,7 фоизга тушган.

«2024 йилда рўйхатдан ўтган уй-жой олди-сотди битимлари сони ўтган йилга нисбатан 5,8 фоизга пасайиб, жами 256,6 минг донани ташкил этди. Йиллик ҳисобда уй-жой битимларидаги пасайиш 2024 йилнинг февраль-сентябрь ойларида кузатилиб, йил сўнггига келиб битимлар битимлар сонида ойлик ҳисобда ўсиш кузатила бошланди», — дейилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида.

Ипотека кредитлари уй-жойга бўлган талабни қўллаб-қувватловчи асосий омил бўлиб, 2017−2024 йилларда кредитлаш ҳажми 4,3 баравар, кредитлар қолдиғи эса 7 бараварга кўпайган.

Лекин 2023−2024 йилларда ипотека кредитлари ўсиш суръати секинлашди. 2022 йилдаги кескин кўтарилишдан сўнг, кредитлаш ҳажми 2023 йилда 12 фоизга, 2024 йилда 6 фоизга ўсган.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда иккиламчи бозор учун кредитлар ҳажми кўпайиб бормоқда.

2019−2022 йилларда ажратилган ипотека кредитларининг 90 фоизи бирламчи бозор учун ажратилган бўлса, 2023−2024 йилларда бу кўрсаткич 60 фоизга тушган. Умуман олганда, 2019 йил билан солиштирганда ипотека кредитларининг ўсиши асосан иккиламчи бозор ҳиссасига тўғри келган.

Марказ ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил январь ҳолатига тижорат ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 25,3 фоизга тенг бўлган (22 та тижорат банкининг жами 43 та ипотека кредити таклифини ўрганиш асосидаги маълумотлар).

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йил бўйича тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан ажратган ипотека кредитларининг ўртача фоиз ставкаси 24,8 фоизни ташкил этган.

2025 йил учун кутилмалар

Марказ шарҳида 2025 йилда ҳам уй-жой бозорида талаб ва таклифни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар давом эттирилиши кўзда тутилганини қайд этилган.

Хусусан, 2025 йилда Ўзбекистонда 120 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган бўлиб, уй-жой дастурларини молиялаштиришга бюджетдан 15,5 трлн сўм, банклар томонидан эса қўшимча 10 трлн сўм йўналтирилиши режалаштирилган.

Аввалроқ Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги тушиб бораётганини қайд этганди. 2025 йил январь ойида бу кўрсаткич ўтган йилнинг февраль ойидаги 32,4 фоиздан 7,6 фоизгача тушган. Баъзи ҳудудларда салбий даромадлилик қайд этилди, бу эса банкка омонат қўйишни янада фойдалироқ қилмоқда, дея таъкидлаган МҲТИ.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *