• Чт. Май 1st, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади


Президент Ўзбекистонда 2025 йилда Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Мақсад — Имом Мотуридийнинг «ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганишни рағбатлантириш, мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларни ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш».

Юбилей учун бош вазир бошчилигида ташкилий қўмита тузилади. У икки ҳафта ичида 2025 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида «Мотуридийлик — бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиши лозим.

Шунинндек, ташкилий қўмита қуйидаги чора-тадбирлар режасини таъминлайди:

  • хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, ғолиблар иштирокида Ўзбекистонда маданий-маърифий учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этиш;
  • Имом Мотуридийнинг «Таъвилот ал-Қуръон» ва «Китоб ат-тавҳид» асарлари ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр этиш;
  • Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишланган эсдалик сувенирларини муомалага чиқариш ҳамда почта маркалари, тақвимлар, буюк мутафаккирнинг ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берадиган бошқа кўргазмали ахборот воситалари туркумини яратиш;

Бундан ташқари, алломанинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм яратиш, Самарқанд шаҳридаги мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ҳам кўзда тутилган.

Самарқанд вилоятида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти йўналишида фаолият олиб борган алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий меросига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари ҳамда китоблари кўргазмаси ташкил этилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда 2025 йил май ва октябрь ойларида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон» мавзусида республика илмий-амалий конференциясини ҳамда илмий мақолалар танловини ўтказади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига имом-хатиблар ҳамда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида «Мотуридийлик таълимоти билимдони» танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тавсия этилди.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига Маданий мерос агентлиги билан биргаликда хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига мансуб алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросига оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни тизимли равишда ташкил этиш топширилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *