13 март куни Россия президенти Владимир Путин билан жуда яхши ва самарали музокаралар ўтказдик, деб ёзди АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
«Бу даҳшатли, қонли урушни ниҳоят тугатиш учун жуда яхши имконият пайдо бўлди. Бироқ айни пайтда минглаб Украина аскарлари рус ҳарбий кучлари томонидан тўлиқ қуршаб олинган ва жуда хавфли ҳамда заиф аҳволда қолган. Мен президент Путиндан уларнинг ҳаётини сақлаб қолишни қатъий сўрадим. Акс ҳолда, бу Иккинчи жаҳон урушидан бери кўрилмаган даҳшатли қирғин бўларди. Уларнинг барини Худо ўз паноҳида асрасин!» — дейди Трамп.
Аммо хабардан Қўшма Штатлар етакчиси Россия президенти билан шахсан гаплашганми ёки гап Путин ва Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ўртасидаги музокаралар ҳақида кетяптими — англашилмайди.
Владимир Путин ва АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ўртасидаги музокаралар 13 март куни ёпиқ тарзда бўлиб ўтди. Улар, жумладан, АҚШнинг Украинадаги фронтда 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш таклифини муҳокама қилиши кутилганди. Аввалроқ Киев бу ғояни қўллаб-қувватлаган.
Оқ уй учрашувда нималар муҳокама қилингани ҳақида хабар бермади, бироқ Уиткоффнинг ташрифи натижасини «эҳтиёткорона оптимизм» билан баҳолаш мумкинлигини билдирди. Кремлдагиларнинг айтишича, учрашувда «Россия томонига қўшимча маълумотлар тақдим этилган». Путин эса, ўз навбатида, Уиткофф орқали Трампга маълумот ва «қўшимча сигналлар» берган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, учрашувдан сўнг ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларга нисбатан «эҳтиёткорона оптимизмни ҳис қилишга асос бор».
Бир кун аввал Владимир Путин Россия АҚШнинг Украина билан вақтинчалик сулҳ таклифини қўллаб-қувватлашини, бироқ «нюанслар бор»лигини айтди, масалан, Курск вилоятидаги ҳарбий ҳаракатлар. Москва, шунингдек, Киев бу вақтдан қайта қуролланиш учун фойдаланмаслигига кафолат хоҳлайди, дея қўшимча қилди у.
АҚШ президенти Дональд Трамп Путиннинг баёнотини «умидли… лекин тўлиқ эмас» деб атади.