Қирғизистон президенти Садир Жапаров Марказий Осиё давлатларига ўзаро визасиз режимни жорий этиш ва чет эл фуқаролари учун Шенген визасига ўхшаш ягона виза яратишни таклиф қилди.
«Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро визасиз режимни, бошқа давлатлардан келган меҳмонлар учун эса Шенген визаси каби минтақанинг барча мамлакатлари бўйлаб эркин ҳаракатланиш имконини берувчи ягона визани жорий этиш жараёнини бошлаши керак», — деб ёзди давлат раҳбари Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан давлат чегараси тўғрисидаги шартномани имзолаш якунлари бўйича Facebook саҳифасида.
«Ипак йўли» умумий визаси (Silk Road Visa) ғояси 2018 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон Ипак йўли мамлакатлари томонидан виза режимларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимларни имзолаганида билдирилганди. Ўзбекистон томони ўшанда Қирғизистон ва Тожикистон қўшма визага қизиқиш билдираётганини, Туркманистон эса ҳозирча истиқболни ўйлаётганини таъкидлаганди. Қозоғистон эса ушбу лойиҳага Озарбайжон ва Туркияни қўшишни таклиф қилган.
2020 йилда ушбу режаларга пандемия тўсқинлик қилган бўлса-да, ҳужжат ҳақиқатга яқинлашаётгани, шунингдек, мамлакатлар ўзаро келишиб олишни режалаштирган лойиҳа бўйича саволлар борлиги хабар қилинганди.
2022 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон «Осиё шенгени» лойиҳасини муҳокама қилишда давом этаётгани ҳақида хабарлар тарқалди, ўша пайтда лойиҳада иштирок этувчи давлатлар томонидан виза мақоми ва ҳуқуқий тартибга солиш режимини белгиловчи низом келишиб олинаётганди.
Садир Жапаров ўз баёнотида, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги 101 йил (1924 йилдан бери) ҳал қилинмаган чегара масаласининг ҳал этилиши нафақат икки давлат, балки бутун Марказий Осиё учун катта воқеа эканини таъкидлади.
«Энди айтиш мумкинки, минтақанинг барча давлатлари ўзаро чегара масалаларини узил-кесил ҳал қилди. Шу вақтдан бошлаб Марказий Осиёда абадий тинчлик ўрнатилди», — дея таъкидлади Қирғизистон президенти.
Битим 19 март куни Жогорку Кенешга ратификация қилиш учун тақдим этилади.
«Албатта, фуқароларимизга берилган ҳудудларни тарк этиш қийин, чунки бу она замин, ота-боболаримиз ётган жой. Қирғизистон таркибига ўтган тожик қишлоқлари аҳолиси ҳам худди шундай ҳис-туйғуларни бошдан кечирмоқда. Бу икки томон учун ҳам оғир. Лекин давлат чегараси масаласи ҳал қилинаётганда алоҳида қишлоқнинг манфаати устун бўлиши мумкин эмас. Биринчи ўринда бутун давлат манфаатлари туради», — деди Садир Жапаров.
Шунингдек, у Достук қишлоғидан ташқари чегара участкаларида шахмат тартибида жойлашган бир нечта уйлар ҳам кўчирилганини, чунки чегара тўсиғи текис чизиқ бўйлаб ўтиши кераклигини таъкидлади. Акс ҳолда, келажакда ҳар икки давлат чегарачилари учун чегарани назорат қилиш қийин бўлади.
«30 йил ичида чегара можаролари оқибатида ҳар икки томондан минглаб фуқаролар ҳалок бўлди», — деди Садир Жапаров ва давлат кўчирилган фуқароларни эътиборсиз қолдирмаслигига ваъда берди.
Уларни янги, замонавий, шароитлари анча яхши уйлар билан таъминлаймиз», — дея ваъда берди у.