Ўзбекистонда 2025 йил бошидан буён 790 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган ойларида 108 та қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилиб, бу орқали йирик миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг Ўзбекистонга олиб кирилиши ва ички ҳудуддаги айланмаси тўхтатиб қолинган.

Жумладан, бир неча кун аввал қўмита ва ДХХ ходимлари Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги автотранспорт воситаси тўхтатиб, белгиланган тартибда кўздан кечирган.

Натижада машинадаги ҳайдовчи ва йўловчининг чўнтагидан полиетилен ўрамларда жами 165 грамм оғирликдаги опий гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан ДХХ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда Яшнобод туманидаги офислардан бирида ўтказилган тезкор тадбирда бу ерда 953 грамм оғирликдаги гашиш ва уларни ўлчашда фойдаланилган электрон тарози борлиги аниқланган.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг «Айритом» чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган юк автотранспорт воситасини божхона кўригидан ўтказиш давомида ҳайдовчи автотранспорт кабинасидаги орқа ўриндиқ остида 37 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасини яшириб қўйгани фош этилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ДХХ ва ИИВ томонидан 3−4 февраль кунлари ўтказилган «Қорадори» кенг кўламли тадбирлари давомида 112 кг гиёҳвандлик воситалари ва 8601 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинганди. Тадбирда 228 нафар шахс жиноий жавобгарликка, 64 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилган.