2024 йилнинг кузида ИИВ раҳбарияти томонидан ўтказилган навбатдан ташқари аттестацияда профилактика инспекторларининг 300 нафарга яқини ички ишлар сафидан бўшатилди, 100 га яқини эса лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда 14 март куни АОКАда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда журналистлар сўнгги вақтларда профилактика инспекторларининг фуқаролар билан қўпол муносабатда бўлиши, бошқа эркакларнинг турмуш ўртоғи билан қўлга тушиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани, бу каби ҳолатларда уларга қандай чоралар кўрилаётгани бўйича изоҳ сўради.
ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари, полковник Раҳимжон Наимовга кўра, бундай ходимлар ҳар бир тизимда бўлиши мумкин.
«Ўша нопок ходимлар ҳақида гапириб ўтдингиз. Ҳар бир тизимда бунақа [ходимлар] бор, деб ўйлайман. 2024 йилда юртбошимиз ўтказган селекторларда профилактика инспекторлари томонидан хато ва камчиликлар ўтаётганлиги, ватанга садоқати камайиб кетгани ва қинғир-нопок йўлларга аралашиб қолаётганига нисбатан жуда қаттиқ эътирозлар билдирилди. Шундан сўнг вазирнинг фармойишига асосан, биз 2024 йил октябрь ойидан бошлаб республика бўйлаб навбатдан ташқари аттестациялар ўтказдик. Унда тизимнинг юзини ерга қаратадиган, тизимга доғ туширадиган, билим савияси паст ва фуқаролар билан муомалада қўпол муносабатда бўлган ходимлар билан суҳбат ўтказилди. Уларнинг билим даражаси текширилиб, 300 га яқин профилактика инспектори ички ишлар сафидан бўшатилди ва 100 га яқини лавозимидан озод этилди», — дейди у.
Раҳимжон Наимов.
Унинг қўшимча қилишича, ижтимоий тармоқларда юзага келган салбий ҳолатлар 2024 йилда кузатилган. 2025 йилнинг ўтган уч ойи давомида ҳали бундай ҳолатлар бўлгани йўқ.
«Бизнинг кадрлар бўлими ва инспекциямиз томонидан жуда қаттиқ назорат ўрнатилди. Ҳар бир профилактика инспектори қайси вақтда маҳаллага ишга чиққани, қачон уйига қайтгани, фуқаро билан қандай муомалада бўлаётгани… ҳар бир xатти-ҳаракатини назоратга олиниши белгиланди. Навбатдан ташқари аттестациялар яна такрор ўтказилади, тўхтатмаймиз. Юртбошимиз, ҳукумат ва ички ишлар вазиримиз талабига мос ходимлар етишмагунча биз навбатдан ташқари аттестацияларни ўтказамиз», — дейди полковник Раҳимжон Наимов.
ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари, полковник Умида Абдуллаеванинг таъкидлашича, профилактика соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир ходим йил давомида ИИВ малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан ўқитилади.
Умида Абдуллаева.
«Касбий билим ва кўникмалар, ватанга садоқат руҳида ишлаш, хизмат интизомини кучайтиришга қаратилган барча чора-тадбирлар белгиланган. Агар шунча билим ва тажрибалар уларга етказилганидан кейин ҳам, ходимларнинг нопоклиги ўзгармаса ёки хизматга ёндашиш масъулияти кучаймаса, улар навбатдан ташқари аттестациядан албатта ўтказилади», — дейди Умида Абдуллаева.