Президент «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорини имзолади.
Қарорга кўра, 2025 йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади.
Алломанинг ислом оламидаги обрў-эътибори ва нуфузига муносиб тарзда юқори савияда нишонлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутадиган чора-тадбирлар дастури тасдиқланади, жумладан:
2025 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида «Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш;
хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, ғолиблар иштирокида Ўзбекистонда маданий-маърифий учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этиш;
Имом Мотуридийнинг «Таъвилот ал-Қуръон» ва «Китоб ат-тавҳид» асарлари ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр этиш.
«Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон» мавзусида республика илмий-амалий конференциясини ҳамда илмий мақолалар танлови ўтказилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасига имом-хатиблар ҳамда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида «Мотуридийлик таълимоти билимдони» танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тавсия этилди.