Бугун, 15 март куни Қирғизистонда илк бор Оталар куни нишонланмоқда. Бишкекда Қирғизистон миллий филармониясида тантанали тадбир бўлиб ўтади, деб ёзди 24.kg.
Маданият вазирлиги ушбу тадбир қирғиз халқининг миллий қадриятларини улуғлаш, оилавий тотувликни мустаҳкамлаш ва оталарга ҳурматни оширишга қаратилганини таъкидлади.
«Байрам арафасида Меҳнат вазирлигида ўтказилган давра суҳбатида оила ва жамиятда, фарзандлар тарбияси ва камолотида, оиладаги барқарорликни таъминлашда отанинг ўрни муҳимлиги ҳақида сўз борди», — дейилади хабарда.
«Биз ушбу байрам эркакларнинг фарзанд тарбияси, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини ҳурмат қилиш, қўллаб-қувватлаш ва эътироф этиш рамзига айланишини истаймиз», — деди вазир ўринбосари Киял Жанузакова.
«Қирғизистон Республикасида Оталар куни ва Оналар кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун 2024 йил июлда имзоланган. Таъкидланганидек, ҳужжат оила институтини мустаҳкамлашга, шунингдек, оталар ва оналарнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва ҳиссасини эътироф этишга қаратилган.
Президент Садир Жапаров кун муносабати билан табриклаб, Оталар кунини нишонлаш заруратга айланганини, чунки замонавий дунёда оталарнинг оила институтини мустаҳкамлаш борасидаги масъулияти ошганини таъкидлади.
Халқимиз азалдан оталарни қояга қиёслаб улуғлаган, эъзозлаган, дея таъкидлади президент. Унинг қўшимча қилишича, оталар оиласини асраб-авайлайди, фарзандларига таълим бериш, уларни адолатли бўлишга, ватанни севиш ва ҳимоя қилишга ўргатиш учун қўлидан келганини қилади.
«Ҳар бир эркак оталик бахтини ва ота ғамхўрлигини ҳис этсин. Оталаримизни эъзозлаб, ҳурмат қилайлик ҳамда уларга муносиб кексаликни таъминлайлик!» — дея даъват этди Жапаров.
Оналар куни (май ойининг учинчи якшанбаси) мамлакатда 2012 йилдан бери нишонланади. Оталар кунининг санаси, фарқли ўлароқ, ўзгармайди — 15 март.