«Dunyouzbeklari.Com» халқаро ҳамкорлик бўйича Европа комиссари Йозеф Сикеланинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб турнеси арафасида у билан минтақа ва ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда энг муҳим қўшма лойиҳалар ҳақида суҳбатлашди.
— Жаноб Сикела, Европа Иттифоқи учун Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондаги ҳамкорликнинг қайси йўналишлари устувор?
— Бугунги кунда Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ва, умуман, Марказий Осиёдаги устувор йўналишлари тўртта: рақамли алоқа, муҳим фойдали қазилмалар, барқарор инфратузилма, шунингдек, тоза энергия ва сув ресурсларини бошқариш.
Буларнинг барчаси бутун дунё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган Global Gateway стратегиямизнинг бир қисмидир.
Рақамли трансформация ҳамкорлигимизда марказий ўринни эгаллайди. Team Europe рақамли алоқа ташаббуси доирасида биз нафақат шаҳарларда, балки Ўзбекистон ва минтақанинг чекка ва унча ривожланмаган ҳудудларида ҳам тезкор ва арзон интернетга уланишни таъминлаш устида ишлаяпмиз. Бу электрон тижорат, таълим, давлат хизматлари ва рақамли иқтисодиёт учун янги имкониятлар очиб, одамлар ва бизнесга реал фойда келтиради.
2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтган Global Gateway конференциясида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё учун сунъий йўлдош интернети ташаббуси биринчи марта тақдим этилди. Фото: ТИВ ахборот хизмати.
Муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон тоза энергетика, электромобиллар ишлаб чиқариш ва рақамли технологияларни ривожлантириш учун зарур бўлган мис, литий ва нодир ер элементларининг катта захираларига эга.
Биз келгусида ушбу ресурслар барқарор ва шаффоф тарзда қазиб олиниши ҳамда қайта ишланиши, юқори қўшимча қийматли иш ўринлари, экспорт имкониятлари яратилиши, мувозанатли ва ўзаро манфаатли шериклик доирасида Ўзбекистоннинг саноат ривожланишига ҳисса қўшиши учун биргаликда ҳаракат қилмоқдамиз.
Яна бир муҳим йўналиш — инфратузилма ва транспорт алоқаси. Европа Иттифоқи Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган асосий савдо йўлаги — Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантиришни фаол қўллаб-қувватламоқда.
Ўзбекистон ушбу йўлакнинг марказида жойлашган ва биз транспорт алоқаларини яхшилаш орқали янги савдо имкониятларини яратиш, инвестицияларни жалб қилиш, логистика ва унга боғлиқ соҳаларда минглаб иш ўринларини таъминлаш устида ишлаяпмиз.
Ниҳоят, биз тоза энергия ва сув ресурсларини бошқариш соҳасида, айниқса, минтақавий лойиҳалар доирасида ҳамкорлик қиламиз. Масалан, Қирғизистондаги Қамбарота ГЭС-1, Тожикистондаги Роғун ГЭС каби лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Улар бутун минтақага фойда келтиради ва биз уларнинг ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшишга интиламиз.
Умуман олганда, Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз кенг қамровли ва келажак томон йўналтирилган: у алоқалар даражасини ошириш, барқарор саноат ўсиши ва Европа учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам манфаатли бўлган иқтисодий имкониятларни яратишга қаратилган.
— ЕИ — Марказий Осиё биринчи саммити арафасида Ўзбекистон учун янги лойиҳа ва ташаббуслар эълон қилинишини кутиш мумкинми?
— Самарқандда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи — Марказий Осиё саммитига ҳали тайёргарлик кўрилмоқда ва биз бор кучимизни ишга солмоқдамиз, чунки тадбир Ўзбекистон ва бутун минтақа билан ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришда муҳим босқич бўлади.
Миссиям давомида муҳим келишувлар имзоланиши кутилмоқда. Хусусан, бутун минтақа, жумладан, Ўзбекистон учун Ўта муҳим хомашё бўйича қўшма декларация устидаги ишларни якунига етказмоқдамиз, у барқарор қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш бўйича аниқ қадамларни белгилаб беради.
Бундан ташқари, рақамли алоқа ташаббусимиз доирасида Ўзбекистонда сунъий йўлдош интернет инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни илгари сурмоқдамиз. Бу бутун минтақага фойда келтиради, маҳаллий бизнес ва жамият учун кўплаб янги имкониятлар очади.
— Сўнгги йилларда Марказий Осиё — Европа Иттифоқи форматидаги сиёсий мулоқотнинг фаоллашувини ҳисобга олган ҳолда Европа Иттифоқи Марказий Осиёдаги минтақавий лойиҳалар ва дастурларга эътибор қаратишда давом этадими?
— Минтақавий ҳамкорлик стратегиямизнинг асосий йўналишларидан биридир, бироқ биз Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати билан икки томонлама ҳамкорликни ҳам давом эттирмоқдамиз. Европа Иттифоқи минтақадаги кўплаб муаммолар ва имкониятлар — энергетика, транспорт, сув ресурслари ва рақамли алоқа — минтақавий даражада қўшма ечимларни талаб қилишидан келиб чиқади.
Масалан, Транскаспий транспорт йўлаги нафақат Ўзбекистон учун йўналиш, балки бутун минтақани Европа билан боғлайдиган транспорт артерияси бўлиб, қитъалар ўртасидаги савдо вақтини 15 кунгача ва ундан ҳам камроққа қисқартиради.
Бизнинг сунъий йўлдош интернет лойиҳамиз Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонни қамраб олган бўлиб, ҳеч ким рақамли технологияларсиз қолмаслигини кафолатлайди.
Шундай қилиб, ҳа, минтақавий мулоқот ва дастурлар стратегиямиз марказида қолади ва уларни амалга оширишда Ўзбекистон муҳим роль ўйнайди. Бизнинг мақсадимиз — максимал самарадорлик ва уйғунликка эришиш учун минтақавий ҳамда миллий дастурларнинг бир-бирини тўлдиришини таъминлашдир.
— Марказий Осиё учун Европа сунъий йўлдош интернети лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Бизга маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳукумати ва Европа провайдери ўртасида келишув имзоланиши кутилмоқда. Бу қанчалик тез содир бўлади? Ушбу лойиҳанинг чекка ҳудудларда яшовчиларга қандай нафи бор?
— Биз бу йўналишда фаол ҳаракат қилмоқдамиз. Яқинда Европа Иттифоқи Expertise France билан сунъий йўлдош алоқаси учун меъёрий-ҳуқуқий базани қўллаб-қувватлаш тўғрисида битим имзолади — бу лойиҳанинг «юмшоқ» компоненти деб аталади.
Параллель равишда Европа инвестиция банки (ЕИБ) ва SES (Satellite Communication Service Provider, Европанинг кўп орбитали сунъий йўлдош алоқа провайдери) томонидан амалга оширилаётган «қаттиқ» компонент Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари билан шартномалар тузиш томон ҳаракатланмоқда. Қозоғистонда, масалан, лойиҳага катта қизиқиш билдирилмоқда. Ишончим комилки, яқин орада Ўзбекистон билан ҳам расмий келишувни кўрамиз.
Бу нима учун муҳим? Узоқ ҳудудлар, мактаблар ва кичик корхоналар учун юқори тезликдаги, хавфсиз ва арзон интернет электрон тижорат, онлайн таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат хизматлари соҳасида янги имкониятлар очади. Бундан ташқари, бу рақамли иш ўринларини яратиш ва қишлоқ ҳудудларининг замонавий Ўзбекистон иқтисодиётига тўлиқ интеграциялашувига ёрдам беради.
— Ўзбекистонга ташрифингиз дастуридан Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф ҳам ўрин олган. Ушбу корхона Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорлигининг бир қисми бўладими? Европа Иттифоқи ОКМКда қайта ишлаш ва барқарор ишлаб чиқариш стандартларини жорий этишга сармоя киритишни кўриб чиқадими?
— Дарҳақиқат, Олмалиқ комбинати муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорлигимиз марказида турибди. Биз Ўзбекистон билан муҳим хомашё бўйича ўзаро англашув меморандумини имзоладик. ОКМК мис ва бошқа стратегик материалларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири сифатида асосий ҳамкорга айланиши мумкин.
Бизнинг ёндашувимиз нафақат хомашёни қазиб олиш, балки бутун ишлаб чиқариш занжирини модернизация қилиш: қайта ишлаш, тозалаш, иккиламчи қайта ишлаш, юқори экологик ва ижтимоий стандартларга риоя қилишдан иборат. Бу нафақат ОКМК, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг Европа ва глобал таъминот занжирларига интеграциялашувига ёрдам беради, янги бозорларни очади ва технологик янгиланишларни рағбатлантиради.
ОКМК томонидан ўзлаштирилаётган «Ёшлик-1» мис кони. Фото: Абдулла Ёдгоров / «Dunyouzbeklari.Com»
Шу билан бирга, бизнинг EFSD+ (European Fund for Sustainable Development Plus, Европа барқарор ривожланиш жамғармаси) молиявий воситамиз барқарор ривожланишга қаратилган бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаши мумкин.
— Европа Иттифоқи Транскаспий транспорт йўлагини фаол ривожлантирмоқда. Ўзбекистонга ушбу йўналишга қўшилишга ёрдам берадиган режалар ёки инвестиция ечимлари борми? Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коридорни жадал ривожлантириш учун янада қулай тарифлар кераклигини таъкидлаганди.
— Ўзбекистон Транскаспий транспорт йўлагида марказий ўринни эгаллайди ва биз ушбу йўналишни Ўзбекистоннинг асосий ҳамкор сифатида иштирок этишини реал воқеликка айлантириш устида фаол иш олиб бормоқдамиз.
Биз президент Шавкат Мирзиёевнинг йўлакнинг рақобатбардошлигини ошириш учун янада қулай тарифларга чақириғидан хабардормиз ва Ўзбекистон ҳамда унинг бизнесига ушбу йўналишнинг афзалликларидан тўлиқ фойдаланиш имконини берадиган турли ечимларни муҳокама қилиш учун очиқмиз.
Global Gateway стратегияси доирасида Марказий Осиё транспорт инфратузилмасини, жумладан, Транскаспий йўлагини барқарор ривожлантириш учун 10 миллиард евродан зиёд маблағни сарф этамиз. Бу Европа ва Осиё ўртасидаги савдо алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича асосий лойиҳаларимиздан бири бўлиб, бу жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни жуда муҳимдир.
Туркманистондаги Туркманбоши халқаро порти, Транскаспий транспорт йўлаги иштирокчиси. Фото: TDH
Асосий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш учун биз ҳукуматлар, халқаро молия институтлари ва хусусий инвесторларни бирлаштирмоқдамиз. Бунга темир ва автомобиль йўлларига сармоя киритиш, божхона тартиб-қоидаларини модернизация қилиш ва узлуксиз транзитни таъминлаш учун рақамли ечимларни жорий этиш киради.
Мақсадимиз — Европа ва Осиё ўртасидаги савдо вақтини 15 кунгача ёки ундан ҳам камроққа қисқартириш, ўзбек товарлари учун янги экспорт бозорларини очиш, логистика, транспорт ва турдош соҳаларда минглаб иш ўринларини яратиш.
Арзон ва самарали транспорт коридори барчага — бизнесдан тортиб фуқароларгача фойда келтиради ва биз уни муваффақиятли амалга ошириш учун Ўзбекистон билан ишлашга тайёрмиз.
— Сизнинг Қирғизистонга ташрифингиз мавзуларидан бири Қамбарота ГЭС-1 қурилишини қўллаб-қувватлаш бўлиши мумкин. Маълумки, ушбу лойиҳада Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам иштирок этмоқда. Европа Иттифоқи ушбу лойиҳада ва «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» ёки «Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон» темирйўлларини қуриш каби бошқа йирик минтақавий ташаббусларда иштирок этишни кўриб чиқадими?
— Ҳа, Европа Иттифоқи Қамбарота ГЭС-1 каби минтақавий лойиҳаларни диққат билан кузатиб бормоқда ва уларни фаол қўллаб-қувватлайди. Биз аллақачон Марказий Осиё сув-энергетика ҳамкорлиги (CAWEP) дастури орқали техник-иқтисодий тадқиқотларни молиялаштирмоқдамиз ва ЕИБ ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан кейинги босқичларни молиялаштириш имкониятларини муҳокама қилмоқдамиз. Қамбарота ГЭС-1 каби лойиҳалар энергетика хавфсизлиги, иқлим барқарорлиги ва чегараолди ҳамкорлик учун стратегик аҳамиятга эга.
Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон энергетика вазирлари 2024 йил июль ойида Қамбарота ГЭС-1 қурилишига тайёргарлик кўриш ва ишга тушириш тўғрисидаги битимни имзолади. Фото: Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати
Темирйўлларга келсак, биз минтақада транспорт алоқасини қўллаб-қувватлаш йўлларини, жумладан, Транскаспий йўлагига бирлаштирилган йўналишларни ҳам ўрганмоқдамиз.
— АҚШнинг халқаро ривожланиш лойиҳаларидаги роли қисқаргани ва USAID молиялаштириши тўхтатилганини ҳисобга олган ҳолда Европа Иттифоқи бу бўшлиқни тўлдириш учун гуманитар ташаббусларнинг янги йўналишларини кўриб чиқяптими?
— Европа Иттифоқи Ўзбекистон ва бутун минтақа учун узоқ муддатли ва ишончли шерик бўлишга интилади. Global Gateway ташаббусимиз доирасида биз аллақачон Марказий Осиёнинг транспорт, энергетика ва рақамли инфратузилмасига кўп миллиард долларлик инвестицияларни жалб қилмоқдамиз.
Бироқ бизнинг мақсадимиз шунчаки кимнингдир ўрнини тўлдириш эмас, балки ўз стратегик вазифаларимизни амалга ошириш ва реал натижалар берадиган ҳамкорликни ривожлантириш: иш ўринларини яратиш, замонавий инфратузилмани барпо этиш ва ҳар икки томон учун ишончли таъминот занжирларини таъминлашдир. Биз Европа Иттифоқи инвестициялари нафақат ҳукуматларга, балки фуқаролар ва бизнесга ҳам фойда келтиришини истаймиз.
— Европа бизнесининг Ўзбекистондаги истиқболларини қандай баҳолайсиз? Инвесторларда қайси соҳалар кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда?
— Истиқболлар жуда умидбахш. Ўзбекистон кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириб, хорижий инвесторлар учун жозибадор шароитлар яратмоқда ва Европа бизнеси буни кўриб турибди.
Ўтган йили Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 30 фоизга, мамлакатда фаолият юритаётган Европа компаниялари сони эса 25 фоизга ошди. Бу аниқ ишонч белгисидир.
Энг кўп қизиқиш уйғотадиганлар:
- Қайта тикланадиган энергия — Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг қуёш ва шамол энергиясини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, чиқиндиларни камайтириш ва энергия тизимларини модернизация қилиш бўйича улкан режаларини қўллаб-қувватлайди.
- Муҳим хомашё — Европа компаниялари нафақат қазиб олиш, балки қайта ишлаш, экологик тоза технологияларни жорий этиш ва мамлакат ичида қўшимча қиймат яратишга сармоя киритишга тайёр.
- Рақамли иқтисодиёт ва инновациялар — сунъий йўлдош интернети, стартап экотизими ва давлат хизматларини рақамлаштириш янги имкониятлар очади.
- Тўқимачилик саноати — Ўзбекистон GSP+ савдо преференциялари тизимига қўшилгандан сўнг Европага экспорт қилиш фойдалироқ бўлди ва Европа брендлари ҳамкорлик қилишдан манфаатдор.
- Қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш — Европа Иттифоқи ўзбек фермерларига стандартлар ва сертификатлашни яхшилаш орқали Европа бозорига чиқишга ёрдам беради.
Биз, айниқса, Ўзбекистон ислоҳотларни давом эттирса ва бизнес учун барқарор шароитларни таъминласа, Европа инвестицияларининг янада ўсишини кутмоқдамиз. ЕИ бу жараённи қўллаб-қувватлашга тайёр.