Шавкат Мирзиёев 11 март куни «Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади (ПП-100).
Ҳужжат келгуси беш йил давомида — 2030 йилгача соҳани ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб беради. Хусусан, иссиқлик таъминоти соҳасида ягона давлат сиёсатини жорий этиш, корхоналар фаолиятини ихтисослаштирилган ташкилот («Иссиқликтаъминоти») орқали бошқариш ва илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш кўзда тутилган.
Марказлашган иссиқлик таъминотига уланмаган тўрт ва ундан юқори қаватли кўп квартирали уй-жойларнинг иситиш тизимида локал қозонхоналар қуриш ва бошқа муқобил технологияларни жорий этиш асосий ўзгаришлардан бири бўлади. Бу бир хонадоннинг газга бўлган талабини камида 20 фоизга камайтириши керак.
2030 йилгача бўлган ислоҳотларда қуйидагилар ҳам кўзда тутилган:
- 103 та эскирган қозонхона ва 1,6 минг километрга яқин иссиқлик тармоғини янгилаш;
- давлат-хусусий шериклик асосида 9 та, халқаро молия институтлари иштирокида 13 та шаҳар ва туманда модернизация лойиҳаларини амалга ошириш;
- марказлашган иссиқлик таъминоти қамровини 37 фоиздан 58 фоизгача етказиш, тизимдаги йўқотишларни 38 фоиздан 20 фоизгача қисқартириш;
- кўп квартирали уй-жойлар ва ижтимоий соҳа муассасаларига 8681 та индивидуал иссиқлик пунктини ўрнатиш (2025 йилда 480 та), марказлашган иссиқлик таъминотини ёпиқ тизимга ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жойлар, ижтимоий соҳа ҳамда давлат муассасалари, саноат ва хусусий сектор бино-иншоотларининг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида тажриба-синов лойиҳаларини бошлаш;
- табиий газ истеъмоли юқори бўлган аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа ҳамда давлат муассасаларида энергия самарадор ва замонавий ускуналар (газ горелкали қурилмалар) ўрнатишни рағбатлантириш;
- хусусий сектор иштирокида иссиқлик таъминоти ва бошқа соҳаларда энергосервис хизматларини кўрсатиш ҳамда энергия тежамкорликни оширишда янги бозорни шакллантириш, ЭСКО механизмлари ва инновацион молия воситалари орқали энергия самарадорликни ошириш лойиҳаларини мувофиқлаштирувчи ташкилот тузиш.
ЭСКО механизмлар (ESCO — Energy Service Company, Энергия хизмати компанияси) — ихтисослашган компаниялар корхоналар, муассасалар ва ҳатто оддий уйлар учун энергия самарадор технологияларни жорий этиш орқали энергия истеъмолини камайтиришга ёрдам берадиган модел.
ЭСКО компания мижоз томонидан бошланғич харажатларсиз энергия самарадор ускуналарни (масалан, замонавий қозонлар, биноларни изоляция қилиш, қуёш батареялари ва бошқалар) ўрнатишни ўз зиммасига олади. Модернизациядан сўнг коммунал тўловлардаги тежамкорлик лойиҳа харажатларини қоплайди ва мижоз бу тежамкорлик ҳисобига босқичма-босқич тўловларни амалга оширади.
Мисол учун: мактаб йиллик иситиш учун тахминан 10 млн сўм сарфлайди. ЭСКО компания замонавий иситиш тизимини ўрнатади ва натижада харажатлар 6 млн сўмгача камаяди. Ҳосил бўлган 4 млн сўмлик фарқ ЭСКО компанияга тўлов сифатида йўналтирилади. 5 йил ўтгандан сўнг, ускуналар ўзини тўлиқ қоплагач, мактаб бу 4 млн сўмни тўлиқ ўз эҳтиёжлари учун тежай бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қарор билан иссиқлик таъминотини ривожлантириш мақсадида «Иссиқликтаъминоти» давлат корхонаси ташкил этилмоқда.
2025 йилда янги 135 минг хонадонни марказлаштирилган иситиш тизимига улаш, ошхоналарга электр плиталар қўйиш режа қилинмоқда. Аҳоли пунктларида кўчани ёритишдаги энергия сарфини икки баравар камайтириш ҳам белгиланган.