Ислом цивилизацияси маркази халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида нуфузли анжуман ўтказди. Унда Ўзбекистондаги хорижий элчихоналар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, марказнинг маданий ва илмий аҳамияти, шунингдек, унинг келажакдаги халқаро лойиҳаларини муҳокама қилди.
Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамкорлигида «Ўзбекистон маданий мероси — бутун инсоният бойлиги. Янги Ўзбекистоннинг халқаро лойиҳалари тақдимоти» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг экспозициясини бойитиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ҳамкорларни жалб қилиш мақсадида ташкил этилди. Унда Ўзбекистондаги хорижий элчихоналар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Фото: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Анжуман аввалида иштирокчилар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази биноси ва ундаги лойиҳалар билан танишди. Шунингдек, уларга марказ қурилиши жараёнлари ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Фото: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев халқаро ҳамкорликнинг ислом меросини сақлаш ва оммалаштиришдаги аҳамиятини таъкидлади. Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов эса экспозицияни шакллантириш ва халқаро ҳамкорлик жараёнлари ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, марказда намойиш этилиши режалаштирилган 800 дан ортиқ лойиҳанинг 430 таси хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилмоқда.

Фото: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
«Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, марказнинг иккинчи қаватида халқаро ташкилотлар офислари жойлаштирилади. Бу эса Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун ноёб майдон яратади», – деди Фирдавс Абдухолиқов.
Тадбирда халқаро ҳамкорлик доирасидаги истиқболли лойиҳалар ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, дунёнинг турли мамлакатларидан 15 та музей, хусусий коллекционерлар ва кутубхоналар ўз иштирокини тасдиқлаб, Ўзбекистон маданий меросига бағишланган ноёб экспозицияларни Тошкентга олиб келишга розилик билдиргани маълум қилинди.

Фото: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Италия, Малайзия, Озарбайжон, Швейцария, Ватикан, Тожикистон, Покистон ва Туркия элчилари анжуманда сўзга чиқиб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг дунёдаги ислом маданияти ва илм-фан ривожига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади. Шунингдек, улар марказ билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини маълум қилди.

Фото: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Анжуман якунида иштирокчилар халқаро ҳамкорлик истиқболлари ва келгусидаги ҳамкорлик дастурларини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.

Фото: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази