«Америка овози» (Voice of America, VOA) ва «Озод Европа/Озодлик радиоси» (RFE/RL) президент Дональд Трамп 14 март куни уларнинг ишини назорат қилувчи АҚШ Глобал медиа агентлигини (USAGM) қисқартириш тўғрисидаги фармонни имзолаганидан кейин ўз фаолиятини тўхтатиб қўйди.
«Президент ҳукуматимизни янада самарали қилиш ҳақидаги ваъдасини бажармоқда. Америкалик солиқ тўловчилар журналистика ниқоби остида Америкага қарши тарғиботни молиялаштирмасликлари керак», — деди Оқ уй матбуот котиби Каролин Ливитт USA Today газетасига берган интервьюсида.
«83 йил ичида биринчи марта афсонавий «Америка овози»нинг овози ўчирилаётганидан чуқур қайғудаман. Бугун эрталаб «Америка овози»нинг деярли барча ходимлари — 1300 дан ортиқ журналистлар, продюсерлар ва ёрдамчи ходимлар маъмурий таътилга чиқарилганини билдим. Менда ҳам шундай ҳолат», — деб ёзди унинг директори Майкл Абрамовиц ўзининг LinkedIn саҳифасида.
«ОАВ пухта ўйланган ислоҳотга муҳтож ва биз бу борада олдинга силжишга эришдик. Аммо бугунги ҳаракат «Америка овози»ни ўзининг муҳим миссиясини бажара олмайдиган қилиб қўяди. Бу миссия, айниқса, Эрон, Хитой ва Россия каби Американинг рақиблари Қўшма Штатларни обрўсизлантириш учун сохта ривоятлар яратишга миллиардлаб доллар сарфлаётган бугунги кунда жуда муҳимдир», — дея таъкидлади у.
«VOA бутун дунё бўйлаб Америка тарихини ҳикоя қилиш, объектив ва мувозанатли янгиликлар ва маълумотларни, айниқса, зулм остида яшаётганлар учун тақдим этиш орқали эркинлик ҳамда демократияни тарғиб қилади. Агентлик қайсидир шаклда омон қолган тақдирда ҳам, бугунги кунда маъмурият томонидан амалга оширилаётган ҳаракатлар «Америка овози»нинг хавфсиз ва эркин дунёни ривожлантириш қобилиятига жиддий зарар етказади ва бу билан АҚШ манфаатларини ҳимоя қила олмайди».
«„Америка овози“ 80 йилдан ортиқ вақт давомида Қўшма Штатлар учун бебаҳо бойлик бўлиб, коммунизм, фашизм ва зулмга қарши курашда, бутун дунё бўйлаб эркинлик ва демократия учун курашда муҳим роль ўйнади. Бугунги кунда у ҳар ҳафта 48 тилда 360 миллиондан ортиқ одамни қамраб олади. Кўпгина диктатураларда ОАВ кўпинча янгиликлар ва маълумотларнинг ягона ишончли манбаи ҳисобланади», — деди у.
Майкл Абрамовиц ўз пости сўнгида «Америка овози»нинг «Америкага журналистика билан эркин шуғуллана олмайдиган авторитар мамлакатлардан келган, эркинлик ва демократияни илгари суриш учун ўз ҳиссасини қўшган» «ажойиб ходимлари»га миннатдорлик билдирди.
«Америка душманларига улкан совға»
«Озод Европа/Озодлик радиоси» сайтидаги хабарда шундай дейилади:
«Грант келишувининг бекор қилиниши Америка душманларига улкан совға бўлади. Орадан 75 йил ўтаркан, Эрон оятуллоҳлари, Хитой коммунистлари етакчилари, Москва ва Минскдаги автократлар „Озодлик“ ўлганини нишонлайди. Рақибларимизга ғалаба тақдим этиш уларни кучлироқ, Американи эса заифроқ қилади».
«Биз „Озодлик“ тарихида икки партиянинг кучли қўллаб-қувватлашидан фойдаландик. Биз бўлмасак, ҳар ҳафта аниқ янгилик ва маълумотлар олиш учун бизга таянадиган ёпиқ жамиятлардаги 50 миллионга яқин киши Америка ва дунё ҳақидаги ҳақиқатдан бехабар қолади».
«Озодлик» 23 та мамлакатда радио, интернет, телевидение ва мобил дастурлари ҳар ҳафта 50 миллионга яқин одамни қамраб оладиган халқаро ахборот ташкилотидир. У USAGM орқали АҚШ Конгресси томонидан молиялаштирилади.
Дональд Трамп ўзининг иккинчи президентлик муддати бошида бизнесмен Илон Маск бошчилигидаги Давлат самарадорлиги департаментини (DOGE) ташкил этганди. DOGE томонидан олиб борилаётган АҚШ федерал ҳукумати ислоҳоти доирасида турли федерал идораларнинг ўн минглаб ходимлари ишдан бўшатилди.