• Чт. Апр 24th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Янги ва реконструкция қилинадиган биноларда қуёш панеллари ҳамда сув иситгичларни ўрнатиш мажбурий бўлади



Ўзбекистонда 2025 йил 1 июндан бошлаб биноларнинг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган янги қоидалар кучга киради. Бу президентнинг 11 мартдаги иссиқлик таъминоти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, бино-иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилишни лойиҳалаштиришда уларнинг ўз эҳтиёжлари учун қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари (қуёш панеллари ва шу кабилар) ва муқобил иссиқлик тизимлари (гелиоколлекторлар, иссиқлик насослари ва шу кабилар) ҳамда энергия тежовчи ускуналарни мажбурий ўрнатиш талаби киритилади.

Талаб молиялаштириш манбаларидан қатъи назар (бюджет, халқаро молия институтлари, давлат-хусусий шериклик, хусусий ва бошқа манбалар) барча объектларга нисбатан қўлланади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига ушбу объектлардан фойдаланишга рухсатнома беришда кўрсатилган ускуналарнинг ўрнатилгани ҳамда уларнинг ташқи ва том қисми иссиқлик сақловчи материаллар билан қопланишини назорат қилиш топширилди.

Марказлашган иссиқлик таъминоти тизимларини қуриш ҳамда мавжудларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича барча лойиҳаларда ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимини жорий этиш назарда тутилади.

Шунингдек, кўп квартирали уй-жойлар ва биноларнинг ички иссиқлик ва иссиқ сув тарқатувчи тизимларининг қурилиши, иншоотлар ва тармоқларда ҳисоблагичларнинг тўлиқ ўрнатилиши ҳам мажбурий бўлади.

Ҳар йили ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида иссиқлик таъминоти соҳасига ажратиладиган маблағларнинг камида 10 фоизи энергия тежовчи ускуналарни ўрнатишга йўналтирилади.

Қурилиш ва модернизация қилиш лойиҳалари амалга ошириладиган барча ижтимоий соҳа муассасаларида мажбурий тартибда доимий иссиқ сув билан таъминланадиган тежамкор санитария-гигиена хоналари, қўл ювиш жойлари ҳамда спорт залларида душ қабул қилиш хоналари техник жиҳатдан фойдаланишга қулай тарзда ташкил қилинади.

Қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳалар доирасида иссиқлик қозонхона қувватларини белгилашда ҳудуддаги барча кўп квартирали уй-жойлар, ижтимоий соҳа муассасалари ва маъмурий бинолар ҳамда саноат ва хусусий секторларнинг тўлиқ қамраб олиниши назарда тутилади.

Марказлашган иссиқлик таъминоти мавжуд ҳудудларда янги қурилаётган кўп квартирали уй-жойлар, маъмурий бинолар, ижтимоий соҳа муассасалари, саноат ва тадбиркорлик субъектлари бино ва иншоотларининг иссиқлик тармоқларига уланиши мажбурий бўлади.

«Иссиқликтаъминоти» тизимидаги (23 та иссиқлик таъминоти корхонаси унинг балансига ўтказилади) ва давлат-хусусий шериклик асосида фаолият кўрсатувчи корхоналарнинг иссиқлик таъминоти хизматлари учун нархлар (тарифлар) Идоралараро тариф комиссияси томонидан тартибга солинади.

Бундан ташқари, иссиқлик таъминоти корхоналари тасарруфидаги қозонхоналарни «Иссиқликтаъминоти»нинг розилигисиз бўш турган объект сифатида белгилаб, электрон савдоларга чиқариш тақиқланади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тез фурсатда ижтимоий муассасалар ҳужжатларини янги талабларга мувофиқлаштириш, халқаро экспертларни жалб этиш ва энергия тежамкор лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, иссиқлик таъминоти тармоғини модернизация қилиш учун халқаро молия институтларининг грант ва кредитларини мунтазам жалб этиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистонда 250 мингта объектни, жумладан, 150 мингта уйни қуёш панеллари билан жиҳозлаш режа қилинмоқда.

Мазкур йилда янги 135 минг хонадонни марказлаштирилган иситиш тизимига улаш, ошхоналарга электр плиталар қўйиш белгиланган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *