• Чт. Апр 24th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

АҚШ уйғурларни Хитойга топширгани сабаб Таиланд расмийларига санкция қўллади 


АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Таиланд расмийларига қарши виза санкциялари жорий этилганини эълон қилди. Бунга мамлакатда сақланаётган камида 40 нафар уйғурнинг Пекин сўровига биноан депортация қилиниши сабаб бўлди. Вашингтоннинг таъкидлашича, улар Хитойда таъқиб ва қийноқларга дуч келиши мумкин.

АҚШ Давлат котиби G7 ташқи ишлар вазирлари самммити ортидан интервью бермоқда
Фото: Google Images

АҚШ бош дипломатига кўра, чекловлар Таиланд ҳукуматининг амалдаги ва собиқ расмийларига тааллуқли бўлиб, уларнинг оила аъзоларига ҳам таъсир қилиши мумкин.

“Хитойнинг уйғурларга қарши узоқ йиллардан бери давом этаётган геноциди ва инсониятга қарши жиноятларини инобатга олиб, биз барча давлатларни уйғурлар ва бошқа гуруҳларни Хитойга мажбуран қайтармасликка чақирамиз,” деди Рубио.

Бироқ Давлат департаменти неча нафар амалдор учун Қўшма Штатларга кириш челанганини очиқламади. АҚШ иммиграция қонунлари махфийликни талаб қилгани боис одатда виза тақиқлари қўйилган шахсларнинг исмлари ошкор қилинмайди.

Маълум бўлишича, Таиланд ҳукумати 2014 йили Хитойдан қочиб ўтган ва ўшандан буён миграция ҳибсхонасида сақланаётган уйғурларни жорий йилнинг февраль ойида Хитойга топшириб юборган. БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари бунга муносабат билдириб, уларнинг келгуси тақдиридан хавотирларини баён қилган эди. Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги бунга жавобан, Пекин уйғурларнинг хавфсизлигини кафолатлаганини таъкидлади. Бундан ташқари, Бангкок уларнинг ҳолидан хабар олиш учун делегация юборишини иддао қилди.

Таиланд иммиграция департаментининг юк машинаси иммиграция ҳибсхонасидан уйғурлар билан жўнаб кетмоқда. 27 февраль. 
Фото: БенарNews

Дунё Уйғурлар Конгреси ижроий қўмитаси раиси Рушан Аббос Қўшма Штатларнинг виза санкцияларини олқишлаб, бу қарор “бошқа давлатлар учун сигнал бўлиши ва уйғурларни Хитойга қайтаришга ёрдам бермоқчи бўлаётганларни огоҳликка чақириши”ни таъкидлади. 

“Бу уйғурларни мажбуран депортация қилишда иштирок этганларни жавобгарликка тортиш йўлида муҳим қадамдир. Уйғурлар учун Хитойга мажбуран қайтарилиш ўлим ҳукмига тенг, чунки улар қийноқ, мажбурий меҳнат ва йўқолиб кетиш хавфига дуч келади,” дея қўшимча қилди у. 

Европа парламенти ҳам Таиланд ҳукуматини кескин танқид қилиб, мамлакатга босим ўтказиш учун эркин савдо бўйича музокаралардан фойдаланишга чақирди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *