• Чт. Апр 24th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 17−23 март кунлари об-ҳаво қандай бўлади? «Dunyouzbeklari.Com» шарҳи


Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.

Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.

Ўзбекистонда жорий ҳафта худди май ойидаги каби иссиқ ҳарорат кузатилиши тахмин қилинмоқда. Хусусан, хорижий об-ҳаво бюролари маълумотига кўра, 20 март куни Ўзбекистоннинг катта қисмида ўртача суткалик ҳарорат меъёрдан нақ 8−12 даражагача юқори четланиш тамойилига эга — бундай иссиқлик тўлқинини март ойи учун «аномал» дея таърифлаш мумкин.

Манба: Meteoinfo.ru

Айни вақтда, иш кунлари республикада ҳукмрон бўлиши кутилаётган паст босимли иссиқ ҳаво оқими 21 мартдан Урал ва Волгабўйи ҳудудларидаги совуқ ва нам ҳаво оқимини «торта» бошлайди. Аммо ушбу совуқ оқим ҳафта охирида шимолий ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятларигагина таъсир кўрсатиши мумкин, холос — мамлакатнинг бошқа кўплаб ҳудудлари юқори ҳарорат таъсирида бўлади.

Манба: Meteoinfo.ruМанба: Meteoinfo.ru

Дам олиш кунлари шимолдан нам ҳаво оқимларининг аста-секин минтақага кириб келиши Каспий денгизида циклоник жараённи ривожлантириб, келаси ҳафта бошида Ўзбекистоннинг катта қисмига намгарчилик улашиши ҳамда ҳароратни сезиларли пасайтириб юбориши мумкин.

«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 17 март куни республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди. Кундуз куни шимолда ҳарорат +25 даражагача, бошқа ҳудудларда +27 даражагача кўтарилади. Тунда шимол ва жанубда ҳарорат +7…+12 даража, бошқа вилоятларда +5…+10 даража илиқ бўлади. Тоғларда кундузи ҳарорат максимуми +15 даражага етади, тунда эса ноль даражагача пасаяди.

Синоптиклар 18−20 март кунлари Ўзбекистон бўйлаб жуда юқори ҳарорат тўлқини сақланишини маълум қилган. 20 март куни фақат шимолдагина ҳароратнинг олдинги кунларга нисбатан бироз пасайиши рўй беради. Сешанба куни кундузи жойларда ҳарорат максимуми +25…+27 даража бўлса, чоршанба-пайшанба кунлари деярли барча вилоятларда ҳарорат максимуми +25…+30 даража бўлиши кутилади.

Тунги вақтда жанубий вилоятларида +10…+15 даража, бошқа ҳудудларда +5…+10 даража илиқ бўлади. Ушбу саналарда Ўзбекистонда ҳам ёғингарчилик кутилмайди, фақат 18−19 март кунлари шимолий ҳудудларда сониясига 18 метргача кучаювчи шамоллар эсиши мумкин.

Маълумот учун, қуйидаги об-ҳаво харитасида 20 март куни ҳудудларда ҳаво ҳароратининг +30 даражадан юқори кўтарилиши мумкин бўлган ҳудудлар қизил рангда ажратиб кўрсатилган.

Манба: ECMWFМанба: ECMWF

Жума-якшанба кунлари ҳам республиканинг жуда катта қисмида қуруқ ва жуда иссиқ ҳарорат тўлқини сақланади. Масалан, якшанба куни паст босимли иссиқ ҳаво оқими республика жанубига кучли таъсир этиб, суткалик максимум ҳарорат +35 даражагача кўтарилиши мумкин. Шу билан бирга, Россия тарафдан кириб келувчи совуқ ва нам ҳаво оқимлари таъсирини Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли аста-секин ўз танида ҳис қила бошлайди.

Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.

«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (17−23 март кунлари) давомида республика катта қисмида ҳарорат фони шу давр учун хос иқлимий меъёрдан анча юқори яъни иссиқ бўлиши кўрсатилган. Ҳатто, Бухоро ва Хоразм вилояти айрим ҳудудларида ҳафтанинг умумий ҳарорат фони шу давр учун хос қийматдан қарийиб 10 даража юқори четланишга эга.

Ёғингарчилик бўйича жорий ҳафтада ёғин тақчиллиги кузатилиб, бу тоғларда яққол сезилади. Ҳафта охирларида шимолда кутилаётган ёғингарчилик сабаб, фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудларида ёғингарчилик шу ҳафта учун ўзларининг меъёрий қийматларида кузатилиши мумкин.

Шундай қилиб аҳоли ҳафта давомида ҳароратнинг кескин кўтарилиб бориши фонида худди май ойидаги каби об-ҳаво муҳитига гувоҳи бўлади. Ёғингарчилик кесимида эса ҳафта сезиларли даражада ёғин тақчиллиги билан ўтади.

Бундай иқлим қишлоқ хўжалигига сезиларли таъсир қилади — бундай вазиятда қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётганларг, айниқса, боғдорчилик йўналиши вакилларига тегишли тавсиялар бериш мақсадга мувофиқдир.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Мартнинг ушбу ҳафтаси асосан юқори ҳарорат фонида ўтса-да, бундай иқлим муҳити кишилар саломатлигига юқори даражада хавф туғдирмайди. Шунга қарамай, чоршанбадан якшанбагача кундузи ҳароратнинг кескин кўтарилиши ва атмофера босимининг пасайиши умумий ланжлик, ҳавода кислород етишмовчилигини келтириб чиқариши мумкин. Дам олиш кунлари эса минтақага навбатдаги нам ҳаво оқимларининг кириб келиши олдидан жойларда кучсиз «барик тубсизлик» рўй бериши мумкин.

Ҳароратнинг кўтарилиши билан боғлиқ кислород етишмовчилиги ва «барик тубсизлик» ҳодисаси ўзгаришларига мойил кишилар ўз саломатлигида ўзгаришлар сезса, аввалги материаллардаги тавсияларга амал қилишлари мақсадга мувофиқ.

Биоиқлимий шароитлар

Чоршанбадан бошлаб Ўзбекистоннинг аксарият аҳолиси кундузи худди ёздагидек кийиниб юриши мумкин бўлиб қолади. Аммо тунги ва тонгги муддатларда ҳаво барибир ҳали бироз салқинлроқ бўлади. Шунингдек, дам олиш кунлари шимолий ҳудудлар аҳолиси кундузги вақтда ҳам қалинроқ кийинишига тўғри келади.

Маълумот учун, пайшанба куни соат 14:00 атрофида Хоразм, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларининг баъзи ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли Халқаро биоиқлимий индекс (UTCI) бўйича кучли иссиқлик ҳиссиёти шароитини бошдан ўтказади.

иқлим, об-ҳаво, об-ҳаво маълумоти, об-ҳаво шарҳи, эркин абдулаҳатов

Космик таъсирлар

Ўзбекистонликлар бу ҳафта ўтган ҳафтадаги каби магнит бўронларининг фаол таъсирига тушмасликлари кутиляпти. Шунга қарамай, душанба ва сешанба кунлари Ерда тахминан 3−4 баллик магнит бўронлари қўзғалиши мумкин, чунки 15 март куни Қуёшда М синфли чақнашлар бўлган ва улардан ажралган плазманинг Ерга «оқиб» келиши эҳтимоли ошган.

Манба: Xras.ruМанба: Xras.ru

Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам душанба ва сешанба кунлари об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар саломатликка бироз хавф туғдирувчи «сариқ» даражадаги, яъни кучсиз қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган. Бошқа кунларда эса магнитосферадаги вазият барқарорлашиб, «яшил» қўзғалишларга қайтиши мумкин.

Манба: Ionos.kzМанба: Ionos.kz

Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Бу ҳафта ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилиб бориши, баҳорий кучли шамолларсиз «комфорт» иқлим кутилаётгани боис, жойларда ҳавонинг табиий ифлосланиши билан боғлиқ ҳолатлар деярли кузатилмаслиги керак. Шунга қарамай, зарурат туғилганда, ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.

Шундай қилиб, 17−23 мартда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар чоршанба, пайшанба, жума, шанба ва якшанба кунларининг тонгги, кечки ва тунги муддатлари бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу вақтларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *