Рақобат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисидаги низом талабларини бузган бир қанча компанияларни жаримага тортди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.
Олиб борилган ўрганиш натижаларига мувофиқ, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган «UNG PETRO» MЧЖ (Carvon АЁҚШ), «INTERNATIONAL FOODCHAIN» MЧЖ (KFC), «CENTRAL ASIA VOYAGES-CAV» MЧЖ (Stroy Center савдо маркази), «HAMKOR REKLAMA SERVIS» MЧЖга нисбатан «Реклама тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги 104-сонли қарори билан тасдиқланган низомда белгиланган ташқи реклама ва ахборотни жойлаштириш тартиби бузилиши юзасидан ишлар қўзғатилган.
Уларга нисбатан молиявий жарималар қўллаш ҳақида қарорлар қабул қилинган.
Шунингдек, қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.