Тошкентда автобус ҳайдовчиси йўловчилардан йўл ҳақини нақд пул шаклида талаб қилгани аниқланди, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 13 март куни соат 19:50 атрофида «2-автобус саройи» филиали тасарруфидаги 72-сонли Yutong автобуси ҳайдовчиси ҳамда соҳага бегона бўлган фуқаро автобус салонининг чироқларини ўчирган ҳолда йўловчилардан йўл ҳақи учун нақд пул талаб қилган.
Ҳолат юзасидан филиал директори, масъул ходимлари, йўналиш ҳайдовчилари ҳамда ўша автобус ҳайдовчиси Ж.Х. билан биргаликда тезкор танқидий йиғилиш ўтказилган. Унда ҳайдовчининг содир этган қоидабузарлиги муҳокама қилиниб, корхона ички тартиб интизомини ўта қўпол равишда бузгани учун у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Шунингдек, мазкур ҳолат бўйича Ж.Х.нинг содир этган қоидабузарлигига ҳуқуқий баҳо олиш мақсадида ҳужжатлар тўплами ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳридаги автобус салонларида нақд пулда тўлов қилиш мумкин эмас. Йўлкирани 10 дан ортиқ нақд пулсиз тўлов усуллари орқали тўлаш мумкин: АТТО транспорт ва виртуал карталари, исталган банкларнинг UzCard ва Humo контактсиз карталари, халқаро тўлов тизимлари карталари (Visa, MasterCard, UnionPay), шунингдек, Click, Uzum, Plum тўлов иловалари орқали.
Нақд пулга бир марталик QR-кодли чипталарни сотиб олиш мумкин, улар Paynet, Oson ва Multipay компанияларининг инфокиосклари, шунингдек, Paynet офлайн пунктлари орқали сотилади. Бундай чипталарнинг нархи 3000 сўмни ташкил этади, нақд пулсиз тўлов учун эса 1700 сўм ундирилади.