Ўзбекистонда шахсларни уларнинг розилигисиз фото ва видеога олиш тақиқланиши мумкин. Бу норма акс этган «Шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Адлия вазирлиги жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.
Лойиҳада қайд этилишича, шахсларнинг тасвиридан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларда шахсий дахлсизлик ҳуқуқи уни амалга ошириш механизмлари билан таъминланмагани сабабли чекланмоқда.
Таъкидланишича, қонунда шахсларнинг, жумладан, болаларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқларини кафолатлаш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти шаффофлигини, сўз ва матбуот эркинлигини янада мустаҳкамлаш, меҳнат муносабатларида ходимларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтириш мақсадида айрим ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш назарда тутилган.
Қонун билан Фуқаролик кодекси 100−1-модда (Тасвирга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш) билан тўлдирилмоқда.
Янги модда билан шахсни тасвирга (фототасвир, видеоёзув, у акс этган тасвирий санъат объекти ёки уни идентификaция қилиш имконини берадиган бошқа ташқи белгилар йиғиндиси) олиш (тасвирини яратиш) ва ундан фойдаланишга фақат ушбу шахснинг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланмоқда.
Башарти, шахс муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, розилик унинг қонуний вакили томонидан, шунингдек, шахс вафот этган тақдирда, агар у ҳаётлиги чоғида розилик бермаган бўлса, унинг ворислари томонидан берилади. Ўн олти ёшга тўлмаган вояга етмаганлар номидан розилик уларнинг ота-онаси (ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан берилади.
Тасвирдан фойдаланиш деганда, уни ошкор қилиш, намойиш қилиш, тарқатиш, сақлаш, ишлов бериш, чоп этиш тушунилади.
Қуйидаги ҳолларда шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун розилик олиш талаб этилмайди:
1. Тасвирдан жамият ва давлат манфаатлари учун қуйидаги мақсадларда фойдаланишда:
- тасвирдаги шахсга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қидирув эълон қилишда;
- давлат органлари ва ташкилотлари томонидан уларга юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш мақсадида шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда;
- содир этилган ёки этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар, шунингдек, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа воқеа-ҳодисалар тўғрисида хабар беришда, уларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда (жабрланувчининг шаъни ва қадр-қиммати камситилмаслиги шарти билан);
2. Хизмат вазифасини бажариш, жамоатчилик фаолиятини амалга ошириш жараёнида давлат хизматчиси ва ҳокимият вакилини тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда;
3. Жамоат жойлари ҳамда митинг, йиғилиш ва намойишлар, шунингдек, оммавий ва шахсий (тўй, оилавий, юбилей, дафн маросими ва бошқа) тадбирларда умумий жараёнларни акс эттириш мақсадида шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда;
4. Тасвир шахс томонидан ҳамма фойдалана оладиган қилинган бўлса ёки ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбадан олинган бўлса (тасвирдан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно);
5. Шахснинг ҳақ эвазига туширилган (яратилган) тасвиридан ушбу тасвирни олишдан (яратишдан) кўзланган мақсадда фойдаланилганда;
6. Жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув тизимлари орқали шахсларни тасвирга олиш ва ушбу мақсадларда фойдаланишда.
Жамоат жойларида (ёки жамоат жойларига қаратилган объектларда) видеокузатув тизимлари ўрнатилган тақдирда, бу ҳақда аниқ ва барчага тушунарли огоҳлантирувчи белги ўрнатилиши шарт.
Жамоат жойи деганда, доимий, вақтинчалик ва (ёки) даврий хусусиятга эга бўлган, теварак атрофи ўраб олинган ёки очиқ ҳолдаги, аҳолининг умумий фойдаланиши ва турли эҳтиёжларини қондириши учун мўлжалланган, шунингдек, шахс (лар)нинг ҳаракатлари натижасида ўзгалар манфаатларига таъсир кўрсатадиган шахсий макон хусусиятини жамоавий маконга ўзгартирувчи, ундаги воқеа ва ҳодисаларни тўсиқсиз кўриш ва эшитиш мумкин бўлган объектлар, шу жумладан, бинолар, иншоотлар ва уларнинг қисмлари тушунилади.
Шахсларнинг қисман ёки тўлиқ кийимсиз бўлишини тақoзо этадиган жойларда видеокузатув камераларини ўрнатиш ва шахсларни тасвирга олиш тақиқланади.
Тасвирдан розилик берилган мақсадга номувофиқ тарзда фойдаланилган ёки фойдаланиш шахснинг шаъни ва қадр-қиммати камситган тақдирда, шахс тасвирдан фойдаланиш учун розиликни чақириб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, қонунда ушбу моддада назарда тутилган талабларга риоя этилмаган ҳолларда, шахс ҳамда ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган шахслар тасвирдан фойдаланишни тўхтатишни, уни йўқ қилишни ҳамда етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга экани белгиланмоқда.
Ушбу модданинг қоидалари тезкор-қидирув, разведка ва контрразведка фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди. Шахсларнинг тасвирига ишлов бериш тартиби қонунчилик билан белгиланади.
Лойиҳада, шунингдек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46−1-моддасини (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) қуйидаги иккинчи қисм билан тўлдирилиши назарда тутилган.
«Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун ахборотни ноошкора олишга мўлжалланган техника воситаларидан фойдаланиш, — ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».
Жамоат муҳокамаси 28 март куни якунланади.
Адлия вазирлиги 2020 йил февралида шунга ўхшаш қонун лойиҳасини муҳокама учун эълон қилган эди. Ўша пайтда фуқаро тасвиридан фойдаланиш тушунчаси унинг тарқатилиши, қайта ишланиши ва намойиш этилишини ўз ичига олган. Энди эса бу тушунча ошкор қилиш, сақлаш ва нашр этишни ҳам қамраб олиши мумкин.
Аввалги лойиҳада Қонунчилик ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида 48 та эътироз билдирилган бўлиб, уларнинг аксарияти сўз эркинлигига таҳдид солиши мумкинлиги сабабли қонун лойиҳасига қарши эди.