Тошкент вилоятининг Пискент туманида эрталаб содир бўлган ЙТҲда цементовоз оддий автомобиль билан эмас, балки микроавтобус билан тўқнашган, деб хабар берди «Dunyouzbeklari.Com»га ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси.
Вилоят ИИББ ўз хабарида «Isuzu автомобили», юк машинасидаги икки киши ҳалок бўлгани ва сони очиқланмаган жароҳатланганларнинг касалхонага ётқизилгани ҳақида ёзган. ИИББ тарқатган фотосуратда (юқорида) ҳам цементовоз қандай транспорт воситаси билан тўқнашгани кўринмаган.
Бироқ ҳалокатнинг манба танишган дастлабки маълумотларига кўра, шифохонага ҳалок бўлган 4 киши, шунингдек, яна 10 нафар фуқаро етказилган.
ИИББ цементовоз («Пойтахт бетон» компаниясига тегишли) ҳайдовчиси рулда ухлаб қолган бўлиши мумкинлиги, шу сабабли автомобиль қарама-қарши йўлакка чиқиб кетиб, бошқага урилгани, шундан сўнг иккала транспорт воситаси ҳам далага чиқиб кетганини маълум қилди.
Воқеа жойидан олинган сурат ва видеоларда юк машинасининг олд қисми микроавтобуснинг ярмидан кўпини босиб кетганини кўриш мумкин. Микроавтобус Hors Avto Trans компаниясига тегишли ва корхоналардан бирининг ходимларига хизмат кўрсатган. Ижтимоий тармоқлардаги ёзувлардан бирида улар Artel ходимлари экани айтилади. Овозли ёзув жойланган пост кейинроқ ўчириб ташланди.
«Dunyouzbeklari.Com» сўровига жавобан вилоят ИИББ матбуот хизмати учинчи жабрланувчининг шифохонада вафот этганидан хабардор эканини маълум қилди. Жабрланганларнинг баъзиларининг жароҳати оғир. Беш кишига тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйларига жўнатилган.
Нотўлиқ маълумотларни эълон қилиш одатий ҳол бўлмаслиги керак
Февраль ойида Самарқанд вилоятида автобус ағдарилиши оқибатида 22 нафар аёл жабрланган эди. Бироқ вилоят ЙҲХБ фақат бир киши ўлганини маълум қилган (шифохона Milliy телеканалига бир аёл вафот этганини билдирган). ФВВ ҳодиса юзасидан изоҳ бермаган.
Яқинда Тошкент шаҳрининг Амир Темур кўчасидаги пиёдалар ўтиш жойида машина уриб кетган аёл, ЙҲХБ хабар қилганидек, ёлғиз эмас, ўғли ва қизи билан бирга бўлган. Шу билан бирга, «Dunyouzbeklari.Com» изоҳ учун боғланган ИИВ ва ССВ ҳам маълумот бериши мумкин бўлган манба сифатида бир-бирига йўналтирган.
Бундай ноаниқликлар ва маълумотлар манипуляцияси саволлар туғдирмай қолмайди. ЙҲХХ ходимларидан бири «Dunyouzbeklari.Com» билан суҳбатда шундай деди: «Эҳтимол, бутун умрим давомида нега маълумотлар нотўлиқ тақдим этилишини тушунмай яшайман. Статистикалар термометрга ўхшайди — улар муаммо кўламини аниқлашга ёрдам беради».