Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 14 март куни Юқори Чирчиқ туманидан Янги Тошкент шаҳри қурилишига 122,3 гектар ер майдони ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжатга кўра, «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» мурожаатига асосан, туманнинг иккита маҳалласидаги давлат захирасига қайтарилган ҳамда тоифаси ўзгарган ерлар дирекцияга ажратилди. Ташкилот майдонлардан доимий фойдаланиш ҳуқуқини олди.
Бериладиган ер участкалари қуйидагича:
- Бордонкўл МФЙдаги 5 та ер контури — 64,54 га;
- Бордонкўл МФЙдаги 1 та ер контури — 10,68 га;
- Дўстлик МФЙдаги 6 та ер контури — 47,1 га.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил октябрь ойида ҳам Юқори Чирчиқ туманидан Янги Тошкент шаҳри қурилишига 110,4 гектар ер майдони ўтказилганди.
2021 йил 31 август куни Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳудудида Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкент қурилиши, пойтахт эса «яшил ҳудуд» га айлантирилиши ҳақида маълум қилганди.
2023 йил март ойида эса пойтахтдаги давлат идоралари Янги Тошкентга кўчирилиши, шунингдек, лойиҳа доирасида қўшимча 20 минг гектарда 1 млн аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилиши билдирилган. Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилиши назарда тутилган.
Шунингдек, Янги Тошкентда «эски» Тошкент билан боғланган трамвай ва метронинг ягона тармоғини қуриш режалаштирилган. «Янги шаҳарга метрода 30−35 дақиқада етиб бориш мумкин… Автомобилда келишга эҳтиёж қолмайди» , — деганди ўшанда қурилиш вазири ўринбосари Давронжон Одилов.