Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди. Қонун қуйи палата томонидан 31 январь куни қабул қилинган.
Таклиф этилаётган Сув кодекси Ўзбекистон президентининг сув хўжалигини ривожлантиришга доир қатор қарор ва фармонлари ижросини таъминлаш, шунингдек, сув ва сувдан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Сув кодекси билан сув муносабатлари соҳасидаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилган бўлиб, 6 та бўлим, 29 та боб ва 165 та моддадан иборат.
Бунда, сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солинган.
Сув кодексида Ўзбекистон «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуни, шунингдек Ўзбекистон президентининг 8 та фармони ва 14 та қарори ҳамда Ҳукуматнинг 26 та қарорларидаги тегишли нормалар бирлаштирилиб, яхлид холга келтирилган.
Сув кодекси билан:
- сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида масъул органларнинг ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларига, вазифа ва функцияларига аниқлик киритилмоқда;
- сувни етказиб бериш хизмати учун тўловлар сув етказиб бериш харажатларини қоплаши ҳамда сув етказиб берувчининг рентабеллигини таъминлаши зарурлиги белгиланмоқда;
- сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш шартлари белгилаб берилмоқда;
- сувдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартлари соддалаштирилмоқда;
- сунъий сув ҳавзаларидан сув олишда (бир суткада 5 куб метрдан кўп бўлмаган) рухсатнома олиш зарурати чиқариб ташланмоқда;
- экстремал сув танқислиги ва қурғоқчилик тушунчалари ҳамда суғориш сувини истеъмолчилар орасида тақсимлашнинг янги механизмлари белгиланмоқда;
- давлат сув кадастрини мувофиқлаштирувчи ваколатли орган этиб Сув хўжалиги вазирлиги белгиланмоқда.
Сув ресурслари бошқарувини такомиллаштириш йўналишида:
- сув ресурсларини бошқариш, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишга доир комплекс ҳамда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, амалга оширишга кўмаклашиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигида маслаҳат-кенгаш органи сифатида Республика сув кенгаши, шунингдек, вилоятлар ва туман ҳокимлари раислигида тегишлича ҳавза сув кенгашлари ҳамда туман сув кенгашлари ташкил этилмоқда;
- сув фонди ерлари, шу жумладан табиий сув манбалари ҳудудлари яъни, дарёлар, сойлар, жилғалар, кўллар, ботқоқликлар ва булоқлар Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий тизим ташкилотларининг балансига ўтказилиши белгиланмоқда;
- сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари ариқ ва қатъий белгиланмоқда (ўзбошимчалик билан қурилган сув олиш иншоотларини уларнинг дастлабки ҳолатига келтириш қонун бузувчи ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилмоқда);
Шунингдек, иқтисодиёт соҳаларида сувдан фойдаланиш устуворлиги қуйидаги кетма-кетлик асосида амал қилиши белгиланмоқда:
- ичимлик ва хўжалик-маиший эҳтиёжлари, шунингдек аҳолининг даволаниш эҳтиёжлари;
- санитария ва экологик мақсадлар;
- саноат, энергетика ва хизматлар соҳаси;
- қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, шахсий томорқа ер участкалари, бунда сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган майдонларни сув билан таъминлаш;
- сувдан фойдаланишда гидроэнергетиканинг сув ресурсларига бўлган эҳтиёжларини таъминлаш устуворлик бўйича қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларини сув ресурслари билан таъминлашга тенглаштирилмоқда;
- сувга доир муносабатларда халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда.
Қонун Сенат томонидан маъқулланиб, президентга юборилди.