• Сб. Апр 19th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Сенат муаммоли кредитларни ундириш тартибини тезлаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади



Ўзбекистонда кредит ва ипотека бўйича гаровга қўйилган мол-мулкни ундириш тартибини соддалаштириш режалаштирилмоқда. Олий Мажлис Сенати 17 март куни бўлиб ўтган мажлисда банкларнинг ликвидлилигини ошириш ва муаммоли кредитлар сонини камайтиришга қаратилган тегишли қонунни маъқуллади.

Сенатор Эркин Гадоевнинг таъкидлашича, ҳозирда муаммоли кредитлар ва гаровларни ундириш жараёни узоқ вақт талаб қилади ва кредит ташкилотлари ҳамда давлат органларидан катта ресурсларни талаб қилади. Бу эса кредиторлар талабларини қондириш муддатини чўзиб юбормоқда.

Маъқулланган қонун билан Фуқаролик кодексига ва «Гаров тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан тўланмаган суммаси гаров қийматининг 15 фоизидан камроқни ташкил қилса ва гаров билан таъминланган мажбурият бажарилишини кечикиши узлуксиз уч ойдан кам бўлса, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши жуда арзимас деб ҳисобланиши белгиланиши кўзда тутилган меъёр киритилмоқда.

Шунга асосан, агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчи талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига аниқ мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкин.

Шунингдек, гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотув нархи гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишув асосида, улар ўртасида келишмовчилик бўлган тақдирда эса, мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган ҳолда бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланиши нормаси киритилмоқда.

Агарда, гаров нарсаси ҳисобланган мол-мулк гаровга қўювчидан жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилганда гаровга олувчида ўз талабларини ана шу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантириш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунга гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган мажбуриятларни ижро этишда ундирув ушбу мол-мулкка қаратилган тақдирда, гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган бошланғич реализация қилиш нархи суд қарори билан белгиланиши бўйича норма киритилмоқда.

«Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ипотека бўйича даврий тўловлар билан бажариладиган мажбуриятни таъминлаш учун ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишга, бу тўловларни тўлаш муддатлари мунтазам равишда, яъни ўн икки ой давомида уч мартадан ортиқ бузилган тақдирда йўл қўйилиши белгиланган эди.

Қонун билан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ тўловларни тўлаш муддатлари мунтазам равишда ўн икки ой давомида узлуксиз уч ойдан ортиқ бузилган тақдирда ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш белгиланмоқда.

Шунингдек, ипотека билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан тўланмаган суммаси ипотека қийматининг 15 фоизидан камроқни ташкил қилса ёки ипотека билан таъминланган мажбурият бўйича даврий тўловларни тўлаш муддатлари мунтазам равишда 12 ой давомида узлуксиз уч ойдан кам бузилган бўлса, ипотека билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши жуда арзимас деб ҳисобланиши белгиланмоқда.

Шунга асосан, агар ипотека билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса,ундирувни ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш рад этилиши мумкин.

Қонунда гаров нарсаси ҳисобланган мол-мулк гаровга қўювчидан жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун олиб қўйилганда, гаровга олувчида ўз талабларини ушбу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантириш ҳуқуқини сақлаб қолиниши ва ундирув қаратилган гаров мулкининг очиқ кимошди савдосида сотилишини гаровга қўювчининг илтимосига асосан кечиктиришга йўл қўйилмаслик белгиланмоқда.

Шунингдек, қарздорнинг ихтиёрий тугатиш жараёнининг бошланиши давлат ижрочиси томонидан ижро иши юритилишининг тўхтатилиши ҳамда мол-мулкни тасарруф қилишга доир чекловларни олиб ташланишига асос бўлмасликни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, гаровга олувчининг талабларини суддан ташқари тартибда гаровдаги мол-мулк ҳисобидан қондириш мақсадларида:

  • гаровга олишда бошқа шахс розилиги ёки органнинг рухсати олинган бўлса, гаровга олувчининг мазкур мол-мулк гарови билан таъминланган талаблари фақат суд тартибида қаноатлантиришни назарда тутувчи талабни бекор қилиш;
  • ипотекага олувчи талабларини ипотека ҳисобидан суддан ташқари тартибда қондириш тугаллангандан сўнг қарздор мажбуриятининг қопланмаган қисмини қарздорнинг бошқа мол-мулки ҳисобидан сўндириш ҳуқуқини сақлаб қолиш;
  • гаровдаги мулкни бозор қийматида савдога чиқариш;
  • қайтмаган қарздорлик суммаси гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлганда, ундирувни мулкка қаратмаслик белгиланмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *