Ўзбекистонда маҳалла сервис компанияларини ташкил этиш тажрибаси ижобий натижалар берди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 17 март куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
2024 йил июнь ойида тажриба тариқасида 208 та маҳаллада (тахминан 10 мингта ичидан) 23 турдаги хизмат кўрсатувчи маҳалла сервис компаниялари ташкил этилганди. Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўчалар ва ариқлар тозалигини таъминлаш, кўчатлар экиш ва парваришлаш мазкур ташкилотларнинг вазифалари қаторига киради. Бундан ташқари, улар шартнома асосида коммунал тармоқларни таъмирлаш, чиқиндиларни саралаш ва ташиш хизматларини ҳам кўрсатади.
Давлат раҳбари тажриба ижобий натижа берганини таъкидлади.
Унга кўра, ушбу компаниялар орқали 185 минг хонадонга хизмат кўрсатилган. Давлат раҳбари бош вазир ўринбосари Очилбай Раматов, Маҳаллалар уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятовга тизимни янада кенгайтириш, яна 1000 та маҳалла сервис компанияси фаолиятини ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.
«[Ушбу компаниялар] якка уйлар жойлашган барча маҳаллаларни қамраб олиши керак. Кўрсатилаётган хизматлар сонини камида 30 тага етказиш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида.
Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, маҳаллаларга хизмат кўрсатиш учун 5 минг нафар мутахассис ўқитилади. Бу 15 минг кишини иш билан таъминлаши керак. Бу вазифани бажариш Қаҳрамон Қуронбоевга юкланади.
Эслатиб ўтамиз, сервис компанияси маҳалла фуқаролар йиғини кенгашининг қарори асосида салоҳиятли тадбиркорлар орасидан танлаб олинади. Ободончилик ишлари маҳалланинг буюртмаси ва назорати асосида амалга оширилади. Сервис компаниялари хизматларига тўловлар қилиш учун маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳар ойда 20 миллион сўмдан маблағ ажратилади (тўловлар сақланиб қолиши ҳали аниқ эмас).