27 март Халқаро театр куни муносабати билан 21−27 март кунлари Ўзбекистондаги барча давлат театрларида очиқ эшиклар куни ўтказилади, деб хабар қилмоқда Маданият вазирлиги.
«Театр томошалари ҳафталиги» давомида театрга ташриф буюрувчилар учун турли спектакллар ва ижодий учрашувлар режалаштирилган.
Спектакллар мутлақо бепул намойиш этилади. Бироқ вазирлик таклифномалар сони чекланганини, уларни эса театр кассаларидан олиш мумкинлигини эслатиб ўтди.
Хусусан, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида ҳафталик доирасида қуйидагилар ўтказилади:
- 21 март — «Уч тенор» концерти;
- 22 март — ДАКТ опера саҳнасининг етакчи солистлари концерти;
- 23 март — Мирхалил Маҳмудовнинг «Кумуш» операси;
- 24 март — «Симфоник мусиқа оқшоми» концерти;
- 25 март — Гаетано Донизеттининг «Муҳаббат эликсири» операсининг премьераси;
- 26 март — Сулаймон Юдаковнинг «Майсаранинг иши» операси;
- 27 март — «Муҳаббат эликсири» операси.
Барча чиқишлар ва концертлар соат 18:00 да бошланади.