• Чт. Май 1st, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Жанубий Корея ўзбекистонликларга ишчи визаларини содда тартибда беришни синаб кўради


Корея Республикаси тарихида илк бор Ўзбекистон фуқароларига Ульсан шаҳри мэрияси орқали соддалаштирилган тартибда меҳнат визаларини бериш механизмлари жорий этилади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, 17 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев ва Ульсан шаҳри мэри Ким Ду Гём бошчилигидаги Корея делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтган.

Фото: Ўзбекистон ТИВ

Улар, жумладан, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, Ўзбекистондан меҳнат ресурсларини шаҳардаги йирик саноат объектларига жалб этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган.

«Ульсан шаҳри ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон фуқаролари учун бир қатор имтиёзлар жорий этилмоқда. Битирувчилар уч ойлик касбий тайёргарлик ва тил ўрганиш курсларини тамомлагандан сўнг меҳнат визаси олинади ва ишга жойлаштирилади. Бундай механизм пилот лойиҳа сифатида биринчи марта қўлланмоқда. Корея мэри, агар натижа ижобий бўлса, бошқа шаҳарлар ҳам Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу механизмни жорий этиши мумкинлигини тушунтирди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Корея томони Ульсан корхоналарида Ўзбекистон фуқароларини оилалари билан биргаликда, агар улар ноқонуний ҳолга келиб қолмаган бўлса, ташкилий равишда ишга жойлаштириш имконияти ҳақидаги Ўзбекистон сўровини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Ўз навбатида, Фарғона вилояти ва Ульсан метрополитен шаҳри ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик йўлга қўйилди. 18 март куни Фарғона шаҳрида Ульсан шаҳрига малакали кадрларни тайёрлаш маркази очилди. Маросимда Ульсан мэри Ким Ду Гём, Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва бошқалар қатнашди.

Ҳамкорлик меморандумига кўра, Жанубий Кореянинг «иқтисодий пойтахти» — Ульсанда ишлаш истагида бўлган номзодлар марказда 3 ойлик касб ва тил курсларидан ўтади.

Ушбу марказни тамомлаган ёшларга Ульсан ҳокимлиги тўғридан-тўғри ишчи виза беришни йўлга қўяди ва Hyundai кемасозлик компаниясига ишга жойлаштиради. Ушбу механизм Кореяга ишчи кучини етказиб берувчи жаҳондаги 17 та давлат орасида биринчи маротаба фақатгина Ўзбекистон учун қўлланмоқда, дейилади хабарда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *