Ўзбекистонда февраль ойида бирламчи ва иккиламчи автомобиль бозорларида фаоллик пасайди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида айтилишича, ой давомида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси барқарорликни кўрсатган.
Хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси эса икки баробардан кўпроққа камайган. Электромобиллар сегментида ой якунлари бўйича фаоллик пасайган.
Бирламчи бозор
Ҳозирги шароитда енгил автомобиллар бозорида сотувларнинг умумий пасайиши кузатилмоқда ва марказ бу асосан хорижий автомобил сегментидаги фаолликнинг пасайиши билан боғлиқлигини таъкидлаган. Февраль ойида енгил автомобиллар савдоси ўтган ойга нисбатан 14,5 фоизга камайган ва 67,2 мингта автомобилни ташкил этган.
Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Ой давомида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сотуви деярли ўзгармаган ва 21,7 минг дона автомобилни ташкил этган, янги хорижий автомобиллар сегментида эса сотувлар 2 баробардан ортиқроққа камайган.
Иккиламчи бозор
«Енгил автомобилларнинг иккиламчи бозоридаги вазият ҳам фаолликнинг пасайиши билан тавсифланади. Февраль ойида сотувлар 43,3 минг дона автомобилни ташкил этиб, 2025 йилнинг январига нисбатан 16 фоизга камайган», — дейилади шарҳда.
Электромобиль бозори
Бозорнинг янги енгил электромобиллар сегменти ҳам фаолликнинг пасайиши кузатилмоқда. Февраль ойида сотувлар 2,9 мингта электромобилни ташкил этган бўлиб, бу ўтган ойга нисбатан 11 фоизга кам ҳисобланади. Лекин фаоллик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравардан кўпроққа ошган.
Эслатиб ўтамиз, 1 ноябрдан Ўзбекистонга олиб келинадиган автомобиллар божхонада эмас, балки Пискентдаги полигонда техник кўрикдан ўтказилмоқда. Аввалроқ «Dunyouzbeklari.Com» жараён кўп вақт талаб этишини қайд этиб, сертификат нархи эса 3,5 баробарга ошганига эътибор қаратганди (кейинчалик нарх бироз пасайтирилди).