• Чт. Апр 24th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Италияда сунъий интеллект томонидан ёзилган дунёдаги биринчи газета нашр этилди


Италиянинг Il Foglio газетаси тўлалигича сунъий интеллект томонидан яратилган биринчи сонини чиқарди. Сунъий интеллект барча мақолалар, сарлавҳаларни ёзган ва ҳатто кинояли изоҳлар ҳам қўшган, деб ёзмоқда The Guardian.

Il Foglio бош муҳаррири Клаудио Серасанинг таъкидлашича, нашр сунъий интеллект технологиялари замонавий журналистикани қандай ўзгартираётганини кўрсатиш учун ушбу тажрибага қўл урган. Бунда янги технологияларнинг журналистлар ва барча инсонлар ҳаёти ҳамда фаолиятига таъсирини ўрганиш режа қилинган. Махсус сон 18 март куни чиқди, у тўрт саҳифадан иборат бўлиб, ҳам босма, ҳам онлайн шаклда мавжуд.

«Бу бутунлай сунъий интеллект томонидан яратилган дунёдаги биринчи кундалик газета: мақолалар ва сарлавҳалардан тортиб иқтибослар ва шарҳларгача», — деди Сераса. У журналистларнинг вазифалари фақатгина «сунъий интеллект тизимига саволлар бериб, жавобларни ўқиш» билан чекланганини таъкидлади.

Il Foglio AI газетасининг биринчи сони илк саҳифасида АҚШ президенти Дональд Трамп ҳақида мақола чоп этилган. Унда «италиялик трампчилар парадокси» таҳлил қилиниб, уларнинг «бекор қилиш маданияти»га қарши чиқишлари, бироқ «АҚШдаги ўз кумири банан республикаси мустабидидек хатти-ҳаракат қилганда» ё кўз юмишлари, ёки ундан ҳам ёмонроғи, буни «байрам қилишлари» ҳақида сўз юритилган.

Биринчи саҳифада, шунингдек, «Путин, 10 та хиёнат» сарлавҳали колонка мавжуд бўлиб, унда Россия президенти Владимир Путиннинг «20 йил давомидаги бузилган ваъдалари, бекор қилинган келишувлари ва хиёнат қилинган сўзлари» ҳақида гап боради.

Яна бир мақола эса Истат миллий статистика агентлигининг даромадларни қайта тақсимлаш бўйича сўнгги ҳисоботига ишора қилади, унда тахминан 750 000 ишчининг маоши ошиши даромад солиғи ислоҳотларининг ижобий таъсирларидан бири сифатида қайд этилади.

2-саҳифада бўлса «situationships» (ситуатив муносабатлар — романтик алоқа тури, бунда бир ёки иккала томон ҳам шеригига ёки муносабатга жиддий бел боғламайди — Collins изоҳи) ва ёш европаликлар барқарор муносабатлардан қандай қочаётганлари ҳақидаги ҳикоя келтирилган.

Умуман олганда, мақолалар содда, тушунарли, грамматик хатоларсиз ёзилган.

Бошқа йирик нашрлар ҳам вазифаларни автоматлаштириш ва мақолалар тайёрлаш учун нейрон тармоқлардан фойдаланишини тан олади. Масалан, Associated Press ахборот агентлиги журналистлар учун сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича қўлланма ишлаб чиққан.

Агентликнинг фикрича, нейрон тармоқлар муҳаррирларга мақолалар учун сарлавҳалар ёки ғоялар яратишда ёрдам бериши мумкин, шунингдек, сунъий интеллект интервью учун саволлар ўйлаб топиши ва янгиликларни грамматик ҳамда имловий хатолар бўйича таҳрирлаши мумкин. Шу билан бир пайтда, материални тўлиқ шаклда СИ ёрдамида нашр этиш тақиқланади ва журналистлар матндаги ҳар бир сўз учун жавобгардирлар.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *