Ўзбекистонда янги тадбиркорларга биринчи хатосини жазосиз тузатиш имконияти берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни тадбиркорлар билан учрашувда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, янги тадбиркорларга оёққа туришида ёрдам бериш учун бизнеснинг биринчи йилида қўллаб-қувватлов олиши айниқса муҳим.

Масалан, охирги уч йилда 17,5 минг корхона бир йил ҳам ишламай тугатилган. Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм ва Жиззах вилоятларида янги корхоналар билан ишлаш паст даражада олиб борилаётгани таъкидланди.

«Бундан буён тадбиркорликка энди қадам қўйган тадбиркор учун „биринчи имконият“ тамойили жорий этилади. Яъни илк бор маъмурий ҳуқуқбузарлик қилган тадбиркор жавобгарликдан озод қилиниб, камчиликни бартараф этиш учун унга имконият берамиз. Бир сўз билан айтганда, янги очилган тадбиркорлар биринчи хато учун жавобгарликдан суғурталанган бўлади», — деди президент.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев 2025 йилда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни маълум қилди. Кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги улушини 55 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу мақсадлар учун 10 миллиард доллар ажратилади, кичик бизнес субъектларига имтиёзли кредитлар олиш имконияти яратилади, тадбиркор аёллар учун фоиз ставкалари пасайтирилади.