19 март куни эрталаб Туркия полицияси Истанбул мэри, энг йирик мухолифатчи Республика-халқ партияси (РХП) аъзоси Экрем Имамоғлу ва яна 100 га яқин кишини, жумладан, Истанбул маъмуриятининг юқори мартабали ходимларини ҳибсга олди. Шаҳар прокуратураси баёнотига кўра, тергов иккита жиноий иш бўйича ўтмоқда.
Биринчиси — терроризм. Прокуратура материалларидан хабардор NTV телеканали маълумотларига кўра, 2024 йил март ойида бўлиб ўтган муниципал сайловларда РХП ва курд озчилиги манфаатларини ифодаловчи Халқлар демократик партияси «Шаҳар консенсуси» норасмий иттифоқини тузганидан сўнг Имамоғлу гўёки Туркияда террорчи деб топилган «Курдистон ишчи партияси» таъсирини кучайтиришга уринган.
Иккинчи иш — коррупция ва пул ювиш. Прокуратуранинг таъкидлашича, Истанбул мэриясининг Medya AŞ ва Kültür AŞ каби шуъба корхоналари қонунни бузган ҳолда ташкил этилган муниципал тендерларда ғолиб чиқиб, ўз хизматлари нархини ошириб юборган ва шу тариқа ишнинг бошқа иштирокчилари билан бирга бойиган. «Улар олган ишларнинг аксарияти якунланмаган, уларнинг баъзилари сохта бўлган ва сохта ҳисоблар бериш орқали ювилган пуллардан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланган», — дейилади прокуратура баёнотида. Ушбу иш бўйича улар, шунингдек, товламачилик ва порахўрликда гумон қилинмоқда.
Экрем Имамоғлу ҳибсга олинганидан сўнг турк лираси халқаро Forex бозорида АҚШ долларига нисбатан тарихий минимумни янгилади — 19 март куни у 11,99 фоизга пастлаб, бир доллар учун 41,1 лирагача тушиб кетди. Истанбул фонд биржасининг асосий индекси Borsa Istanbul 100 (BIST 100) 6,9%га қулади, оқибатда савдолар вақтинча тўхтатилди.
Мухолифат Имамоғлунинг ҳибсга олинишига қандай муносабат билдирди?
2019 йилда Истанбул мэри этиб сайланган ва 2024 йилда қайта сайланган 54 ёшли Имамоғлу шаҳар шимолидаги Сариер туманидаги уйида қўлга олинди. Имамоғлу тинтув пайтида ижтимоий тармоқларда видеомурожаат эълон қилди. «Биз буюк зулмга дуч келдик. Лекин мен таслим бўлмаслигимни билиб қўйишингизни истайман. Мен сизларни жуда яхши кўраман, ўзимни миллатга ишониб топшираман. Бутун халқим тик туришимни билсин», — деди у.
РХП раҳбарияти Имамоғлунинг ҳибсга олинишини сиёсий сабаб деб атади. «Биз бўлажак президентимизга қарши тўнтаришга уринишга дуч келдик. Миллатимиз ўз давлатини севади, аммо кимдир давлатни миллатга қарши қўйишга ҳаракат қилса, миллат бунга йўл қўймайди», — деб ёзди РХП раиси Ўзгур Ўзел X ижтимоий тармоғида. Унинг фикрича, Имамоғлу «сайловда бирор марта ҳам мағлуб бўлмагани» учун ҳибсга олинган.
DEM (Халқ тенглиги ва демократия партияси) ҳам худди шундай баёнот билан чиқди. «Туркия очиқдан-очиқ „суд ҳокимияти ва ҳукуматни биргаликда қуриш“ доирасида фуқаролик тўнтариши жараёнини бошдан кечирмоқда, бу тобора аниқроқ бўлиб бормоқда ва бутун сиёсий ва ижтимоий мухолифатга қаратилган», деган партия расмийларни «бу амалиётни зудлик билан тўхтатишга» ва ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирди.
РХП вакили, Анқара мэри Мансур Яваш ҳам Имамоғлуни қўллаб-қувватлади. «Ушбу мамлакатда қонун устуворлиги, демократия ва халқ иродасини ҳимоя қиладиган ҳар бир киши шуни билиши керакки, сайланган мэрга нисбатан бундай суиқасдлар ҳеч қачон ва ҳеч қандай шароитда қабул қилиниши мумкин эмас… Экремни таклиф қилишлари мумкин эди, уни бу тарзда ушлаб туриш нотўғри», — деди у (РБК).
Мансур Яваш жонли эфирда «Сизнинг навбатингиз келмайдими?» деган саволга жавоб бериб, шундай деди: «Улар нормал сиёсий кураш олиб бориш ўрнига, ўз рақибининг оёғига болта уради. Мамлакатимизда ҳамма нарса бўлиши мумкин, ҳамма нарса. Анқара прокуратурасига кўплаб аризалар келиб тушган. Менга қарши уринишлар ҳам бўлган».
Имамоғлу ҳибсга олинганидан сўнг Истанбул мэрияси махсус баёнот билан чиқди. Унда «адолат имкон қадар тезроқ тикланишига» ва қўлга олинган мэрия ходимлари ўз вазифаларини бажаришга қайтишига умид билдирилди. «Бизнинг энг асосий вазифамиз — бугунгача бўлганидек, Истанбулнинг 16 миллион аҳолисига узлуксиз ва юқори сифатли хизмат кўрсатишни давом эттиришдир. Биз ўз ишимизни барча ҳамкасбларимиз билан биргаликда давом эттирамиз ва шаҳримиз олдида худди шундай қатъият билан масъулиятни ҳис қиламиз», — дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, «жамоат тартибини сақлаш ва провокацияларнинг олдини олиш учун» Истанбул ҳукумати 19−23 март кунлари ҳар қандай йиғилиш ва намойишлар ўтказишни тақиқлади. Шунга қарамай, РХП раҳбарияти Истанбулда, парламентда ва партиянинг Анқарадаги идораси олдида, шунингдек, бошқа шаҳарларда норозилик намойишлари уюштирилишини эълон қилди.
«Қозон исёни», истеъфо талаби
Telegram`даги Baza канали «Туркияда қозон исёни» дея видеолавҳа эълон қилди.
«Истанбул аҳолиси ўз хонадонларида қозон ва товаларни тақиллатмоқда. Шу тариқа, улар шаҳар мэри ва Эрдоғаннинг 2027 йилги президентлик сайловларидаги асосий рақиби — Экрем Имамоғлунинг яқинда ҳибсга олинишига қарши норозилик билдирмоқда. Истанбулликларнинг бир қисми норозилик белгиси сифатида хонадонлардаги чироқларни ёқиб-ўчирмоқда», — дейилади постда.
Қозон исёни — 2019 йилдаги намойишларнинг такрорланиши, ўшанда Истанбул мэри сайловида Экрем Имамоғлу ғалаба қозонган, бироқ Туркия президенти Эрдоған унинг ғалабасини бекор қилганди. Ўшанда Истанбул аҳолиси Имамоғлу яна ғалаба қозониб, Эрдоған унинг ғалабасини тан олишга мажбур бўлгунига қадар ҳафталаб кастрюлькаларни тақиллатган.
Истанбулдаги «zıplamayan Tayyipçi!» (яъни сакрамаган, ўрнидан сапчимаган Эрдоған тарафдоридир — таҳр.) шиори билан намойишлар ўтмоқда. Полициячилар кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди.
Сарачхане туманидаги намойишлар, одамлар «ҳукумат, истеъфо» дея бақирмоқда.
Қўлга олинган Истанбул мэри билан илк кадрлар тарқалмоқда. Истанбул, Анқара, Трабзон, Измир ва бошқа шаҳарларда тумонат одам. Намойишчилар «Экрем Имамоғлу президент», «Диктатор Эрдоған» каби шиорларни айтмоқда.
Имамоғлу тарафдорлари Анқарада Адлия вазирлиги биноси томон юриб, мухолифатчи сиёсатчини қўллаб-қувватловчи шиорларни айтди.
Шунингдек, Истанбулда Имамоғлу тарафдорлари Истанбул университети биноси олдида тўпланди.
Бир кун олдин бу университетда Имамоғлунинг олий маълумот тўғрисидаги дипломи бекор қилинганди, бу эса уни расман кейинги президентлик сайловларида иштирок этиш имкониятидан маҳрум қилади — бу лавозимга номзодлар университет дипломига эга бўлиши керак.
Имамоғлу 1994 йилда Истанбул университетини бизнес бошқаруви мутахассислиги бўйича тамомлаган. Ушбу олий ўқув юртига у фақат Туркия томонидан тан олинган Шимолий Кипр Турк Республикасининг Кириния шаҳридаги Гирне Америка университетидан ўқишни кўчирган. 2025 йил февраль ойида Истанбул прокуратураси Имамоғлуга нисбатан сохта дипломдан фойдаланганликда гумонлаб, тергов бошлаган. Кейинчалик Туркия Олий таълим кенгаши Шимолий Кипрдаги университет YÖK тан оладиган университетлар рўйхатида йўқлигини, шунинг учун Имамоғлунинг Истанбул университетига кўчирилиши қоидабузарликлар билан содир бўлганини таъкидлади.
Президент сайлови
Охирги президентлик сайловлари Туркияда 2023 йилда бўлиб ўтган, президентлик муддати — беш йил. Навбатдагиси 2028 йилга мўлжалланган.
Имамоғлу Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг давлат раҳбари лавозими учун курашдаги асосий эҳтимолий рақиби ҳисобланади. Имамоғлу мамлакатнинг энг йирик шаҳри — Истанбул мэри сайловларида икки марта ғалаба қозонган. Эрдоғаннинг ўзи бош вазир, кейин президент бўлишидан олдин 1994−1998 йилларда ушбу шаҳар мэри бўлган. 2019 йилги маҳаллий сайловларда Эрдоған ўзининг «Адолат ва тараққиёт» партиясини огоҳлантирганди: «Агар биз Истанбулга ютқазсак, бутун республикани ютқазамиз».
2024 йил апрель ойида расмийлар муддатидан олдин овоз беришни режалаштирмаётганини маълум қилганди, бироқ йил охирида 2027 йилда овоз бериш имконияти ҳақида гапирила бошланди. Мухолифат ўшанда мамлакатдаги иқтисодий вазият ёмонлашишда давом этса, 2025 йилда муддатидан олдин сайловлар ўтказишни талаб қилишидан огоҳлантирганди.
Парламентдаги мандатлар сони бўйича иккинчи ўринда турувчи мухолифатдаги РХП 23 март куни бўлиб ўтадиган партия ичидаги сайловларда ўз номзодини аниқлаши керак эди ва эҳтимолий номзод айнан Имамоғлу эди. Президентлик сайловларида РХП номзоди энди Анқара мэри Мансур Яваш бўлиши мумкин.
Сўнгги йилларда Туркияда икки хонали инфляция 2024 йил май ойида 75,5 фоизга етди, Эрдоған қайта сайлангандан ва Туркия Марказий банки раҳбари ўзгарганидан сўнг деярли дарҳол ўса бошлади. The Financial Times нашрининг таъкидлашича, Эрдоған аввалги президентлик даврида Туркия Марказий банкини асосий ставкани 19 фоиздан 8,5 фоизгача туширишга ундаган, шундан сўнг у инфляция инқирозини қўзғатгани ва лиранинг долларга нисбатан курсини кескин пасайтиргани учун қаттиқ танқид қилинган. Марказий банк раҳбариятининг ўзгариши билан қатъийроқ пул-кредит сиёсати даври бошланди, асосий ставка ўса бошлади. 2024 йилда мамлакат молия вазири Меҳмет Шимшек давлат харажатларини қисқартиришга қаратилган уч йиллик қатъий тежамкорлик режасини эълон қилди.
РБК нашри билан суҳбатлашган экспертларнинг фикрича, Истанбул мэрининг ҳибсга олиниши сиёсий сабабларга кўра амалга оширилган. «Имамоғлу Эрдоғаннинг рақиби ҳисобланадими? Ҳа, албатта. У хавфли рақиб — у 2019 ва 2024 йилларда Истанбул мэри сайловларида ғалаба қозонган, — дея тушунтирди РБКга „Туркия кун тартиби“ Telegram канали муаллифи Яшар Ниязбаев. — Имамоғлу жуда машҳур, унинг қўллаб-қувватланиши яхши ва у ўз атрофида маълум кучларни бирлаштириши мумкин». «Катта эҳтимол билан, тўрт кундан кейин унинг ҳибсга олингани эълон қилинади», — дея тахмин қилади Ниязбаев ва расмийлар Имамоғлуни ҳам дипломдан маҳрум қилиш, ҳам жиноий таъқиб орқали зарарсизлантиришга уринаётганини таъкидлайди.
Имамоғлу ҳибсга олинганидан кейин Туркия Адлия вазирлиги унинг иши бўйича терговни Эрдоғон билан боғламасликка чақирди. «Тергов ва суд бошлаган ишларни президентимиз билан боғлаш, юмшоқ қилиб айтганда, сурбетлик ва чегарани билмасликдир. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига эга бўлган мамлакатимизда ҳокимиятлар бўлиниши зарур. Суд ҳокимияти ҳеч кимдан буйруқ ва кўрсатма олмайди. Тергов мазмуни ҳақида маълумотга эга бўлмай туриб, шошма-шошарлик билан ҳам ижобий, ҳам салбий хулоса чиқариш нотўғри», — дейилади вазирлик баёнотида.