Жиззах вилояти Жиззах шаҳрида юк машинаси йўловчи микроавтобус билан тўқнашди, дея хабар бермоқда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳолат 18 март куни шаҳарнинг Нурлиобод маҳалласидан ўтган А376 халқаро автомобиль йўлида содир бўлган.

Ҳаракатланиб келаётган юк автомашинаси ўзи билан бир йўналишда чапга бурилмоқчи бўлган Lacetti ва қарама-қарши томонда келаётган йўловчи микроавтобус билан тўқнашган.

Zo‘r TV телеканалида маълум қилинишича, 1 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, 15 нафар фуқаро Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалига олиб борилган.

Кўрсатитлган ёрдамларга қарамасдан яна 2 нафар фуқаро шифохонада вафот этган.

«Олиб келинган беморларимиз реанимация бўлимига, ўрта оғир даражада бўлганлари травматология, нейрохирургия, урология бўлимларига ётқизилган. Уларнинг аҳволи стабил оғир», — деди РШТЁИМ Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Баҳром Холмирзаев.

Вилоят ЙҲХБ хабарига кўра, келгусида бундай ЙТҲларнинг олдини олиш учун юк машинаси ҳайдовчиси ишлайдиган компанияда 120 нафар юк машинаси ҳайдовчиси билан тушунтириш ишлари олиб борилган.

«Юк машинаси агар ўнг томондан ҳаракатланганида, 5.8.7 йўл белгисига амал қилганида бу ҳолат бўлмасди», — деди ЙҲХБ вакили.