• Чт. Апр 24th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентдаги биринчи жамоатчилик парки учун 300 туп дарахт экилди


19 март куни Zamin халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида Юнусобод туманининг Осиё кўчасидаги собиқ астрономия боғи — Ўзгидромет, Астрономия ва Сейсмология институтлари ўртасида жойлашган ҳудуд — Тошкентдаги биринчи жамоатчилик яшил паркида дарахт кўчатлари экилди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Қайд этилишича, ҳудуди 7,5 гектарга тенг Oxygen park — биринчи яшил жамоат паркида ўтказилган акция давомида 300 туп дарахт кўчати экилди.

Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, парк тўлиқ Европа, жумладан, Япония тажрибаси асосида барпо қилинмоқда, унда фақат маҳаллий иқлимга мос дарахтлар экилади.

«Илк бор 100 турдаги атиргул экилмоқда ва ўзига хос атиргул боғи барпо қилинмоқда. Паркда табиий кўл яратилади. Қушлар учун инлар қурилади. Жамоат паркининг ҳамма йўлаклари тошлардан, ўриндиқлари эса қуриган дарахтлардан, яъни тўлиқ табиий материаллардан қилинади. Ҳудудда йил давомида кетма-кет гуллайдиган ўсимликлар экилади ва бу паркнинг доимий кўркам қиёфа касб этишига хизмат қилади» — дея таъкидлади у.

Шунингдек, хиёбонда 1200 тупдан ортиқ дарахт ва 23 минг туп бута, хусусан, 208 туп шумтол, 160 туп заранг, 190 туп бандли эман, 137 туп йирик баргли жўка, 46 туп лола дарахти, 177 туп қрим қарағайи, 52 туп аризон кипариси, 23 туп садақайрағоч, 38 туп мажнунтол, 6 туп Канада багранниги, 6 туп магнолия, 50 туп япон сафораси, 6 туп зарафшон арчаси, 100 туп узун баргли (оддий) арча, 50 туп оқ қайин ва 20 туп чинор кўчатлари экиш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, 9 туп писсарда олхўриси, 189 туп Сурия атиргули, 2370 туп лаванда, 2120 туп фотиния, 260 туп шарқ туяси, 26 туп ҳинд сирени, 400 туп форзиция, 600 туп магония, 200 туп штамб атиргули ва 17460 туп ҳар хил турдаги атиргул кўчатлари экилади.

жамоатчилик парки, oxygen park, собиқ астрономия боғи, азиз абдуҳакимов, экология вазирлиги

Жамоат паркига кириш бепул ва истаган киши ҳордиқ чиқариши мумкин бўлади. Унда бирорта ҳам чиқинди қутилари ўрнатилмайди, фақат паркка киришда ва чиқишда қўйилади. Яъни дам олувчилар чиқиндиларини ўзлари билан олиб кетиши керак бўлади, жамоат паркига чиқинди ташлаш қатъий тақиқланади.

Дарахт ва бута кўчатларини парваришлаш учун сунъий сув ҳавзаси ҳамда қуёш энергиясидан қувватланадиган ер ости қудуғи ташкил этилади, дейилади хабарда.

Жамоат паркининг очилиш маросими баҳор мавсумининг кейинги ойларига мўлжалланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда 5,5 гектардан иборат мазкур ҳудудни «Астрономия ва аэронавтика» боғига айлантириш тўғрисида президентнинг қарори имзоланганди. Орадан беш йил ўтиб, пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу ҳудудни «Замонавий гул боғи»га айлантириш бўйича қарор чиқарган. Аммо ҳар икки лойиҳа ҳам охиригача амалга ошмай қолган.

Ушбу ҳудуд 2024 йилнинг сентябрь бошида Экология вазирлиги тасарруфига ўтказилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *