• Чт. Апр 24th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ўзбекистонда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган иш тартиби жорий этилди» — бош прокурор



Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон аҳолисига мурожаат билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари эндиликда кучайтирилган иш тартибига ўтиб, жиноятларнинг олдини олиш, тергов сифати ва жазонинг муқаррарлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади.

Йўлдошев Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг кенгайтирилган мажлисида президент муҳим вазифаларни белгилаб берганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, тегишли идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда қуйидаги тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинган.

«Биринчидан, жиноятларнинг олдини олиш, мамлакатда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган иш тартиби жорий этилди. Энди барча куч ва воситаларни, жиноятларнинг оқибати билан курашишга эмас, уларни келтириб чиқараётган туб сабаб ва омилларни аниқлаб, бартараф этишга сафарбар қиламиз», — деди Йўлдошев.

Унинг айтишича, бу борада ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик янада кучайтирилади, барча саъй-ҳаракатлар самарали мувофиқлаштириб борилади.

Ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътибор кучайтирилади, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан бевосита учрашувлар ўтказиб, «фуқаробай» иш тизими жорий этилади.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода «жиноятчиликка қарши иммунитет»ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

«Жиноятга жазо муқаррар»лигини таъминлаш, жабрланганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чоралари янада кучайтирилади.

Президент қарори асосида содир этилган жиноятларни ҳар куни тезкор таҳлил қилиб, манзилли тадбирларни белгилаш, кунлик сўров ва назорат тизими йўлга қўйилади.

«Иккинчидан, тергов сифати янада оширилади, бу жараёнларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига йўл қўйилмайди. Қайси идорада бўлмасин, ҳар бир текширув ҳамда тергов иши прокурорларнинг кундалик ва қатъий назоратида бўлади. Текширув ва тергов ҳаракатларининг ҳар томонлама, тўлиқ, энг асосийси, холис ва қонуний ўтказилишини таъминлашга, тергов ходимларининг шахсий масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади», — деди бош прокурор.

Бу фаолиятга илм-фан ютуқлари ва замонавий ахборот технологиялар жорий этилади, соҳани рақамлаштириш чоралари кўрилади.

«Энг асосийси, одамларнинг тергов идораларида сарсон бўлишига,тазйиқ ва зўравонликка учрашига, ноқонуний ҳибсга олиниши ва жавобгарликка тортилишига йўл қўймасликнинг барча чораларини кўрамиз. Айбланувчиларга эҳтиёт чорасини қўллашда адолатни таъминлаш, ҳимоя ҳуқуқини мустаҳкамлаш, адвокатлар фаолиятига тўсқинликларни бартараф этиш прокурорларнинг алоҳида эътиборида бўлади», — деди у.

«Учинчидан, бундан буён прокуратура органларининг энг юқори тизимидан қуйи бўғинигача, умуман, барча куч ва воситаларимиз коррупцияга қарши курашишга тўлиқ сафарбар қилинади. Бу борада барча давлат ва нодавлат тузилмалари, ҳокимликлар, кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқамиз, жамиятнинг барча қатламлари салоҳиятини бирлаштириш йўлидан борамиз», — деди Йўлдошев.

«Жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муҳитини шакллантиришнинг барча чораларини кўрамиз. Коррупцияга имкон бераётган омилларни, туб сабабларни аниқлаш учун энг чекка ҳудудларгача борамиз,ҳар бир соҳага чуқур кирамиз. Ижтимоий сўровномалар, мулоқот ва учрашувлар ташкил қилиб, халқимизнинг эътирозлари, фикр ва таклифларини доимий ўрганамиз. Шу орқали, соҳа ва ҳудудлардаги «коррупциявий туйнук»ларни аниқлаб, уларни таг-томири билан йўқ қилиш бўйича манзилли чоралар кўрамиз», — дея қайд этди у.

Бюджет маблағлари, жумладан субсидия ва бошқа кўринишдаги давлат кўмагининг сарфланиши, давлат харидлари, хизмат кўрсатиш жараёнлари, умуман, аҳоли кўп дуч келадиган соҳаларда турли суиистеъмолчилик ва бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш, қонунийликни таъминлаш диққат марказида бўлишини маълум қилди.

«Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, барча соҳаларни рақамлаштириш, инсон омилини қисқартириш чораларига алоҳида масъулият билан ёндашамиз. Коррупцияни фош этишга доир ҳамкорликдаги тадбирларни ҳам янада жадаллаштирамиз, умуман, аҳоли ва тадбиркорларни, шу жумладан инвесторларни жиноий тажовузлардан ҳимоялаш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз», — дейди у.

Бош прокурор бунинг учун, коррупциявий ҳолатлар ҳақида бош прокуратурага тезкор хабар бериш имкониятини берувчи, тун-у кун ишлайдиган «Ишонч телефони» ва Telegram ботни ишга туширилганини эслатди. Махсус операторлар гуруҳи фаолиятини ҳам йўлга қўйилган.

«Албатта, бу вазифаларни билимли, ташаббускор, садоқатли ва бугунги ислоҳотлар натижаларига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган ходимлар корпуси билангина самарали амалга ошириш мумкин. Шу боис, ходимларимизнинг билими, дунёқараши, онгу тафаккурини ривожлантириш, маънавий салоҳиятини юксалтириш чораларини изчил давом эттирамиз», — дея мурожаатини якунлаган Ниғматилла Йўлдошев.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *