Истанбул мэри Экрем Имамоғлуга нисбатан бошланган тергов ҳаракатлари фонида ижтимоий тармоқларда провокацион пост қолдирган 261 киши аниқланди.
Ички ишлар вазири Али Ерликаянинг X саҳифасида ёзишича, айрим ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар орқали «халқ ғазаби ва адоватига» ҳамда «жиноят содир этишга даъват» этилган постлар жойлаштирилган. Улар жами 261 нафар гумонланувчига тегишли, 62 нафари хорижда, дейди у.
«Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармамиз ва Хавфсизлик бошқармамиз раҳбарияти томонидан олиб борилган мувофиқлаштирилган ишлар натижасида 37 нафар гумонланувчи қўлга олинди, бошқа гумонланувчиларни қўлга олиш бўйича ишлар давом этмоқда», — деди вазир.
Ерликая, шунингдек, Х тармоғида 20 март соат 06:00 га қадар ушбу мавзуга оид жами 18 647 269 та пост жойлаштирилгани, ушбу постларнинг 66 фоизи номли аккаунт, 34 фоизи эса бот аккаунт экани аниқланган»ини маълум қилди.
- Мухолифатчи, Истанбул мэри Экрем Имамоғлу 19 март куни ҳибсга олингач, Туркиянинг айрим шаҳарларида норозилик намойишлари бошланиб кетди. Улар Имамоғлу ва бошқаларни озод этишни, шунингдек, Эрдоғаннинг истеъфосини сўрамоқда. Мамлакатда турк лираси рекорд даражада пастлади. Шаҳар прокуратураси баёнотига кўра, тергов иккита жиноий иш бўйича ўтмоқда.
- Имамоғлунинг ҳибсга олиниши фонида Туркия ҳукумати бир нечта ижтимоий тармоқларга, жумладан, Х ва Youtube’га киришни чеклади, деб хабар берди NetBlocks мониторинг ресурси. Истанбул муниципалитети 23 мартгача шаҳарда намойишлар ўтказишни вақтинча тақиқлади. Шаҳар марказида ҳам бир қатор метро бекатлари ва йўллар ёпилди.
- Экрем Имамоғлу 2019 йилдан буён Истанбулни бошқариб келмоқда. Биринчи марта Туркия Марказий сайлов комиссияси унинг ғалабасини бекор қилди, аммо такрорий сайловда у янада катта фарқ билан ғалаба қозонди. 2024 йилда Имамоғлу бу лавозимга қайта сайланди. Имамоғлу навбатдаги сайловда Эрдоған учун потенциал рақиб сифатида кўрилади.