Президент Шавкат Мирзиёев 20 март куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида барпо этилган High Town City мажмуасини бориб кўрди, дея хабар қилмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, у кенг қамровли бўлиб, савдо ва кўнгилочар маркази, бизнес маркази, меҳмонхона ва замонавий турар жойларни ўз ичига олган. Бунга 510 млн доллар тўлиқ хорижий инвестиция йўналтирилган.
Тўрт қаватли бинода савдо дўконлари, жумладан, машҳур брендларнинг шохобчалари очилган. Ресторан ва кафелар, кўнгилочар ўйингоҳлар, спорт майдонлари, кинотеатрлар, ер остида автотураргоҳ бор.
Мажмуа бир кунда 5 минг кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Унда 1 минг 500 киши иш билан таъминланди.
Президент мажмуанинг иқтисодий аҳамияти ва аҳоли учун қулайлигини қайд этди. Шунингдек, миллий маҳсулотларни брендга айлантириш, уларни ташқи бозорларда таништириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Шавкат Мирзиёев савдо марказида китоб дўкони очилишини олқишлаб, метро бекатлари, кутиш жойларида ҳам кичик китоб дўконлари ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини айтди.
Давлат раҳбари ўйин майдончасидаги болалар билан суҳбатлашди.
«Бугунги барча саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз келажаги учун қилинаётгани, бунинг учун болалар яхши ўқиб, ақлий ва ижодий салоҳиятини ривожлантириб бориши кераклигини таъкидлади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Яқинда 24 қаватли, беш юлдузли меҳмонхона ҳам барпо этилиши режалаштирилган. Унда 250 та хона бўлиб, бир вақтнинг ўзида 430 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Давлат раҳбарига шу ерда қуриладиган замонавий уй-жойлар лойиҳаси тақдимот қилинди. Унга кўра, 1 минг 500 та хонадондан иборат 28 та кўп қаватли уй бунёд этилади. Мажмуа ҳовлиси автомобиллар учун ёпиқ ва яшил ҳудуд бўлади. Болалар боғчаси, ўйин майдончаси, теннис корти, ерости автотураргоҳ ташкил этилади. Мажмуа ҳудуди тўлиқ Wi-Fi билан қамраб олинади ҳамда биноларда шовқинсиз лифтлар ўрнатилади.