Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси мамлакатда шу кунларда бўлаётган турли норозилик намойишлари ва оммавий йиғилишлар сабабли фуқароларни эҳтиёткорликка чақирди.

Жумладан, Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ижтимоий тармоқларда «провокацион постлар» жойлаштирган 261 кишини аниқлагани ва 37 кишини ҳибсга олгани ҳақида ёзгандик. «Шу сабабли сизни ижтимоий тармоқларда ҳар қандай хабар ёки фикр билдиришда жуда эҳтиёт бўлишга чақирамиз», — дейилади консулхона баёнотида.

Хавфсизликни таъминлаш учун қуйидагиларга амал қилиш сўралмоқда:

  • ҳар қандай норозилик намойишлари, митинглар ва оммавий йиғинлардан узоқроқ бўлиш;
  • одам гавжум жойларга бормаслик ва ҳаракатланиш йўналишингизни олдиндан режалаштириш;
  • ижтимоий тармоқларда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш, провокацион хабарлар жойлаштирмаслик ва тарқатмаслик;
  • расмий хабарларга эътибор бериш ва вазият бўйича янгиликларни кузатиб бориш;
  • фавқулодда ҳолатларда Бош консулхона билан боғланиш (алоқа учун: +90 553 541 17 17).

«Сизнинг хавфсизлигингиз биз учун муҳим! Иложи борича эҳтиёт бўлинг ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг кўрсатмаларига риоя қилинг», — дея якунланади баёнот.

  • Мухолифатчи, Истанбул мэри Экрем Имамоғлу 19 март куни ҳибсга олингач, Туркиянинг айрим шаҳарларида норозилик намойишлари бошланиб кетди. Улар Имамоғлу ва бошқаларни озод этишни, шунингдек, Эрдоғаннинг истеъфосини сўрамоқда. Мамлакатда турк лираси рекорд даражада пастлади. Шаҳар прокуратураси баёнотига кўра, тергов иккита жиноий иш бўйича ўтмоқда.
  • Имамоғлунинг ҳибсга олиниши фонида Туркия ҳукумати бир нечта ижтимоий тармоқларга, жумладан, Х ва Youtube’га киришни чеклади, деб хабар берди NetBlocks мониторинг ресурси. Истанбул муниципалитети 23 мартгача шаҳарда намойишлар ўтказишни вақтинча тақиқлади. Шаҳар марказида ҳам бир қатор метро бекатлари ва йўллар ёпилди.
  • Истанбул мэри Экрем Имамоғлу қўлга олингач, ижтимоий тармоқларда провокацион пост қолдирган 261 киши аниқланди, уларнинг 37 нафари ушланди, деб хабар берди Туркия ички ишлар вазири Али Ерликая. Мамлакатдаги йирик шаҳарларда мухолифат намойишлари бўлиб ўтди.
  • Экрем Имамоғлу 2019 йилдан буён Истанбулни бошқариб келмоқда. Биринчи марта Туркия Марказий сайлов комиссияси унинг ғалабасини бекор қилди, аммо такрорий сайловда у янада катта фарқ билан ғалаба қозонди. 2024 йилда Имамоғлу бу лавозимга қайта сайланди. Имамоғлу навбатдаги сайловда Эрдоған учун потенциал рақиб сифатида кўрилади.