Тошкентнинг Сергели туманидаги кўп қаватли уйлардан бирининг деворига ҳавони тозалаш хусусиятига эга экомурал чизилди, дея хабар бермоқда «Dunyouzbeklari.Com» мухбири. Ўз йўналишида Ўзбекистонда ҳозирча ягона ҳисобланган ушбу деворий тасвир рассом Надежда Риксиева томонидан TBC Bank билан ҳамкорликда тайёрланган.
Мурал Airlite бўёқларидан фойдаланган ҳолда чизилган Ўзбекистондаги илк деворий сурат бўлди. Италиянинг The Blue Planet компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган бу тур бўёқлар ҳавони худди дарахтлар каби тозалаш хусусиятига эга. Бўёқ таркибидаги титан диоксиди ҳаводаги ифлослантирувчи моддалар (масалан, иссиқлик электр станциялари, металлургия саноати ва автомобиль чиқиндиларидан ҳосил бўладиган азот оксидлари) билан реакцияга киришиб, уларни хавфсиз нитратларга айлантиради.
Бундан ташқари, бўёқ қуёш нурларининг иссиқлик улашувчи компонентларини қайтариб, ортиқча қизиб кетишнинг ҳам олдини олади. Бу эса биноларнинг энергия самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
250 квадрат метр майдонни эгаллаган суратни чизиш бир ҳафта вақт олди. Умуман, лойиҳани амалга ошириш давомида энг кўп вақт концепцияни ишлаб чиқиш ва бўёқларнинг Италиядан етиб келишини кутишга кетди, дейди TBC Uzbekistan компаниясининг ижтимоий лойиҳалар бўйича менежери Истора Ғозиева.
«Мурал учун турли вариантларни кўриб чиқдик ва шарқона қиёфадаги қизнинг тоза ҳаводан тўйиб, завқланиб нафас олаётганини кўрсатувчи ғоя бизга энг жозибали бўлиб кўринди», — деди у.
Истора Ғозиева бундай ўзига хос деворий тасвир учун нега Сергели танланганини тушунтираркан, ушбу туман Тошкентнинг энг жадал ривожланаётган, аҳоли зич ҳудудларидан бири экани, шу тариқа бу ерда экологик муаммоларнинг янгича ечимларига кўпроқ одамнинг эътиборини қаратиш ҳамда уларни илҳомлантириш мумкинлигини таъкидлади.
Қайд этиш жоиз, БМТнинг Атроф-муҳит дастури 2019 йили Airlite’ни ҳаво ифлосланишига қарши курашда ёрдам берувчи тўрт инновацион технологиядан бири сифатида эътироф этган. Рим маъмурияти эса 2024 йилдан шаҳар биноларида олиб бориладиган хўжалик ишларида шу тур бўёқларидан фойдаланишга қарор қилган.