• Чт. Май 1st, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Сенинг ёшлигинг менда бўлсайди…». Олима Одинахон Муҳаммад Содиқ тавсиялари

«Сенинг ёшлигинг менда бўлсайди…». Олима Одинахон Муҳаммад Содиқ тавсиялари


«Dunyouzbeklari.Com» ёшлар учун мўлжалланган «Сенинг ёшлигинг менда бўлсайди…» номли лойиҳа бошлади. Унда эл-юрт орасида ҳурматга сазовор кишилар ўз ёшлигини эслаб, ҳозирги замон нуқтаи назаридан ёшларга тавсиялар беради. Илк меҳмон — олима, Ислом шариати ва ҳадис илми мутахассиси Одинахон Муҳаммад Содиқ.

Одинахон Муҳаммад Содиқ — 1980 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Аввал Ливиядаги Халқаро исломий даъват университети Исломга даъват факультетида бакалавр, сўнг Туркиядаги Халқаро исломий даъват университети Имом Молик халқаро фанлар академиясининг «Ислом шариати ва ҳадис илми» магистри даражасини олган.

У бугунги кунда «Хадичаи Кубро» аёл-қизлар мадрасасида мударрислик қилиш баробарида кўплаб маърифий лойиҳаларга ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, унинг ташаббуси билан жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг билим олишларига кўмаклашиш ва китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида «Пешқадам мактаби» ўқув маркази, «Пешқадам карвони» лойиҳаси, «Китобқанд» кутубхонаси ташкил этилган.

— Ёшлик йилларингизни учта жумлада қандай таърифлаган бўлардингиз?

— Ёшлигим ҳодисаларга бой, вазият жиҳатидан бироз мураккаб ва баракатли бўлган.

Маълум сабабларга кўра, 1993 йилдан бошлаб 7 йил давомида Ўзбекистондан йироқда бўлганмиз. Дастлаб Саудия Арабистони, кейин Ливияда истиқомат қилдик. У ерда оилавий ҳолатда кўпроқ илм билан банд эдик. Ўша дамларда Ўзбекистонда ҳам кўп ўзгаришлар бўлган. Шунингдек, биз истиқомат қилаётган мамлакатларда ўзгариш жараёнлари ўтаётган эди.

Мусофирчилик, бошқа юртларда юриш, кўпчилик билан танишиш, ўқишга кириш, ютуқларга эга бўлиш каби кўп янгиликлар билан юзланганмиз. Шунинг муқобилида Ватан соғинчи, ўзга юртларда, ўзга тилда, ўзга талабларга кўра, мураккаб таълимда ўқиш ҳам осон бўлмаган.

Ўзбекистонга қайтганимиздан сўнг ҳаётнинг янгидан бошланиши ҳам осон кечмаган. Одатланмаган жойимиз, одатланмаган ҳолатларга яна ўрганиб олиш каттароқ сабр, меҳнат талаб қилган. Лекин хайрли, шу билан бирга баракатли бўлган.

Баракатлилиги, аввало, шахслар сабабидан эди. Биринчи ўринда отамиз ҳаёт эдилар, Аллоҳ раҳмат қилсин. Умримизнинг улар билан кечган ҳар бир қисми баракатли бўлган. Шунингдек, уларга сафдош, ёш жиҳатидан тенгдошроқ бўлган қариндошлар, аҳли илм, дўст-биродарлар бор пайтларида ҳам ҳаётларининг баракатлари сезиларди. Ҳаммалари ўтиб кетишди, Аллоҳ раҳмат қилсин.

Шунингдек, у вақтларда ҳаёт тарзи ҳам ҳозиргидан бошқачароқ эди. Оқибат кўпроқ, ўзаро мулоқот, ихлос, самимият кўпроқ эди. Мулоқот усуллари ўзгариши, кўпчилик бир-биридан йироқлашиб кетишига интернетнинг ҳам таъсири бўлгани сир эмас. Қолаверса, биз ёшлигимизда чалғитувчи нарсалар ҳам камроқ эди. Шунинг учун анчайин баракатли бўлган деб ўйлайман. Валлоҳи аълам.

— Ёшлигингизни нимага сарфлагансиз? Ҳозирда ёшлар бу даврини нимага сарфлаши керак, деб ҳисоблайсиз?

— Ёшлигимни кўпроқ илм олишга сарфлаганман. Саудия Арабистонида Қуръон ёдлаш билан машғул бўлдим. Кейин отамиз бизнинг фойдамизни кўзлаб Ливияда ўқишимизни маъқул кўрдилар. Ливияда ўзлари битирган даргоҳ — Халқаро исломий даъват университети Исломга даъват факультетига акам иккаловимизни ўқишга бердилар. Икки йил тайёрлов гуруҳида ўқиб, сўнг факультетга кирганман.

Курсдошларимдан кўра анча ёш эдим. Ўқиш машаққатли бўлган, талаблар кўп эди, қаттиқ меҳнат қилишга тўғри келган. Бундан ташқари, ўқиш асносида маълум соҳага ихтисослашиб, бу бўйича қизиқишларингиз ҳам ортади. Бу қизиқишлар ҳам кўпроқ изланиш, аҳли илм билан суҳбатда бўлиш, китоблар ўқишга ундайди. Ёшлик йилларимни шу тариқа кўпроқ ўқишга сарфлаганман.

Вақт қадрли эканини ҳаммамиз биламиз. Ҳар бир нарсанинг қийматини топиш мумкин, илло вақтники йўқ. Ўтиб кетгач, қайтмайди ҳам. Шунинг учун ёшларимизга берадиган тавсиям шу — ҳозир вақтингизни эртага ортга қараганингизда афсусланмайдиган, манфаатли нарсаларга сарфланг. Инсон келгусини кўпроқ ўйлаши керак.

Тўғри, ёшликда жўшқин бўламиз, ўзига жалб қиладиган, эътиборни тортадиган нарсалар ниҳоятда кўп. Биргина интернетнинг ўзи қанчага татийди. Бундан ташқари, бу даврда ўйнаб қолишга, кўнгилхушликларга ҳам инсоннинг қизиқиши табиий. Инсон дўстлар билан бўлганда кўпроқ шу нарсаларга жалб қилинади.

Лекин бир ишга киришишдан аввал ўзига ўзи савол бериши керак: шу иш кейинчалик менга нима беради? Ўзи инсон яшаётган пайти аввало ўлимига тайёрланади — қилаётган ишларим вафотимдан кейин зарар бўлмасин, роҳатини охиратимда кўрай, дейди. Бунга ёшликни шундай ўтказайки, қарилик даврида қийналиб қолмай, деган маънода қараш ҳам мумкин.

Энг манфаатли нарса — илмга сарфлаш. Чунки илм сизни дунёю охиратда азиз қилади. Илм бўлганда ҳам муносиб илм.

Ҳозир мутахассислар кўп, ёшларга эътибор катта. Ёшлар ўз йўналишини танлаётганда катталар, мутахассислардан маслаҳат олса, маълум муддат ўтиб нотўғри йўлни танлаган эканман деб афсус-надоматга қолишмайди.

Шунингдек, китоб ўқишни тавсия қилган бўлардим. Чунки китобни ўқиб, ичидан маълумот олган одам ҳеч қачон бунга сарфлаган вақти учун надомат қилмайди. Китоб сизга фойда келтирса келтирадики, ҳеч зарар келтирмайди.

— Ёшлигингиздаги қайси қадриятингиз ҳалигача сиз билан қолган? У қадриятга қандай келгансиз?

— Диний қадрият, илм-маърифатга бўлган муҳаббат ва ҳаракат. Булар ёшлигимизда ҳам бўлган, ҳозир ҳам давом этяпти. Умид қиламанки, иккиси умримнинг охиригача ҳамроҳ бўлади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг фазли карамидан. Агар у бермаса, бу нарсаларга эга бўлмасдик. Шунингдек, ота-онамизнинг тарбияси, динни чиройли етказиб, тушунтириб беришгани, аввало ўзлари намуна бўлишгани сабабидан ҳам деб биламан.

Қолаверса, инсонларга бўлган муносабатда уларга яхшиликни раво кўриш борасида ҳам чиройли намуна олганмиз. Ёшлик пайтида унча англаб-англамаган бўлсак-да, ёшимиз улғайгач халқимизнинг хизматини кўзлаш, уларга яхшиликни раво кўриш кераклигини чуқурроқ англаб боряпмиз. Бунинг учун яна Аллоҳга шукр келтирган ҳолда шунга сабабчи бўлган инсонларнинг ҳақларига Аллоҳ таолодан хайрини сўраб дуо қиламиз.

— Ёшлигингизда иш/касб танлашда сиз учун энг муҳими нима бўлган? Бу борада ҳозирги ёшларга қандай тавсиялар берасиз?

— Тўғрисини айтсам, ўша пайтда отамнинг розиликлари муҳим бўлган. Шу қадар яхши кўрганимдан қиладиган ишларимда доимо у кишининг хурсанд бўлишларини назарда тутардим. Улар менга энг катта намуна бўлганлар. Нима ишни қилсалар тўғри ҳисоблаганман, нима тавсия берсалар ҳам тўлиқ ишонганман. Яъни, устозим, ҳазратим, отам ҳеч қачон менга нотўғри нарсани айтмайдилар, нотўғри тавсия қилмайдилар, деганман.

Қолаверса, ўзлари гўзал ўрнак, намуна бўлиб турганликлари учун ҳам уларга ўхшашга ҳаракат қилганман. Гарчи ўша пайтда менинг ёшимдаги қизлар бу каби даргоҳларда ўқимаган бўлса-да, отамга эргашиб, уларга ўхшашга интилиб йўлимни ихтиёр қилганман. Менга отам бош бўляптилар, ўзлари маслаҳат беряптилар, шу йўлдан кетсам, яхши бўлади, деб кўнглим тўқ бўлган. Ҳозир кўпроқ инсонларнинг эҳтиёжи нимада бўлса, жамиятимизда нима бўшлиғу унинг ўрнини қандай тўлдириш мумкин, нима қилса дунёю охиратга хайрли бўлади, деган мақсад билан ҳаракатимни давом эттиряпман.

Умумий олганда, ҳамманинг атрофида ҳам тўғри маслаҳат берадиган кишилари бўлмаслиги мумкин. Қолаверса, ҳозир чалғитувчи нарсалар, нотўғри ташвиқот қилаётганлар, нотўғри намуна бўлаётган жиҳат ва шахслар ҳам кўп. Ёлғон чиндан кўпроқ, носамимий нарсалар кўпайиб кетаётган даврда яшаяпмиз. Шу жиҳатдан ёшларимизга ҳам осон эмас. Эҳтиёт бўлмаса, хато қарор қабул қилиши, бунинг оқибатида ўзига ўзи зарар етказиб қўйиш эҳтимоли кўп. Аллоҳ асрасин.

Шунинг учун уларга берадиган тавсиямиз — ўзларининг истагу иштиёқларини инобатга олган ҳолда билимли одамларга маслаҳат солишсин. Маслаҳат олиш ва бериш бизнинг диний қадриятларимизда ҳам, миллийлигимизда ҳам бор.

Баъзи пайтларда қизиқишнинг ўзига кифоя эмас, баъзан эса иқтидорнинг ўзи етарли бўлмайди. Мана шу иккаласи жамланганда, қўшимча ҳолатда имконият ҳам бўладиган бўлса, кейин қийналмай кетиши мумкин.

Масалан, кимгадир ҳисоблаш иқтидори берилган, математикада зўр. Лекин ўзида бунга қизиқиши йўқ, бошқа нарсага қизиқади. Фақат иқтидорига асосланиб ўқишга кирадиган бўлса, ўқимаслиги ёки йўлнинг ўртасида кўзига бошқа нарса чиройли кўриниб қолиши мумкин. Ёки кимдадир математикага қизиқиш бор, лекин Аллоҳ таолодан берилган иқтидор йўқ — минг хоҳласа ҳам математикани ўзлаштиролмай қийналиши мумкин.

— Ёшликда ҳаёт тарзингиз (соғлом овқатланиш, тўғри кун тартиби, меъёрдаги уйқу ва шу каби бошқа одатлар) қандай натижа берган, деб ўйлайсиз?

— Ўзимиз самимиятга чақиряпмизми, ўзимиз ҳам самимий бўлишимиз керак. Ҳозиргача бўлган ҳаётий босқичларимда саналган жиҳатларга ҳар доим ҳам тўла амал қилганман, дея олмайман. Лекин талаблик давримда тартибга амал қилганман. Вақтида уйқуга кетиб, эрта уйғониш, соғлом овқатланиш ҳаракатлари бўлган. Бунинг самарасини ҳам кўрганман. Ўзим соғлом, қолаверса, илмим ўрнида бўлган, дарслардан кеч қолмаганман. Эсласам, ўша пайтларга ўзимнинг ҳам ҳавасим келади.

Лекин ундан кейин даврлар, масалан, оилали, фарзандли бўлгач, ундан кейинги босқичларда, уйқу, овқатланиш борасидаги тартиблар бузилди. Лекин илмга алоқадор тартибни доимо ушлашга ҳаракат қилганман. Бу ҳам тарбиядан ўтган ҳолат. Бошланган нарсани вақтида тугатишга эътибор берардим. Бундан кўп фойда олганман. Лекин уларга таъсирини ўтказадиган вақтидаги уйқу, соғлом таомланиш ёки ҳаракатда бузилишларнинг ҳам зарари, оқибатини кўрганман. Муолажа учун ҳам анча саъй-ҳаракат қилишга тўғри келган. Бошқаларга сабоқ бўлсин учун ўзимдан ўтганларини, камчиликларни ҳам бўлишаман.

Бу бир муддат қилиниб, сўнг ташлаб қўйиладиган ишлар эмас. Қайси пайти, қайси босқичда бўлса ҳам беэътибор бўлсангиз, албатта, тўлови бўлади. У ё сизнинг пулингизга, ёки соғлиқ, вақт, асаб, кайфиятингизга таъсир кўрсатади. Шунинг учун бу доим риоя қилиниши керак бўлган ишлар.

Шуларни мен ўзимнинг бошимдан ўтказганим, ўзим қийналганим, тўловини қиммат тўлаганим учун ёшларимизга тавсия қиляпман: уйқунгиз ўрнида бўлсин. Ҳамма ишда, айниқса, илм йўлига кирадиган бўлсангиз, бу ўта катта аҳамиятни касб қилади.

— Ёшлигингиздаги қилган энг катта таваккалчилигингиз? Бу сизга қандай натижа берган? Ўзи ёшликда таваккалчилик қилиш керакми?

— Таваккал қилиш учун тайёргарлик ҳам етарли бўлиши керак. Лекин кўриб-кўрмасдан, маслаҳат олмасдан, шошма-шошарлик билан, ҳеч қандай тайёргарликсиз таваккал қилинса, бунинг оқибати тескари бўлиши мумкин.

Ўзимнинг шахсий ҳаётимга келадиган бўлсак, баъзи бир нарсаларга истагим бўла туриб, таваккал қилолмаганман. Айрим нарсаларда эса қила олганман. Лекин иккаласининг ҳам натижаси хайрли бўлган. Аллоҳдан бўладиган нарсаларнинг ҳаммаси хайрли бўлади.

Бакалаврни тугатганимдан кейин ўқишни яна чет элларда давом эттириш ниятим бўлган. Лекин ўша пайтдаги вазият, биз ватанга қайтганимиздан кейин ҳаётимизда талаб қилинган нарсалар, қолаверса, қиз боланинг оиласидан йироқда ёки ёлғиз юриши, бунга йўл қўймаган. Катталардан ҳам рухсат бўлмаган. Шуни амалга оширолмаганман, таваккал қилолмаганман дейман.

Лекин бунинг ўрнига ота-онамнинг ёнларида бўлиш, уларнинг ўзларида таълимни давом эттириш каби яхши нарсаларни қўлга киритдим. Ниятим эса кейинчалик амалга ошди. Туркиядаги Халқаро исломий даъват университети Имом Молик халқаро фанлар академиясининг «Ислом шариати ва ҳадис илми» магистри даражасини олдим.

Оилада, ҳаётда синов ҳар хил томондан келади. Муносабатларда таваккал қилишимга тўғри келган. Яъни ўзим режа қилган ҳаётга, илмий ҳаётга салбий таъсири бўлиб қоладиган алоқаларни тугатишга қарор қилганман.

— Ёшлигингизда узоқ муддатли тушкунлик ёки кетма-кет муваффақиятсизликларга дуч келганмисиз? Бундан қандай чиққансиз, нима сабоқлар олгансиз? Инқирозли ҳолатга тушиб қолган ёшлар учун тавсияларингиз.

— Тушкунлик деярли ҳар бир инсонда бўладиган ҳолат. Менда ҳам кўп бўлган. Ўша пайтда ўзимнинг қаричим билан муваффақиятсизлик деб атаган ҳолатлар аслида менинг фойдамга бўлганини кейин тушуниб етдим.

Биринчи ўринда бу босқичлардан ҳамма ўтади, ҳаммада тушкунлик бўлади, барча иш ҳам равон бўлмайди дейишнинг ўзи сиздаги қийинчиликни енгиллаштириб беради. Тўғри, омад келиши мумкин, лекин ҳаётимиз тўлиқ омадда ўтмайди. Эътибор берадиган бўлсак, инсонлар ҳар хил жиҳатдан, кимдир соғлиғи, кимдир оиласи, кимдир молиявий тарафидан синовга дуч келишади. Ҳаммага келадиган нарсами, демак, буни аввало табиий қабул қилиш керак.

Айрим ҳолатлар, гарчи сизга ёқмаган тақдирда ҳам тўлиқ зарарингизга бўлавермайди. Масалан, ёқимсиз нарса ёки маҳрумлик аслида сизга фойда бўлиши мумкин. Энг аввало бундан ўзингизга керакли дарсни оласиз. Шунинг учун одам тушкун кайфиятда таслим бўлиб қолмаслиги керак. Аввало ҳаётнинг қоидаси шу деб қабул қиламиз.

Энг катта тавсия — бундай пайтда инсон бўш қолмаслиги лозим. Ўзи диний қадриятларимизда бутун бузғунчиликнинг энг катта сабаби — бўш қолиш дейилади. Инсонлардаги турли бузилишлар бекорчиликдан келиб чиқади. Бекор қолган одамга шайтон шерик бўлади. Унинг мақсади нима қилиб бўлса ҳам инсон боласини адаштириш.

Эътибор берадиган бўлсангиз, ҳеч иш билан шуғулланмай ёлғиз қолганингизда сизга ёмон хаёллар, васвасалар келаверади. Ўйлаган сарингиз тушкунликка тушиб, ботқоққа ботиб кетаётгандек бўласиз. Ана шундай пайтда кўнглингизга таскин қидирган ҳолатда нотўғри кўчаларга кириб қолиш, нотўғри инсонларга шерик бўлиб қолиш ҳеч гап эмас.

Шунинг учун аввало бекорчиликни йўқотиш керак. Инсон бекор қолмайдиган бўлса, ҳар қанақа вазиятда ўзини чалғитади, таслим бўлиб қолмайди. Ана шунда машғул бўлган нарсаларининг ичидан ечим топилиб қолади. Масалан, илм билан шуғулланадиган бўлсангиз, биринчи ўринда ғамларингизни унутасиз, иккинчи ўринда вақтингизни фойдали нарсага кетказасиз. Кейин ўша ўқиётган илмингизнинг ичида сизга ечимлар чиқади. Илм ичида бошингизга келган синовлар аслида сизнинг фойдангизга бўлгани, улар сизни кучли-қувватли қилиши, сизга етарли сабоқ бўлишини, иккинчи унақа кўчаларга кириб қолмаслигингизни, бунақа хатолар қилмаслигингизни ўрганасиз.

Кўпинча маслаҳат сўраб келган инсонларга илм билан машғул бўлинг, деган тавсияни берганман. Ишонасизми баъзилар мен айтган нарса билан сиз айтган илм орасида нима боғлиқлик бор, мен нима ҳолатда турибману, сиз нима ечим айтяпсиз деганларгача бўлган. Лекин бир муддат ўтиб, илмда бардавом бўлиб, таъсирини кўришгандан кейин яхшиям шу тавсияни берган экансиз деб ўзлари эътироф қилишган.

Иқтидорга қараб хоҳлаган, истаган илм билан машғул бўлишсин, ҳунар ўрганишсин, меҳнат қилишсин, одамлар билан мулоқотда бўлишсин. Лекин ҳаргиз ўзлари ёлғиз қолмасин.

— Ёшлигингизда пул билан муносабатларингиз қандай эди? Ҳозирги даврда ёшлар пулни тўғри бошқариш учун нималарга эътибор қаратиши керак?

— Ҳақиқатдан ҳозир ёшлар мавзусига қизиқаман. Ўзимнинг ҳам фарзандларим ёш. Ёшлардан гаплашишга қизиқиш бўлса ҳам лаббай дейман. Мулоҳаза қилаётганим, кўпчилик пулга қизиқади. Кўп пулим бўлса, деса дейди. Қизиққанда ўзимга етарлиси эмас, кўпгина пулга эга бўлсамда, шунинг орқасидан кўп ишларга эришсам дейди. Аксар нарсаларни пулга олиб келиб тақашлари ҳам табиий ҳол.

Аввал талабалик стипендияси, кейин ота-онам томонидан белгиланган ойлик маошни тартиб билан ишлатишга ўрганганман. Умумий миқдорни 30 кунга бўлардим, тежаб, орзуларим учун йиғиб ҳам борардим. Бора-бора шунга тафаккур қилдимки, гап ўзи аслида пулнинг кўп бўлишида эмас, қаноат бўлишида. Бойлик қаноатда. Берилаётган нарсани тартибли ишлатадиган бўлсангиз, сиз бойиш имкониятига эгасиз.

Заруратга, манфаатли нарсаларга сарфлаганингизда жамғармангизда барака бўлади. Аллоҳ таоло шу бандамга беряпман, яхши томонга, мени рози қиладиган томонга сарфлаяпти, унинг молига баракатни бераман, дейди. Лекин беҳуда сочиладиган бўлса, ундан барака кесилади. Ризқи шунга яраша бўлиб қолади, Валлоҳи аълам.

— Қайси ёш ёки босқични оила қуриш учун яхши давр деб ўйлайсиз? (Йигитлар ва қизлар учун алоҳида жавоб бўлиши муҳим).

— Турмуш масаласида бир нечта жиҳатлардан қараш керак. Биринчи ўринда, жамиятга қаралади. Агар жамиятда ёшларимизнинг орасида ноқулай ҳолатлар кўпайиб кетса, масалан, бир-бири билан ишқий муносабатлар ва бунинг оқибатида икки тараф ҳам зарарланадиган бўлса, нотўғри одатлар кўпаядиган бўлса, демак, жамият нуқтаи назаридан келиб чиқиб, кўпчилик буни муолажа қилиш керакда, ёшларимизни тезроқ оилали қилиб қўйиш ҳаракатини кўриш мумкин. Бу тарихдан келган, ҳозир ҳам тавсия қилинадиган ҳолат.

Лекин турмуш масаласини ёшга боғлаш тўғри эмас деб ўйлайман. Айримлар 26−30 га кирса ҳам оилага тайёр бўлмаслиги ёки ўзида бунга эҳтиёж бўлмаслиги мумкин. Баъзилар эса аксинча, 18 ёшдаёқ тайёр бўлиши ёки ўзида хоҳиш бўлиши мумкин. Демак, аввало тайёргарлик, кейин эса истак инобатга олинади.

Аввалги одатларда бу иш катталар томонидан амалга оширилганлиги учун фикрда сал чалкашлик бўлиб, катталар мажбурлаши керак деган нарса кириб қолган. Йўқ, мажбурлаш тўғри бўлмайди, уларнинг кўнглини эътиборга олишимиз керак. Чунки турмуш масаласида яшайдиган одамда энг эътиборга олинадигани — истак ва кўнгил. Истаги бўлмаган одамни мажбурлаганда яхшилик келиб чиқмайди. Кўнгилсиз бўлиб қолса, бу оиланинг фойдасига бўладиган ҳолат эмас. Лекин ўзида истак, ўзига муносиб одам бўладиган бўлса унда ёрдам берилади, бош-қош бўлиб, маслаҳат берилади.

Қолаверса, оила илмига эга бўлиш ҳам шарт. Турмуш фақат муҳаббатдан иборат бўлмайди. Унинг ўзига яраша талаблари бор. Масалан, савдо-сотиққа чиқадиган бўлсангиз, унинг илмини билмасангиз, касодга учрайсиз. Оила ҳам шундай: лекин кўпчилик оилага тайёргарлик кўрмасдан оила ишига киришади ва хатоларга йўл қўяди. Шунинг учун оила мақсади бўладиган инсон унинг илмига ҳам эга бўлиши керак.

Оилани олиб кетишга қудрати етиши икки томонга ҳам шарт қилинади. Масалан, йигитларнинг масъулияти нима? Оилани муҳофаза қилиш, унинг энг асосий эҳтиёжларини таъминлаш. Ҳозир у уйланадиган бўлса, таъминлашга қудрати етадими ёки қўлида меҳнати борми? Ва бунда ўзига талаб қилинган нарсалар мужассамми? Асосийси оиланинг маъносини тушунадими? Оила олдидаги масъулиятини ҳис қиладими? Шуларни эътиборга олиши керак. Қиз болада ҳам худди шундай нарса: оила ҳақида тасаввури борми, ҳозир Аллоҳ таоло берадиган бўлса, фарзанд тарбиялашга ярайдими, бунинг илмига эгами? Мана шу нарсалар мужассам бўлганда улар оила қуришга муносиб бўлади.

Демак, оила масаласини жуда ҳам кечиктириб юбормаймиз, жуда ҳам эрта бошламаймиз, мўътадил бўладиган, қийналмайдиган, энг муҳими оиланинг маъносини тушунадиган вақтда унга бу нарсани тавсия қиламиз.

— Ресурслари чекланган (масалан, моддий имкониятлари камроқ ёки элементар эҳтиёжлар таъминоти паст (газ, электр, интернет муаммо бўладиган) жойда яшовчи ёшлар ўзларини қандай ривожлантириши керак?

— Ёшларимизга бу борада биринчи ўринда айтадиган нарсамиз — тушкунликка тушмаймиз. Тасаввурларига осон бўлиши учун бир нарсани айтиб бераман. Яқинда сафарларимиздан бири Малдив оролларига бўлди. Ҳозир Малдив дегандан бир жаннатмакон жойлар хаёлга келади. Ҳақиқатдан гўзал ерлар. Океаннинг орасидаги ерлар бўлгани учун, тасаввур қилаверинг, атрофингизни сув ўраб турган бўлади. Турфа ўсимликлари бор, ҳаволари чиройли.

Лекин шу ерда ҳам ўзига яраша машаққатлари бор. Биз бориб, танишиб, яқиндан айланиб, илмини ўрганиб чиққанимиздан кейин хулосамиз шундай бўлди. Чиройли имкониятлар бўлгани билан унинг муқобилида талаб қилинадиган нарсалар бор. Биринчи ўринда, у ерда тупроқ жуда танқис. Бизнинг атрофимизда тупроқ бор. Нима эксак ҳосилини олишимиз мумкин. Улар ҳаттоки кундалик истеъмол қиладиган картошка каби маҳсулотларни ҳам ташқаридан олиб келишга мажбур бўлишади.

Оролда ер кичкина бўлгани учун ёшлар турмуш қуришса, катта ер берилмас экан. Тасаввур қилинг, битта оила учун битта хона берилади. Нечта болали бўлишса ҳам ўша хонада яшашга мажбурлар. Бошланғич синф ўқувчиларининг мактаби алоҳида-алоҳида оролчаларда бўлиб, унга кема ёки шунга ўхшаш нақлиёт воситаларида қатнашаркан. Юқори синфга ўтганда мактаблар битта бўларкан.

Бу билан ҳар ернинг ўзига яраша машаққати борлигини айтмоқчиман. Масалан, кўпчилик Американи ҳавас қилиши мумкина? Тараққиёт, ёшларга имконият кўп. Лекин уларда ҳам хатарли томонлар кўп. Масалан, қуролларни бемалол ишлатиш ёшларнинг ҳаётига ҳам хавф солади. Ёки кўчада тарқалаётган ёмон одатлар, ҳар хил истеъмол қилинадиган нарсалардан ўзини муҳофаза қилиш ҳам бир масала. Ҳар бир жойнинг ўз қийинчилиги бор. Фақат бизда, фақат Ўзбекистонда деб тушкунликка тушиш тўғри бўлмайди.

Энди сиз айтаётган ҳолатда нималар қилинади? Ёшларга тавсия қилардикки, аввало кўпчилик бўлиб, масалан, синфдошлар, курсдошлар, маҳалладошлар бўлиши мумкин, биргаликда иноқ-иттифоқ бўлиб, шу қийинчиликлардан биргаликда ўтиши керак. Масалан, дарсларни тўпланиб бир жойда қилишлари мумкин. Ҳар биттаси ўзига хона ҳозир қилиб, чироғини ёқиб, нурни олиб келишни ўрнига биргаликда бир жойда тўпланишадиган бўлса, бу вақт, меҳнат, ёнилғи кабиларни тежайди. Интернетга ҳаммада имконият бўлмаса, бир кун бирлари ёқиб бериб туриб, бугун менинг галим, сизлар фойдаланиб туринглар, деса, келаси гал навбат бошқаларига ўтиш жорий қилинса, ёки китобга имконияти борлар имконияти йўқларга бериб турса, қандай чиройли ҳолат.

Беҳожатлик, ўзида ҳамма нарса муҳайё бўлиши инсонларни бироз худбинроқ ҳолатларга солиб қўяди. Самимиятлар, бир-биридан мулоқотлар узоқлашиб кетади. Лекин етишмовчиликнинг устида бирлашиш ажойиб ҳолат. Инсон бир-бирига боғланади, бир-бирига ёрдам бериш имконияти пайдо бўлади, бир-бирини ҳис қилади.

Айниқса, мана Рамазон ойида нима учун саҳоват кенгайиб кетади? Бу рўзанинг хусусиятларидан. Ўзинг оч қолганингда бошқасини ҳис қиласан. Улар бир-бирига шу нарсани бошидан ўтказаётгани учун ҳамдард бўлади. Бир-бирини тушуниши осон бўлади. Кўпчиликда барака бор. Ёшларимиз ўзларида бор нарсаларни бир-бирига раво кўриб ҳаракат қилишса, мақсадларига етишади. Етишганда ҳам завқ билан. Келгусида биз ёшлигимизда кўпчилик бўлиб, шунақа ишлар қилганмиз дея оладиган чиройли хотира бўлиб қолади.

— Агар ўзингиз ҳозирги даврда ёш бўлиб қолсангиз, бу босқични қандай ўтказардингиз?

— Ёш бўлиб қолсам, биринчи ўринда жуда кўп китоб ўқирдим. Одамнинг ёши катта бўлгани сари иши, масъулияти, ғам-ташвиши кўпайса кўпаярканки, камаймас экан. Ҳозир қачон бўш вақтим бўлса, дарров китобга бораман. Китоб ўқиётганда нафақат вақтингиз, балки зеҳнингиз ҳам бўш бўлиши керак. Китобни ўқиб, ундаги маълумотларни олиш, ундаги ҳузурни ҳис қилиш учун кўнглингиз тинч, хотирингиз жам бўлиши керак.

Шунинг учун ёш авлодга вақтини китоб ўқишга сарфлашни тавсия қилган бўлардим. Кейин куч, вақт, соғлик бор пайтида ўрганиладиган илмларни ўрганиш, ёд олинадиган нарсаларни ёдлаш, бирор касб-ҳунарда пойдевор қўйиш керак бўлса, қўйиб олиш керак. Умр ўтиши билан куч ҳам, вақт ҳам, зеҳн ҳам мўртлашиб борар экан.

Қолаверса, катталарга ёшларга эътибор берилганидек эътибор берилмайди. Ҳозир менга келиб, сизга нима керак, қайси бир томонингизни кўтариб берай, қайси шароитни қилиб берай, дейдиган одамлар кам. Лекин ёшларнинг олдида бундай имконият кўп. Аввало, ота-онаси ғамхўр бўлади, қолаверса, устозлари, жамият, яна ёшларга, талабаларга эътибор кўрсатадиган бошқа жиҳатлар ҳам бор. Мана шу имкониятлардан ҳозир фойдаланиб олиш керак. Умр ўтиши билан бу нарсалар қўлдан чиқиб кетади. Кейин афсус-надомат бўлиб қолиши мумкин.

— Ёшлигингизда ўқиган ва ҳаётингизга таъсир қилган учта китоб ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Китоб ўқиш одатини ўзида шакллантирмоқчи бўлса, киши биринчи ўринда ўзига ёққан мавзу ёки ўзини қизиқтирган китобдан бошласин, дейилади. Биринчи китоб — Худойберди Тўхтабоевнинг «Ширин Қовунлар мамлакати ёхуд сеҳргарлар жанги» китоби. Гарчи уни болалигимда ўқиган бўлсам ҳам, мутолаага муҳаббатимни уйғотган асар бўлганлиги учун ҳам зикр қилишни лозим топдим.

Иккинчиси, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Ҳадис ва ҳаёт» тўплами. Уни ҳали нашр қилинмасиданоқ ўқиганман. Ливияда истиқомат қилаётган пайтимиз ҳазратимиз бу китобни таълиф қилаётган эдилар. Олийгоҳдаги ўқишни битирар вақтларим эди, китобнинг «Жаноза» ва бошқа бобларини бериб, текшириб чиқишимни айтганлар. «Жаноза» бобидаги шараф билан ҳаётдан кўз юмганлар ҳақида қиссалар, хулосаларни йиғлаб ўқиганман.

Ичида айрим саҳобаларнинг ҳаётларидан намуналар бор эди. Уларнинг яшашдан мақсади, шарафли ҳаёт кечиргани, айниқса, умрларининг хотимаси гўзал бўлиши эътиборимни тортган. Ўша таъсирланганим бўйича ҳар гал эсласам, инсон ҳақиқатан ҳаёти нима билан якун топишига катта эътибор қаратиши керак деб ўйлайвераман. Шунинг учун ҳам ишларнинг энг гўзал қисми — хотима, дейилади. Қачонки у яхшилик билан тугайдиган бўлса, сизнинг бутун умрингиз гўзал бўлибди, лекин, Аллоҳ кўрсатмасин, бунинг акси бўлса, инсон учун бу жуда катта йўқотиш.

Учинчи китоб, арабча, Имом Бутий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Фикр ва қалбдан» деган асарлари. Имом Бутий ҳаётликларида ҳам ватанга бўлган садоқатлари билан кўпчиликка намуна бўлганлар, катта олимлардан. Ёзган китоблари ҳам Ислом оламида катта шуҳратга эга бўлган. «Фикр ва қалбдан» китобидаги айрим мавзулар ақлий, айримлари ҳиссий. Бундан сиз инсондаги энг кучли жиҳатлардан бўлган ақл ва ҳиссиётни қандай бошқариш, орасидаги мувозанатлар ва бунга алоқадор бўлган энг долзарб мавзуларни билиб оласиз.

Бу китобни ҳазратнинг тавсиялари билан ўқиб, қаттиқ таъсирланганман. Ҳозиргача ўқиган китобларимнинг ичида энг қизиққаним, энг яхши кўрганим, дея оламан. Айниқса, унинг ичида муаллиф ўз рафиқасига битган «Амира» номли марсиялари бор. Бунда Ислом дини, Ислом кишиси, аҳли илм аёлни қанчалик улуғлаши ва қадрлашига катта намуна бор. Валлоҳу аълам.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *