Ўзбекистонда 12 йилдан бери қидирувда бўлган аёл Истанбулдан Тошкентга депортация қилинди. Бу ҳақда мамлакатнинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси хабар берди.

Маълум бўлишича, 48 ёшли аёл одам савдоси жиноятини содир этишда айбланиб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 12 йилдан бери халқаро қидирувда бўлган.

Фуқаро Р.Н. хорижий давлат ҳудудида уюшган гуруҳ таркибида ҳаракат қилиб, уларнинг манфаатлари йўлида одам савдоси билан шуғулланганликда айбланмоқда.

Унинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан зарар кўрган фуқаролардан бош консулхона ёки Ўзбекистон ИИВ ва унинг ҳудудий ички ишлар бўлинмаларига мурожаат қилиш сўралди.

Жиноятга жазонинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда махсус тадбирлар давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.