20 март куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, шунингдек, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш борасидаги масъулияти ва маданиятини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қарор лойиҳасида белгиланишича:
- йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги қўшимча чора ҳисобланади;
- мазкур тизимнинг босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш мақсадида, жарима баллари транспорт воситаларини бошқарган ҳайдовчиларга нисбатан фақат Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар асосида ҳисобланади;
- йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима баллари Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими E-jarimaball модули орқали инсон омилисиз автоматлаштирилган тартибда ҳисоблаб борилади;
- ўн икки ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган транспорт воситалари ҳайдовчиларига рағбатлантириш тариқасида, кейинги даврда йўл ҳаракати қоидаларини биринчи марта бузганлиги учун биринчи жарима бали ҳисобланмайди;
- ҳайдовчиларнинг охирги ҳуқуқбузарлиги учун жарима бали ҳисобланган вақтдан бошлаб, улар олти ой давомида йўл ҳаракати қоидабузарликларига доир бошқа ҳуқуқбузарлик содир этмаган тақдирда, унинг умумий жарима балларидан икки жарима бали айириб ташланади.
Агар ҳайдовчилар жарима балларининг умумий миқдори икки жарима балидан кам бўлган тақдирда, барча жарима баллари айириб ташланади ҳамда жарима балларини ҳисоблаш муддати биринчи ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдан янгидан бошланади.
Қарор асосида тасдиқланиши кутилаётган низом транспорт воситасини бошқариш жараёнида йўл ҳаракати қоидабузарликларини содир этиш ҳолатларини жарима баллари асосида баҳолаш, жарима балларини ҳисоблаш, ҳисобланган жарима баллари бўйича мурожаат қилиш ва уларни кўриб чиқиш тартибини белгилайди.
Мазкур низом қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34−1-моддасида кўрсатиб ўтилмаган йўл ҳаракати қоидабузарликларига доир моддаларга;
- Ўзбекистонда вақтинча бўлиб турган ёки транзит ҳаракатланиб ўтаётган чет эл транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига;
- Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро (давлатлараро, ҳукуматлараро) ташкилотлар ҳамда уларнинг ваколатхоналари, шунингдек, ушбу ваколатхоналар ва ташкилотларнинг ҳайдовчиларига (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, доимий яшовчи шахслар, ушбу ташкилотларнинг маъмурий-техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари бўлган ҳолатлар бундан мустасно).
Ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари ўн икки баллик жарима баллари асосида низомга мувофиқ қуйидаги схема бўйича ўн икки ой давомида баҳолаб борилади.
Бунда кодекснинг МжТКнинг қуйидаги моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур моддаларда назарда тутилган асосий жазо билан бирга мазкур Низомда белгиланган тартибда жарима баллари ҳисобланади.
МЖтКнинг моддаси рақами ва номи |
МЖтК жарима баллари ҳисобланиши белгиланган моддаларнинг диспозициялари |
Балл |
125-моддаТранспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш |
(учинчи қисм) Ҳайдовчиларнинг тормоз тизимида, руль бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини бошқариши |
0,5 |
(бешинчи қисм) Фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш |
1 | |
126-модда
Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш |
(биринчи қисм) Техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш, бундан ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатнома берилган транспорт воситалари мустасно | 0,5 |
(иккинчи қисм) Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса | 1 | |
127-модда
Транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи |
(биринчи қисм) Товуш сигналини сабабсиз бериш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек уларни ўзгартириб ўрнатиш | 0,5 |
128−3-модда
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши |
(биринчи қисм) Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши | 0,5 |
(иккинчи қисм) Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши | 1 | |
(учинчи қисм) Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ, лекин 60 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши | 1,5 | |
(тўртинчи қисм) Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 60 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши | 2 | |
128−4-модда
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан тўхташ чизиғини босиб кириши ва ўтиши |
(иккинчи қисм) Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши | 1 |
128−5-модда
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг |
(биринчи қисм) Тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчани ёққан ҳолда ҳамда махсус товушли сигнал билан яқинлашиб келаётган транспорт воситалари тўсиқсиз ўтиб кетиши учун транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан халақит бериш | 0,5 |
(иккинчи қисм) Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши, худди шунингдек авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиши | 2 | |
128−6-модда
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши |
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши | 0,3 |
128−8-модда
Транспорт воситасида |
(биринчи қисм) Одам ташиш қоидаларини бузиш | 0,5 |
(иккинчи қисм) Автобус ва микроавтобусларда ички ишлар органларининг ҳамроҳлигисиз одам ташиш, агар уларнинг ҳамроҳлигида одам ташиш шарт бўлса | ||
128−9-модда
Транспорт воситаларини қувиб ўтиш қоидаларини бузиш |
Транспорт воситаларини қувиб ўтиш қоидаларини бузиш | 1,5 |
129-модда
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши |
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши | 2 |
130-модда
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг темир йўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиши |
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг темир йўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиши | 1 |
137-модда
Йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолиш |
(биринчи қисм) Йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши | 2 |
Жарима баллари ҳайдовчилар биринчи қоидабузарликни содир этган кундан бошлаб кейинги йилнинг шу кунига қадар амалда ҳисобланади. Уларни ҳисоблаш даврида жами жарима баллари ўн икки баллга етмаса, тўпланган баллар кейинги жарима балларини ҳисоблаш даври учун ҳисобланишига йўл қўйилмайди ва жарима балларини ҳисоблаш янгидан бошланади.
Ҳайдовчилар ўзининг жарима баллари ҳақидаги маълумотларни исталган пайтда «E-jarimaball» модули ёки махсус мобил илова орқали олишлари мумкин. Ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар саккиз жарима балига тенг бўлганда, улар бу ҳақда «E-jarimaball» модулида шаклланган маълумотлар асосида автоматлаштирилган тарзда мобил алоқа воситаларига SMS хабар юбориш йўли билан огоҳлантирилади.
Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланган жарима баллари миқдори бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда ҳайдовчиларнинг қоидабузарликлари тўғрисидаги маълумотлар (электрон маъмурий баённомалар) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари орқали жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазони қўллаш учун жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларига инсон омилисиз автоматик тарзда электрон юборилади.
Ўн икки ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида, кейинги жарима балларини ҳисоблаш даврида содир этган биринчи йўл ҳаракати қоидасини бузганлиги учун биринчи жарима бали ҳисобланмайди. Бунда улар жазодан озод этилмайди.
Эслатиб ўтамиз, 20 февраль куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганди.
Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, бир қанча ҳолатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Жумладан, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланади. Баллар миқдори ва уларни қўллаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори билан белгиланиши қайд этилганди.