Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2026 3-саралаш босқичи 7-ўйинида Қирғизистон устидан ғалаба қозонди. Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида кечган учрашув 1:0 ҳисобида ўзбекистонликларнинг ғалабаси билан якунланди.
Учрашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Тимур Кападзе ва ярим ҳимоячи Ҳожиакбар Алижонов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
«Асосийси — натижа»
Тимур Кападзе. Фото:ЎФА.
— Аввало, барча юртдошларимизни Наврўз байрами билан табриклайман, — деди мураббий. — Бугун ғалабага эришдик. Балки кўпроқ гол уриб, чиройлироқ ғалаба қозонишимиз мумкин эди, лекин энг асосийси — ғалаба. Агар вазиятларни эртароқ голга айлантирганимизда, ҳисоб бошқача бўлиши мумкин эди. Рақиб яхши ҳимояланди. Кейинги учрашувга тайёргарликни бошладик.
Ундан терма жамоа мураббийи сифатидаги илк расмий ўйиндан нималарни кутгани, собиқ мураббий Сречко Катанецдан маслаҳатлар олган-олмагани, ҳужумчи Элдор Шомуродовнинг ўйинига қандай баҳо бериши ҳақида сўрашди.
«Менимча, ҳаммаси жойида. Сречконинг эмас, ҳозир менинг ёрдамчиларим, шунинг учун ҳаммаси жойида. Яхши тайёргарлик кўрдик. Қизил карточкадан кейин кўп нарса ўзгарди. Рақиб очколар учун курашишини билардик. Уйда ўйнаганимиз учун уларга имконият қолдирмаслигимиз керак эди. Балки 11 футболчи билан уларга осонроқ бўлармиди. Иккала бўлимда ҳам бизда кўплаб вазиятлар бўлди. Майли, кейинги ўйинларга қолгандир. Бизга керакли натижани қўлга киритдик. Асосийси — натижа», — деди у.
Йўқотишлар ва жамоадаги муҳит ҳақида
Кападзе жароҳат олган футболчилар ва дисквалификацияларга изоҳ берди. Хусусан, ярим ҳимоячи Жалолиддин Машарипов сариқ карточка олди ва энди Эронга қарши ўйинни ўтказиб юборади.
«Албатта, бу ҳам йўқотиш. Бўлмаса, эҳтиёт бўлинглар деб ўйиндан олдин айтилди. Бўлган нарса бўлди. Биз, мураббийларнинг штабининг, бошоғриғи бу. Вақтимиз бор, йўқотишларнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қиламиз. Терма жамоага чақирилганларнинг барчасига ишонч билдирамиз», — деди у.
Жамоадаги кайфият, мураббийнинг сўзларига кўра, яхши: «Охирги икки кун зиқ бўлди. Йигитлар тақаб-тақаб келишди. Асосийси — ғалаба қозондик ва мақсадга яқинлашдик. Кейинги ўйинга тайёргарликни бошлаяпмиз. Эронда осон ўйин бўлмайди, лекин керакли очколаримизни олишга ҳаракат қиламиз».
Пенальти ва уч ҳимоячи билан ўйнаш
Жалолиддин Машарипов сариқ карточка олди. Ҳакам уни рақиб жарима майдончасида симуляция ишлатди деб ҳисоблади.
Мураббий Элдор Шомуродовнинг пенальтидан гол ура олмаганига ҳам изоҳ берди: «Бу, менимча, муаммо эмас, психологик ҳолат. У хотиржам тепди, аммо дарвозабон яхши турди. Нимадир дейиш қийин. Элдорга босим бўлмаслиги керак».
Тимур Кападзе шогирдлари Қирғизистонга қарши ўйинда 24 та зарба йўллаб, битта гол урди. «Йигитлар ҳаракат қилишяпти. Эртага тикланиш, кейин тайёргарлик ва йўлга чиқиш. Эрон билан таққослаш нотўғри, бу бошқа жамоа. Барча нозик жиҳатларни ҳисобга олишга ва хатоларни тузатишга ҳаракат қиламиз», — деди у.
Нима учун қизил карточкадан кейин ҳужумни кучайтирмагани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Кападзе ҳимояда ишончли бўлиш муҳимлигини таъкидлади: «Учта ҳимоячи билан вазиятни назорат қилиш осонроқ. Кўрамиз, балки кейинги ўйинларда бошқача ўйнармиз, ҳамма нарса бўлиши мумкин».
Эрон билан ўйинга тайёргарлик
Мураббий тайёргарлик кўриш учун вақт кам бўлганини таъкидлади. «FIFA кунларини кутдик ва дарҳол расмий ўйинларга кирдик. Кўплаб ўйинчилар сўнгги паллада қўшилишди, асосан назарий машғулотлар ўтказишди. Яна бир-икки кун бўлса, яхшироқ тайёргарлик кўрардик. Аммо бу ўйин биз учун фойдали бўлди», — дея қўшимча қилди у.
Эронга қарши ўйинда сюрприз бўладими ёки жамоа одатий тарзда ўйнайдими, деган саволга у шундай жавоб берди: «Назаримда, у беллашувда ҳам ҳужумкор ўйнаса бўлади. Худди, бугун биринчи бўлимда ҳаракат қилганимиз каби. Тўғри, бизда Эронга қарши тўқнашувгача бироз бўлса ҳам вақт бор. Ушбу вақтдан фойдаланиб, Машариповнинг ўрнини қандай тўлдириш ва бўлажак учрашув учун янги режаларни ишлаб чиқамиз».
Пенальтилар ва стандартлар ҳақидаги навбатдаги саволга жавоб берар экан, Кападзе ўйиннинг бу жиҳатларини яхшилаш устида иш олиб борилаётганини айтди.
«Бунинг устида ҳам иш олиб боряпмиз. Менимча, охирида ўзим майдонга тушиб пенальтини амалга оширсам керак. Таъкидлаганимдек, футболчиларим машғулотда бу борада ҳам ўз устиларида қаттиқ ишлашмоқда», — дея таъкидлади мураббий.
Журналистлардан бири Ўзбекистон футболчиларига март ойидаёқ жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси қўйилгани, баъзи легионерлар эса ўйинни Тошкентда нишонлашга тайёрланаётгани ҳақидаги миш-мишларга изоҳ беришни сўради. «Биз бу ҳақда ҳеч нарса эшитмадик. Шундай бўла қолсин. Барча фикрлар — Эрон билан ўйин ҳақида», — деди Кападзе.
«Бизни қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат»
Учрашувнинг энг яхши футболчиси Ҳожиакбар Алижонов мухлисларга далда учун миннатдорлик билдирди: «Ғалаба билан барчани табриклайман. Ўйин биз хоҳлагандек ўтди».
У Туркманистонга қарши ўйинда олган жароҳати ҳақидаги саволга жавоб берар экан, айбдорларни қидирмаслик кераклигини таъкидлади: «Туркманистондан кейин Эронга қарши яна икки бўлим ўйнадим, кейин „Пахтакор“ учун ўйинларда. Жароҳатлар — футболнинг бир қисми».
«Агар Эронни мағлуб этсак, жаҳон чемпионатига чиқиш масаласини 99 фоизга ҳал қиламиз»
Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов бўлиб ўтган ўйин ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
«Жаҳон чемпионатига яна бир қадам ташладик. Олдинда яна финал кутиб турибди. Эронни ютсак, мундиал йўлланмасини 99% ҳал этган бўламиз. Теҳронда ғалаба қозонишга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз», — деди терма жамоа сардори ўйиндан сўнг.
У пенальти тепилишидан олдин унинг ёнига Отабек Шукуров ва Жалолиддин Машарипов келганини тасдиқлади.
«Ҳа, биз ҳар пенальти олдидан бу сафар ким тепиши кераклигини келишиб оламиз. Бугун улар нуқтадан гол ура олмаслигимни сезган экан (кулади)», — деди у.
Учрашувнинг фахрий меҳмонлари
«Dunyouzbeklari.Com» мухбирларининг хабар беришича, стадион трибуналарида улар бўлган:
- Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов;
- президент ёрдамчиси Азиз Магрупов;
- президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев;
- Давлат хавфсизлик хизмати раиси ва Футбол ассоциацияси президенти Баҳодир Қурбонов;
- Футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов;
- ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов;
- Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров;
- спорт вазири Адҳам Икромов;
- Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов;
- Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев;
- тадбиркор ва «Пахтакор» футбол клуби президенти Жаҳонгир Ортиқхўжаев;
- тадбиркор ва Футзал федерацияси раҳбари Бекзод Маматқулов;
- собиқ футболчи ва мураббийлар Одил Аҳмедов ва Миржалол Қосимов ҳамда бошқалар.
Учрашув якунига кўра, Ўзбекистон «А» гуруҳида 16 очко билан 2-ўринни сақлаб қолди. Ўз майдонида БААни мағлуб этган (2:0) Эрон 19 очко билан 1-ўринда бормоқда. КХДР (5:1) устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонган Қатар 10 очко билан тўртинчи ўринда бормоқда. Кейинги ўринларда Қирғизистон (3) ва КХДР (2).
Ўзбекистон терма жамоаси саралашнинг навбатдаги ўйинини 25 март куни Теҳронда Эронга қарши ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, саралаш турнирида 18 та жамоа 6 та терма жамоадан иборат 3 та гуруҳга бўлинган. Гуруҳдаги энг яхши икки жамоа тўғридан-тўғри ЖЧ-2026 финал босқичига йўл олади (Япония аллақачон йўлланмани қўлга киритган), учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган жамоалар тўртинчи босқичда ўйнайди, у ерда яна иккита тўғридан-тўғри йўлланма, шунингдек, қитъалараро плей-офф йўлланмаси ўйналади.