Яккасарой туманидаги The Tower Hotel меҳмонхонаси ёнида содир бўлган воқеа юзасидан очилган жиноят иши бўйича терговдан яшириниб юрган Акмал Шукуров Қозоғистондан Тошкентга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати маълум қилди.
Аввалроқ хабар берилганидек, эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (Безорилик) бўйича жиноят иши қўзғатилганди. Кейинчалик унга Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «э» банди (Безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш / беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.) бўйича ҳам айблов эълон қилинган.
Идора маълумотларига кўра, айбланувчи терговдан яширингани сабабли у қидирувга берилган ва сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
17 март куни у Қозоғистонда қўлга олинган. Ҳозирда у Тошкентга экстрадиция қилинган. Тергов ишлари давом этмоқда.
«Мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари тўлиқ ва холисона олиб борилиб, қонун устуворлиги ва жиноят учун жазо муқаррарлиги таъминланади», — дея таъкидланди ИИББ хабарида.
«Dunyouzbeklari.Com»нинг аниқлашича, Акмал Бобоқул ўғли Шукуров илгари Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик / базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича жиноят содир этганликда гумон қилиниб қидирувда бўлган, аммо кейинчалик қидирувдан олиб ташланган.
Эслатиб ўтамиз, 16 мартга ўтар кечаси томида «12» (Twelve) бари жойлашган меҳмонхона ёнида икки нафар меҳмон — Акмал Шукуров ва Хуршид А. ўртасида жанжал чиққан. Уларнинг таниши Борис Авакян уларни ажратмоқчи бўлган, бироқ бошига икки марта зарба берилгач, ҳушини йўқотган ва ерга йиқилган. У «бош мия жароҳати, ўнг ёноқнинг йиртилган жароҳати» ташхиси билан шифохонага етказилган.
Борис Авакяннинг турмуш ўртоғи ва оилавий дўсти Катя «Dunyouzbeklari.Com»га The Tower Hotel меҳмонхонаси ёнидаги можаро тафсилотларини сўзлаб берганди. Авакяннинг аҳволи оғир бўлиб, у ҳамон сунъий комада қолмоқда.