• Чт. Апр 24th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Барча ариқ ва каналларни бетонлашга 5 млрд доллар керак» — Ўзбекистон сув хўжалиги вазири



2025 йил 1 чорагида аҳоли томорқаларига сув етказиб берувчи ариқлардан 2 минг километр, фермерлар ариқларидан 15 минг километр, хўжаликлараро каналларнинг 1 минг километрга яқин қисмини бетонлаш мақсад қилинган, ҳозир жараён қизғин кечмоқда. Бу ҳақда Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев 18 март куни вазирлик ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари ва ОАВ вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Dunyouzbeklari.Com» мухбири.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда сув йўқотилишини камайтириш мақсадида ариқ ва каналларни бетонлаш дастури жадал давом этмоқда. Капитал қурилиш ва бетонлаш ишлари учун 2025 йилда давлат бюджетидан 800 млрд сўм маблағ ажратилди.

«Барча лойиҳалар экспертизадан ўтказилиб, тендерларда ғолиб бўлган пудратчиларга манзилли дастурлар орқали маблағлар ажратилди. Айни пайтда барча обьекатларда жараёнлар бошланган. Хусусан, сув таъминоти қийин бўлган 874 та маҳалладаги ариқларнинг 2 минг км қисми бетон қилиняпти. 900 га яқин нуқтада еростидан сув чиқаряпмиз. Шунингдек, фермерлар ҳам ўз маблағидан 15 минг км. ички ариқларни бетонлаштиряпти. Шу кунларда жуда катта ишлар кетяпти. Бу жараёнларни март ойи якунигача тугатиб, халқимиз дуосини олмоқчимиз», — дейди сув вазири.

«Бетонлаш жараёни ҳеч қачон тугамайди, бу мунтазам давом этиб боради. Чунки биз энг зарур ва кўп сув йўқотилаётган каналларни бетонлаяпмиз. Қолгани ҳам аста-секин бетон қилинади. 800 млрд сўм албатта, катта пул. Аслида бу ишлар учун бизга ўн баравар кўпроқ маблағ керак. Ҳисоб-китобларга кўра, барча ариқ ва каналларни бетонлашга 5 млрд доллар маблағ керак. Жаҳон банки ва консальтинг компаниялар экспертлари Ўзбекистонга келиб, таҳлил қилиб, шундай хулоса беришди. Лекин ҳаммасини бетон қилиш шарт эмас. Айрим ариқ ва каналларда бир неча фоиз сув йўқотиш бўлади. Аммо биз жуда кўп миқдорда — 30−40 фоиз сув йўқотиладиган жойларни бетонлаяпмиз», — дейди Хамраев.

Вазирнинг таъкидлашича, ҳозирда чет эл инвестициялари ҳисобидан ҳам бир неча километр ариқ ва каналлар бетонланяпти. Бундан лойиҳалар сони ортиб бормоқда.

«Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва қатор халқаро молия институтлар ҳисобидан Фарғона водийси, Бухоро, Қашқадарё каби вилоятларда каналларни бетонлаш жараёнлари кетяпти. Бундан ташқари, ҳозирги кунда Хитой киритиши кутилаётган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобидан ҳам 1 минг 300 км канални уч йил давомида бетонлаш режа қилинган, айни пайтда мазкур келишув амалга ошиш арафасида», — дейди Шавкат Хамраев.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 7 ноябрь куни ўтказган йиғилишда ноябрдан мартгача бўлган вақт каналларни бетонлаштириш учун энг қулайи эканини таъкидлаб, 18 минг километр магистраль ва 94 минг километр ички каналларни бетонлаштириш зарурлигини айтганди.

«Каналларда йилига 13 миллиард куб метр (33 фоиз) сув йўқотиляпти, Андижон, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларининг бир йиллик ишлатадиган сувига тенг. Шу сабабли келгуси йилда бетонлашга 800 миллиард сўм ажратилади», — деганди давлат раҳбари.

Президент 2023 йилнинг ноябрида 2024 йилда 1500 километр, яъни ўтган йилга нисбатан 4 баробар кўп каналларни бетонлаштириш вазифасини қўйган эди. Аммо жорий йилда 550 километр узунликдаги ариқлар бетонланиши ҳақида хабар берилди.

2023 йил апрель ойида Сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари 2030 йилга бориб мамлакатда 7 миллиард куб метр сув етишмаслигини таъкидлаган эди (ҳозирги ҳажмнинг 25 фоизи). Ҳамкор BCG Ўзбекистонда сувни тежаш бўйича ташаббусларни 10 миллиард долларга баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, давлат харажатларни тўғри белгилаши керак.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *