Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Наврўз байрами ва Рамазон ҳайити муносабати билан Афғонистон аҳолисига қарийб 200 тонна озиқ-овқат маҳсулоти ортилган навбатдаги инсонпарварлик юки Балх вилоятига етказилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қўшни мамлакатга етказилган зарур озиқ-овқат маҳсулотлари Ҳайратон шаҳридаги «Астрас» компанияси ҳудудида президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, шунингдек, Мудофаа, Транспорт, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ва Ташқи ишлар вазирликлари мутасаддилари ҳамда Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо ҳамда икки томон расмийлари иштирокида топширилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан ун, буғдой, макарон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, шакар, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош ўрин олган.
Шунингдек, Мозори Шариф шаҳрида икки томонлама учрашув ўтказилиб, келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Суҳбат давомида Ўзбекистон томонидан Афғонистонда барпо этилаётган Имом Бухорий мақбараси қурилиши ҳақида ҳам алоҳида фикр алмашилди.
Афғонистон расмийлари Ўзбекистон президенти ва халқига кўрсатаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдириб, яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити муносабати билан самимий табрикларини йўллашди.
Ташриф давомида, амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан ҳам танишилди, дейилади хабарда.