20 март куни «Очиқ бюджет» порталида 2025 йилнинг биринчи мавсуми учун «Ташаббусли бюджет» лойиҳалари бўйича овоз бериш якунланди. Ўзбекистон аҳолиси 10 млн 450 мингта овоз берди.
Портал маълумотларига кўра, аҳолидан 28 399 та ташаббус келиб тушган, улардан 23 457 таси саралашдан ўтган. Овоз бериш натижаларига кўра, 2369 та лойиҳа (аввалги мавсумда 1772 та эди) ғолиб деб топилди ва уларга 3,2 триллион сўм маблағ ажратилади.
Мактабгача таълим соҳасида 60 та, мактаб таълими бўйича 699 та, мусиқа ва мактабдан ташқари таълим йўналишида 13 та, бошқа таълим муассасалари учун 114 та, спорт муассасалари учун 57 та, соғлиқни сақлаш муассасалари учун 207 та, болалар майдончаларини қуриш бўйича 19 та, аҳоли дам олиш марказлари учун 9 та, кўчаларни ёритиш бўйича 44 та, дренаж тизимини яхшилаш учун 13 та, ички йўллар ва пиёдалар йўлакларини таъмирлаш бўйича 964 та, ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилаш учун 34 та, маҳалла марказларини қуриш бўйича 24 та, қабристонларни тартибга келтириш учун 10 та, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича 21 та, газ таъминотини яхшилаш учун 10 та ва бошқа лойиҳалар ғолиб бўлди.
Ҳудудлар кесимида энг кўп ташаббуслар қуйидаги уч вилоятдан келиб тушган:
- Самарқанд вилояти — 2064 та (213 та лойиҳа ғолиб бўлди);
- Бухоро вилояти — 2056 та (156 та лойиҳа ғолиб бўлди);
- Фарғона вилояти — 2042 та (254 та лойиҳа ғолиб бўлди).
Энг кўп ташаббуслар ғолиб бўлган ҳудудлар кесимида Фарғона вилояти (254 та) етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларни Тошкент вилояти (237 та) ва Самарқанд вилояти (213) эгаллаган.
Энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар аҳолиси ғалабани карнай-сурнай садолари остида, рақсларга тушиб ва концерт уюштириб нишонлашди. Бундан ташқари, баъзи ғолиб чиққан ҳудудлар аҳолиси Ўзбекистон байроғини кўтариб кўчаларда тантанали юришлар ҳам ўтказди.
Овоз бериш жараёни 11 мартдан 20 мартгача давом этди. Лойиҳа доирасида фуқаролар маҳаллий б юджетнинг бир қисмини тақсимлашда иштирок этиш имкониятига эга. Аҳоли инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар барпо этиш, болалар ёки спорт майдончаларини қуриш, ички йўлларни таъмирлаш, мактаблар ва болалар боғчаларини таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш бўйича ўз лойиҳаларини таклиф қилишлари ёки аввалдан тақдим этилган лойиҳалардан бирига овоз беришлари мумкин.
Овозларни тўплаш учун одамлар турли усулларни қўллади. Жумладан, ҳамюртларига овозлари эвазига телефон ҳисобини тўлдириб бериш, бепул ичимлик ёки ўсимлик ёғи таклиф этишди. Овоз бериш босқичи бошида «Бир овоз — 15 000 сўм» деган эълонлар бўлган бўлса, унинг якунига келиб бир овознинг нархи 70 минг сўмгача кўтарилди.
«Dunyouzbeklari.Com» Тошкентдаги бир нечта шундай «ташвиқот» нуқталарига бориб, жараён иштирокчилари билан суҳбатлашганди.