• Чт. Апр 24th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги уламолар қадамжоларини таъмирлаш лойиҳалари билан танишди


Шавкат Мирзиёев 22 март куни Самарқандга ташриф буюриб, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Президент матбуот хизматига кўра, кўп минг сонли зиёратчиларга шароитларни кенгайтириш мақсадида давлат раҳбари ташаббуси билан бу ерда янги мажмуа барпо этилмоқда.

«Куни кеча халқимиз билан Наврўз айёмини кутиб олдик. Бугун, муқаддас Рамазон ойида мана шу табаррук жойга келиб турибмиз. Бу улуғ кунларга тинчлик-хотиржамликда етказгани учун Яратганга шукроналар айтамиз. Илоҳим, ҳамиша юртимиз тинч, элимиз фаровон бўлсин, ҳамма хайрли ниятларимиз амалга ошсин. Бу мажмуани Имом Бухорий бобомизга муносиб тарзда қуряпмиз. У зиёрат билан бирга маърифат, тарбия, ибрат ўчоғи бўлсин», — деди Шавкат Мирзиёев

Мажмуанинг умумий майдони 44 гектар. Бугунги кунда маҳобатли мақбара, 10 минг кишига мўлжалланган масжид қуриб битказилган. Баландлиги 75 метрлик 4 та минора мажмуага улуғворлик бағишлаган. Шунингдек, музей, айвонлар, маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари барпо этилган.

Айни пайтда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунда миллий анъаналар ва иссиқ ранглардан фойдаланилмоқда. Пештоқлар ва айвон деворларига «Саҳиҳи Бухорий»дан ҳадислар битилади. Бундан ташқари, ҳудудда икки минг ўринли йигирмадан ортиқ меҳмонхона, хиёбонлар, тўртта таҳоратхона барпо этилади.

Бу йил Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади. Шу ҳақдаги президент қарорида уламонинг Самарқанд шаҳридаги мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш белгиланган. Ташриф чоғида президентга ушбу лойиҳа тақдимот қилинди.

Қайд этилишича, Мотуридий мажмуасида 1 минг 500 кишига мўлжалланган жоме масжид, маъмурий бино қурилиши кўзда тутилган. У ерда кутубхона, мажлислар зали, инновацион музей ҳамда мутахассислар учун хоналар бўлади. Мажмуа яқинида зиёратчилар учун автотураргоҳ, таҳоратхона қурилади.

Давлат раҳбари Мотуридий илгари сурган бағрикенглик ва мўътадиллик тамойиллари бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб бораётганини таъкидлаб, аллома бобомизнинг меросини янада кенг ўрганиш ва жаҳонга тарғиб этиш, мажмуага келувчиларга шароитларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Яна бир лойиҳа — Оқдарё туманидаги Махдуми Аъзам қадамжосини обод қилишга қаратилган. Асли ҳозирги Косонсой туманида туғилган сўфий олим нақшбандия таълимотининг раҳнамоларидан бири бўлган. У Самарқанд вилоятида вафот этган.

самарқанд, шавкат мирзиёев

Зиёратчиларга шароитларни яхшилаш мақсадида Маҳдуми Аъзам мақбараси ёнида уч қаватли автотураргоҳ, таҳоратхона қурилиши режалаштирилмоқда. Самарқанд заминидан етишиб чиққан бошқа олим ва мутафаккирлар, азиз авлиёларнинг қадамжолари ҳам босқичма-босқич қайта таъмирланиб, обод қилинади.

Давлат раҳбари, шунингдек, Самарқанддаги «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказига ташриф буюриб, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, яратилаётган шароитлар билан танишди.

Мажмуада хорижий делегациялар ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, қулайликларни кенгайтиришга қаратилган муайян ишлар олиб борилмоқда, қатор янги объектлар қурилмоқда.

Жумладан, марказ ҳудудида умумий майдони 1150 квадрат метр бўлган йирик концерт зали барпо этилмоқда. 100 кишини қабул қила оладиган маданият маскани замонавий акустика ускуналари билан жиҳозланмоқда.

Президент хорижий делегациялар, икки томонлама учрашувлар учун қулайликларни ошириш бўйича тавсиялар берди. Шу ернинг ўзида Самарқанд вилояти ҳокими ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши юзасидан давлат раҳбарига ҳисобот берди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрига ташрифи якунида Ҳазрати Ҳизр мажмуасида бўлиб, биринчи президент Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *