• Чт. Апр 24th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Туркияда намойишлар бўйича 343 киши қўлга олинди – Dunyouzbeklari.Com


Туркияда Истанбул мэри Экрем Имамоғлунинг ҳибсга олинишига қарши норозилик намойишлари бўйича 343 киши қўлга олинди, деб хабар берди мамлакат ички ишлар вазири Али Ерликая.

Намойишлар 19 мартдан бери Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбул ва пойтахт Анқара, шунингдек, Измир, Адана, Анталия, Чанаккале, Эскишеҳир, Конья ва Эдирне шаҳарларида ўтмоқда.

«Ижтимоий тартибни бузишга, эл-юртимиз тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид соладиган, тўполон ва фитна ортидан қувадиган кимсаларга ҳеч қачон йўл берилмайди, уларга мутлақо кўз юмилмайди. Осойишталигимиз ва хавфсизлигимиз гарови бўлган полициячиларимиз кеча-ю кундуз ўз вазифасини сидқидилдан бажармоқда», — дейди вазир.

Мухолифатдаги Республика-халқ партияси (РХП) етакчиси Ўзгур Ўзелнинг таъкидлашича, Истанбулда 300 мингга яқин одам митингга чиққан, деб ёзди РИА Новости.

Истанбулда, гувоҳларнинг сўзларига кўра, полициячилар ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар содир бўлган. Анқарада эса фаоллар, асосан, пойтахт олий ўқув юртлари талабалари темир баррикадаларни бузган.

Истанбул мэри Имамоғлу бир кун аввал ўзининг X саҳифасида Сарачҳане ҳудудидан олинган, тумонат одам акс этган видеони эълон қилди ва «Сарачҳанедан бутун Туркияга салом бўлсин» деб ёзди.

Эрдоған намойишларга муносабат билдирар экан, шундай деди: «Жамоат тартиби бузилишига йўл қўймаймиз. Биз вандализм ёки кўча терроризмига берилмаймиз. Туркия кўчада топилган давлат эмас».

  • 19 март куни эрталаб Туркия полицияси Истанбул мэри, энг йирик мухолифатчи Республика-халқ партияси (РХП) аъзоси Экрем Имамоғлу ва яна 100 га яқин кишини, жумладан, Истанбул маъмуриятининг юқори мартабали ходимларини ҳибсга олди. Шундан бери юз минглаб турклар асосан тинч намойишларда кўчаларга чиқмоқда.
  • Шунингдек, Истанбул университети Имамоғлунинг 1990 йилда Кипр шимолидаги хусусий университетдан унинг бизнес бошқаруви факультетига ўтишида йўл қўйилган қонунбузарликларни сабаб қилиб кўрсатиб, дипломни бекор қилди. Бу кўпчилик томонидан мухолифатчи мэрнинг навбатдаги президентлик пойгасида иштирок этишига тўсқинлик қилиш учун сиёсий сабаб сифатида қабул қилинди. Сабаби қарор Имамоғлуни президентликка номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум қилади — бу лавозимга номзодлар университет дипломига эга бўлиши керак. Имамоғлу навбатдаги сайловда Эрдоған учун потенциал рақиб сифатида кўрилади.
  • Туркиядаги вазият туфайли Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси мамлакат фуқароларини эҳтиёткорликка чақирди. Провокацион постлар жойлаштирмаслик, норозилик намойишлари ва митинглардан узоқроқ бўлиш, одам гавжум жойларга бормаслик шулар жумласидан.
  • Экрем Имамоғлу 2019 йилдан буён Истанбулни бошқариб келмоқда. Биринчи марта Туркия Марказий сайлов комиссияси унинг ғалабасини бекор қилди, аммо такрорий сайловда у янада катта фарқ билан ғалаба қозонди. 2024 йилда Имамоғлу бу лавозимга қайта сайланди.
  • Эртага, 23 март, якшанба куни Республика-халқ партиясининг барча аъзолари президентликка ўз номзодларини кўрсатиши керак.





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *